Донецк аэропортида барча рейслар бекор қилинган

Сурат манбаси, airport.dn.ua

Донецк халқаро аэропорти яна одатий тартибда ишлаётгани хабар қилинди.

6 май эрталаб Украина давлат авиация хизмати қарори билан Донецк аэропортидан парвозлар амалга ошмаслиги ва қабул қилинмаслиги маҳаллий ҳукумат томонидан айтилган эди.

Бунинг сабаблари эълон қилинмаган, бироқ йўловчиларга Украина шарқидаги аксилтеррор амалиётлар билан боғлиқлиги билдирилган.

Донецк аэропорти матбуот хизмати ўз сайтида бу хабарни тасдиқлаган.

Бундан ташқари Донецкда 120 дан ортиқ мактаб ва боғчалар вақтинча ёпилган.

Мамлакат армияси аксилтеррор амалиётлар олиб бораётган Украина шарқида эса вазият ҳамон таранглигича қолмоқда.

Славянскда душанба кунги тўқнашувларда тўрт ҳарбий ва 30 дан ортиқ бўлгинчи ҳалок бўлган. Ҳар иккала томондан ўнлаб жароҳатланганлар бор, деб ёзади муваққат ички ишлар вазири Арсен Аваков Фейсбукда.

Унга кўра, қўлга олинганлар орасида қримликлар, рус ва чечен миллатига мансуб кишилар бор.

Сурат манбаси, AFP

Охирги хабарларга қараганда, маҳаллий жангчилар армиянинг тикучарини нишонга олганлар. Дарёга қулаган тикучардаги ҳарбийлар тирик қолишгани айтилмоқда.

Амалиётлар бошланганидан бери бўлгинчилар яна иккита тикучарни уриб туширган, учувчилар ҳалок бўлишган эди.

Айни пайтда НАТОнинг Оврўподаги расмийси Филип Бридлавнинг айтишича, Россия Украина шарқига кирмасдан ҳам вазиятни бошқариб туриши мумкин.

"Россия армиясининг Украина шарқига кириш эҳтимолини кўрмаяпман. Президент Путин ўзининг кучларини чегарадан киритмай ҳам ўз мақсадларига эришиши мумкин", деб айтган жаноб Бридлав.

Унинг сўзларига кўра, Украинадаги тартибсизликларда Россия махсус хизматларининг қўли бор. Россия ҳукумати Украинада ўзига алоқадор кучлар борлигини рад қилган.

Украина ҳукумати мамлакат шарқидаги амалиётлар давом эттирилишини айтган.

Жаноб Аваковга кўра, Славянскда 800 тача яхши қуролланган жангари жамланган. Славянскдан олинаётган хабарларга кўра, маҳаллий аҳоли озиқ-овқат ғамламоқдалар ва ҳар бир кўчада баррикадаларни кўриш мумкин.

Би-би-си мухбирининг кузатишича, аксарият одамлар россияпараст фаолларни ёқламоқда. Бунга бир томондан ўнлаб инсонларнинг қурбон бўлгани ҳам таъсир қилган айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002