Прокурор қрим татарларига қарши жиноят иши очишни сўради

Сурат манбаси, AP
Қрим прокуратураси Мустафо Жамилевнинг Қримга киришини талаб қилган миллатдошларига қарши жиноят иши очилишини сўраган.
Бу ҳақдаги сўровнинг Россия Тергов қўмитаси ҳамда Федерал Хавфсизлик Хизматига юборилгани маълум қилинган.
YouTube да эълон қилинган видеомурожаатда Қримнинг Москва томонидан тайинланган прокурори Наталья Поклонская қрим татарлари шанба куни ўтказган норозилик амалиётини "эктремистик характердаги ноқонуний оммавий норозилик амали" деб атаган.
Унинг сўзларига кўра, қрим татарларининг чиқиши чоғида "йўлларни тўсиб қўйиш ва Россия Федерациясининг давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш" сингари жиноий ҳаракатлар кузатилган.
Россия Тергов Қўмитаси ва ФХХ ҳозиргача Қрим прокурорининг баёноти юзасидан шарҳ бермаган.
Миллий раҳбар
Жума куни Киевдан учган қрим татарлари раҳбари Жамилевнинг Москва орқали Симферополга учишига рухсат берилмаган.
Шанба куни Мустафо Жамилев ярим орол шимолидаги Армянск шаҳри орқали Қримга автомобилда киришга уринган.
Уни кутиб олиш учун 5 мингга яқин қрим татарлари келишган.
Аммо Жамилевга яна бир марта киришга рухсат этилмаган.
Шундан сўнг қрим татарлари билан чегарачилар орасида унча катта бўлмаган тўқнашув юз берган.
Қрим татарлари Россия ўрнатган ҳарбий кордонни бузиб ўтганлар.
Улар ўзларининг тан олинган раҳбарлари бўлган Мустафо Жамилевни қўллаб-қувватловчи шиорларни айтиб ҳайқирганлар.
Россия чегарачилари Қримга кириш ҳудудини ҳарбий техника билан ўраб олган, натижада кўпчиликнинг Украина томонида қолиб кетгани айтилади.
Қрим татарларининг Миллий Мажлиси, шунингдек, Украина ва Туркия ҳукуматлари Мустафо Жамилевнинг Қримга қўйилмаганини қоралашган.
Жамилевнинг сўзларига кўра,Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон унинг Қримга кириши масаласини Президент Путин билан "тинч йўл билан" ҳал қилишга ваъда берган.
Қрим татарларининг ватанларидан бадарға қилинишини ўз бошидан кечирган Мустафо Жамилев миллатдошларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун 17 йил умрини совет қамоқхоналарида ўтказган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002.












