Россия: Сочида хавфсизлик чоралари кучайтирилди

7 январдан бошлаб Сочига кирувчи барча автомобиллар махсус рухсатномага эга бўлишлари керак
Сурат тагсўзи, 7 январдан бошлаб Сочига кирувчи барча автомобиллар махсус рухсатномага эга бўлишлари керак

Қора Денгиз бўйидаги Сочи оромгоҳида қишки Олимпиада ўйинларининг бошланишига роппа-роса бир ой қоларкан мисли кўрилмаган хавфизлик чоралари татбиқ этилмоқда.

Президент фармонига мувофиқ, Олимпиада тугагунига қадар махсус рухсатномасиз кириш имонсиз бўлган тақиқланган зона барпо этилади.

Ушбу зона Карачаево-Черкесоводан тортиб Гуржистондан ажралиб чиққан Абхазия минтақасига қадар бўлган ҳудудларни ўз ичига олади.

Шунингдек айни зона ичкарисида фақат полиция текширувидан сўнгра ўтиш мумкин бўлган назорат ҳудудлари ҳам барпо этилади.

Сочига кириш ва чиқишни Россия ҳуқуқ тартибот органларининг 30 минг нафардан ортиқроқ ходимлари назорат қилиб боради.

Ярим йил муқаддам ўзини "Қафқоз Амирлиги" лидери дея эълон қилган Доку Умаров Россия ҳудудида бўлган ўз тарафдорларини 2014 йилда Сочида Олимпиада ўйинларини ўтказишга изн бермасликка чақирган эди.

Тақиқланган зона

Сешанба кунидан бошлаб Сочи шаҳрига бошқа минтақалардан келган автомобиллар киритилмайди.

Олимпиада хизматида бўлувчи ички идораларга қарашли ҳамда зарурий аккредитацияга эга бўлган автомобилларгина бундай тақиқдан мустаснодир.

Сочи шаҳрида қайддан ўтмаган нақлиёт воситаси махсус аккредитацияга эга бўлган тақдирдагина шаҳарга кира олади.

Бошқа минтақаларда рўйхатдан ўтган автомобилларда шаҳарга киришга уриниш жарима билан жазолаанади.

Сочи шаҳрига кириш тақиқи 21 мартга қадар давом этади.

Сочи Қишки Олимпиадаси хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган Россия Фавқулодда Вазиятлар вазирлиги бўлинмалари 7 январдан бошлаб ҳарбий навбатчиликни йўлга қўйдилар, дея хабар берган Россия Фавқулодда Вазиятлар вазири Владимир Пучков.

Хавфсизлик чоралари кучайтирилиши ортидан Сочи шаҳрининг кўплаб яшовчилари уларнинг ҳаракатланиш ҳуқуқлари поймол этилиши мумкинлигидан хавотир изҳор этмоқдалар.