Доғистонда Сочи Олимпиадаси олди шубҳали кишилардан ДНК олинмоқда

Рейтер агентлиги хабар беришича, Доғистонда худкуш ҳужум содир қилиши мумкин бўлган шахслар, жумладан радикал салафизм оқими аъзолари ДНК учун ташҳис, ҳатто сўлакларидан намуна топширишга мажбурланмоқда.

Ҳукуматга кўра, салафистлар орасида жиноят содир этишига ишониладиган бўлажак "террорист-худкуш"чилар бор.

Россия махсус хизматлари Сочи Қишки Олимпиада Ўйинлари яқинлашар экан, бу чораларни терроризмга қарши кураш амалиётлари доирасида ўтказиш муҳимлигини айтади.

Олиб борилаётган текширувлар ҳақида Шимолий Қовқоз ҳуқуқ-тартибот идоралари изоҳ беришни ҳохламаган.

Рейтер агентлиги манбаларига кўра, бу амалиёт йирик спорт мусобақаси пайти ўзини портлатмоқчи бўлган худкушчиларнинг шахсини аниқлашга қаратилган эҳтиёт чораларидир.

Мухбирларнинг фикрига қараганда, ушбу ҳаракат Президент Путиннинг Доғистондаги жиноий тўдаларнинг фаолиятига жиддий шуғулланиш лозимлигини уқтириши билан бир вақтга тўғри келди.

Доғистонда содир бўлаётган ўзгаришлар 21 октябрда худкуш ҳужумчи Волгоградда ўзини портлатиб юбориши натижасида олти киши ҳалок бўлишига боғлиқ кўрилмоқда.

Наида Асиялова исмли худкуш аёл охирги пайтларда Доғистонда салафизм билан қизғин шуғуллангани хабар қилинади.

Июл ойида жангарилар раҳбари Доку Умаровнинг мурожаати чиққан, у ўз тарафдорларини Сочи Ўйинларига халақит беришга чақирган эди.

Доғистонликларнинг хавотири

Охирги пайтлардаги вазиятдан хавотирга тушган кўпгина доғистонликлар зарур нарсаларини йиғиб юртларини ташлаб чиқишмоқда.

Салафизм тарафдори бўлган Албина Магомедова Махачқалъадаги уйидан Туркияга кетишга мажбур бўлган.

Унинг сўзларига кўра, отаси қуролли кишилар томонидан ўғирланиб олиб кетилган, эри ҳибсга олинган. Амакибаччаси 2010 йилги Москва метроси портлашида айбланиб хавфсизлик ходимлари томонидан ўлдирилган.

Албинанинг айтишича, Аллоҳ рухсат берганида унинг ўзи ҳам қўлига қурол олиб яқинлари учун курашган бўлар эди.

Рейтер сўров ўтказган бошқа яна саккиз аёл оталари, акалари ва ўғиллари қони учун қўлларига қурол олишга динлари рухсат беришини айтишган.

Шундай экан, Россия ҳукуматининг хавотирлари бежизга эмас, дейди Рейтер мухбири.

Хавфсизлик кучлари ўз навбатида доғистонлик жангариларнинг яқинларига тегишли уйларни портлатиб юборишган.

Доғистонлик аёлларнинг сўзлашича, ҳукуматнинг бу каби ҳаракати маҳаллий аҳолини радикал исломга янада яқинлаштиради. Улар бор нажотни ҳукуматдан эмас, унга қарши курашда кўришади.

Маликат Абакарова хавфсизлик кучлари томонидан ўз қизи билан бирга уч нафар ёш-ёш қизлар "уйидан "шаҳидлик белбоғи" топилгани" айби билан қамоққа ташланганини гапириб беради.

Аёл қизларнинг айбдор эмаслигини, уларга атайлаб бундай нарсалар ташлаб қўйилганини айтади.

Доғистон бош вазири ўринбосари Рамазон Жафаровнинг фикри доғистонлик аёлларники билан тўғри келмайди. Унинг таъкидлашича, Доғистонда "бундай монстрлар билан курашишнинг бошқа йўли қолмаган. Ҳукумат олдида Доғистонда тинч ва нормал вазиятни барқарорлаштириш турибди".

Россия ҳукумати Қишки Ўйинлар пайти хавфсизликни таъминлаш мақсадида иккита учувчисиз учоқ ажратилгани, шунингдек ҳамма жойга видеокамералар ўрнатилганини билдирган.