Волгограддаги портлашлар Сочи Олимпиадасига боғлиқми?

Би-би-си суҳбатлашган таҳлилчилар Волгограддаги кетма-кет теракт ҳодисалар яқинлашаётган Сочи Қишки ўйинларига боғлиқлигини инкор этишмаган.

"Афсуски, биз энг ёмон сценарийни ҳам назардан қочирмаслигимиз керак: айнан Волгограддаги ҳужумларнинг мақсади эътиборни чалғитиш бўлиши мумкин",- деб айтган agentura.ru интернет порталининг бош муҳаррири Андрей Солдатов.

Шунингдек, "Кавказский узел" ахборот-таҳлилий сайтининг раҳбари Григорий Шведов ҳам ҳужумлар орқасида "Қовқоз Амирлиги" ташкилотининг етакчиси Доку Умаров турганлигига шубҳа қилмаслигини айтмоқда.

Июл ойида интернетда чиққан видеолавҳада чечен жангариларининг бошлиғи Доку Умаров Сочи Олимпиадасини ўтказмасликка чақириғи чиққан эди.

Доку Умаров мурожаатидан сўнг Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров уни "ўлик инсон"га ўхшатиб, таҳдидлари асоссизлигини таъкидлаган.

Кибер уруш

Волгограддаги портлашдан бир неча кун олдин эса, YouTube видео тармоғида чиққан лавҳада Шимолий Қовқоз исёнчиларига ишлайдиган хакерлар Россия ҳукумати ва Сочи Олимпиадасининг "барча тарафдорлари"га қарши кенг миқёсдаги кибер уруш бошланишини ваъда қилганлар.

Ўзини "Anonymous Кавказ" деб атайдиган "Қовқоз амирлиги"нинг электрон портали курашни 150 йил олдин геноциддан азоб чеккан "черкеслар ерида" ўтказишини маълум қилади.

"Биз Россия ҳукуматига қарши йирик киберуруш бошлаймиз. Сиз ҳали жавоб берасиз", дейилади мурожаатда.

Қурбонлар

Айни пайтда Россия минтақалараро соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар беришича, Волгограддаги 29 ва 30 декабрларда содир этилган портлашларда ҳалок бўлганлар сони 34 тага етган.

Троллейбусда яраланган икки киши касалхонада вафот этган. Оғир аҳволдаги 15 киши Москвага олиб кетилган. Яраланганларнинг сони юздан ошиқ.

Айтилишича, ҳалок бўлганлар орасида икки Тожикистон фуқароси ҳам бор. Президент Имомали Раҳмон уларнинг оиласига ёрдам берилади деган.

Шаҳарнинг ҳамма нуқталарида, айниқса марказий қисмида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Волгоград вилояти терроризмга қарши комиссияси йиғилишида террористик хатар юқорилиги қайд этилган.

Би-би-си мухбирига кўра, савдо марказларида одамларни текшириб ўтказилаётгани боис, оломон пайдо бўлган.

Қатор мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар расмий Москвага таъзия билдирганлар.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун халқаро ҳамжамиятни терроризмга қарши биргаликда курашишга чақирган.

Британия Бош вазири Девид Камерон Волгоград воқеалари бўйича кўмак беришга тайёрлигини айтган.

Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах Владимир Путинга мурожаатида охирги воқеаларга қарамасдан Сочи Олимпиадаси хавфсиз ўтишига ишонч билдирган.