"Ҳакимуллоҳ Маҳсуднинг ўлдирилиши тинчлик музокараларини йўққа чиқаради"

Ўтган ой Афғонистон яқинидаги қавм ҳудудидан ББСга интервю берганди "Қўрқманг, бир кун ҳаммамиз ўламиз", деганди у хотиржамлик билан.
Сурат тагсўзи, Ўтган ой Афғонистон яқинидаги қавм ҳудудидан ББСга интервю берганди "Қўрқманг, бир кун ҳаммамиз ўламиз", деганди у хотиржамлик билан.

АҚШнинг учувчисиз учоқ ҳужуми натижасида жума куни Покистон Толибони етакчиси Ҳакимуллоҳ Маҳсуд ҳалок бўлган.

Покистон оммавий ахборот воситалари Ҳакимуллоҳ Маҳсуд Шимолий Вазиристондаги номаълум жойга дафн этилганини ёзган.

Маҳсуднинг ўлимини изоҳламаган Покистон ҳукумати дрон ҳужумлари мамлакат мустақиллигига дахл қилиш эканлигини айтиб кескин қоралаган.

Ҳакимуллоҳ Махсуднинг ўлдирилиши Покистон расмийлари Толибон билан музокаралар учун Шимолий Вазиристонга делегация юбормоқчи эканини эълон қилган кунда рўй берган.

Ички Ишлар вазирининг айтишича, Маҳсуд ўлимига сабаб бўлган ҳужум жангарилар билан тинч музокаралар уюштиришни чиппакка чиқарган.

Вазирга кўра, Покистон ҳукумати ҳайъати Шимолий Вазиристонга Толибон раҳбарияти билан мулоқот қилиш учун эндигина йўлга отланган бўлган.

Толибоннинг янги раҳбари йирик қўмондонлардан бири Сажна Хон бўлиши айтилмоқда.

Толибон вакилининг Би-би-сига тасдиқлашича, Ҳакимуллоҳ Маҳсуд дохил тўрт киши, жумладан икки танқўриқчиси ўтирган автомашинага тўрт ракета келиб тушиши натижасида ҳалок бўлишган.

АҚШ миллий хавфсизлик қўмитаси вакили Кетлин Хайден ҳужумга Қўшма Штатларнинг иштирокини изоҳламаган, бироқ Маҳсуднинг ўлими ҳақидаги хабар аниқ бўлса, бу жангарилар учун катта йўқотиш эканлигини таъкидлаган.

Бундан олдин бир неча марта Толибон раҳбарининг ўлими ҳақидаги хабарлар тасдиғини топмаган эди.

Покистоннинг сиёсий етакчилари АҚШнинг ҳужумидан ғазабга келганлар. Улар НАТОнинг Афғонистонга таъминот йўлини тўсиш чақириқлари билан чиққанлар.

Бутун мамлакат бўйлаб хафсизлик чоралари кучайтирилган.Толибон олдинги раҳбарлари ўлдирилганда ҳужумлар билан жавоб қайтарган.

Ҳакимуллоҳ Маҳсуд қандай шахс эди?

Минглаб мардумнинг ўлимига масъул кўрилган Ҳакимуллоҳ Маҳсуд ҳаракатнинг энг қудратли қўмондонларидан бири эди.

Америка Федерол Қидирув идораси эса, унинг боши учун 5 миллион доллар мукофот пули тикканди.

Айрим хабарларга кўра, Маҳсуднинг жасади Шимолий Вазиристонда дафн этилган

Асли исми Зулфиқор бўлган, Ҳакимуллоҳ унинг тахаллуси эди. Ҳангу туманидаги қишлоқ мадрасаларидан бири таълим олган.

Ўша пайтда яна бир мадраса толиби Байтуллоҳ Маҳсуд эди, аммо кейинроқ у мактабни ташлаб кетганди.

Бироз вақт ўтиб, Ҳакимуллоҳ Маҳсуд жиҳодчи қавмдошлари сафига қўшилади. Аввалига ўзидан каттароқ жангарига тан қўриқчи, сўнг ёрдамчи бўлади.

Байтуллоҳ Маҳсуднинг Покистондаги толибларни бир гуруҳга жамлаш ғояси ёш ва талантли дўстига янги имкониятлар очганди.

Ҳакимуллоҳ Маҳсуд Хайбар қавм ҳудуди ва Пешоварда НАТО ҳарбий карвонларига қарши кампания ташкилотчиси бўлади. Кейин Толибоннинг Хайбар, Хуррам ва Ўракзайдаги қўмондони этиб тайинланганди.

2007 йил 300 нафар Покистон аскарини асирга олган пайти у 28 ёшда эди. Бунинг ортидан қатор мартабали Толибон жангариларини озод қилишга эришилган ва айни ҳодиса Ҳакимуллоҳнинг ўз сафдошлари орасида нуфузини ошириб юборганди.

2010 йил январида Байтуллоҳ Маҳсуд учун ўч олаётганини айтиб, Афғонистондаги Марказий Жосуслик Хизмати 7 нафар зобитини ўлдирган иорданиялик худкуш ҳужумчи билан ёнма-ён видеода пайдо бўлиши уни янада ёмонотлиқ қилганди.

2009 йил августида Америка дрон ҳужуми Байтуллоҳ Маҳсудни ҳалок этаркан, унинг ўрнини Ҳакимуллоҳ Маҳсуд эгаллаганди.

Қавм ҳудудларидаги қароргоҳидан Ҳакимиллоҳ Покистон шимоли-ғарбидаги 30дан ортиқ жангари гуруҳни назорат қилган.

Ҳакимиллоҳ Толибон орасида катта ҳурматга эга шахс бўлган. Қавм оқсоқоллари билан қарийб ҳар куни йиғин ўтказган, ҳужумлар қаерларда рўй беришини айтиб турган.

Уни бўй-басти келишган, аммо тажоввузкор шахс сифатида таърифлашарди. 2007-2008 йиллар Ҳакимуллоҳ Маҳсуд билан учрашган Би-би-си мухбирлари ҳам уни довюрак, шиддатли, ёқимли жилмайиб турувчи, аммо доим хатар таратувчи навқирон йигит сифатида эслашади.

Ҳакимуллоҳ Маҳсуд Толибон орасида жанг қилиш маҳорати, Калашников ва Тойотани моҳирона бошқара билиши билан шуҳрат қозонганди.

У ҳам Покистон Толибонининг ўзидан олдинги қўмондонлари Нек Муҳаммад ва Байтуллоҳ Маҳсуд каби фақат Афғонистон билан чегара ҳудудлар эмас, балки бутун Покистон бўйлаб Шариат қонунлари жорий этилмагунга қадар жанг қилишда давом этишини айтганди.

Ҳакимуллоҳ Маҳсуд ҳеч қачон матбуотдан ўзини тортмаган. Ўтган ойгина Афғонистон яқинидаги қавм ҳудудидан Би-би-сига интервю берганди

Ўшанда хотиржамлик билан: "Қўрқманг, бир кун ҳаммамиз ўламиз", деганди.