Покистон Толибон асосчиларидан бирини озод қилган

Покистон расмийларининг айтишларича, Афғон Толибони ҳаракатининг асосчиларидан бири Мулло Абдул Ғани Биродар Покистон қамоқхонасидан озод қилинган.

Бу хабарни Покистон ҳукумати расман тасдиқлагани йўқ.

Унинг озодликка чиқарилишини Афғонистон ҳукумати талаб қилиб келаётган ва Мулло Абдул Ғани Биродарнинг озод этилиши Афғонистондаги тинчлик жараёнида кўмаклашади деб умид қилиб келади.

Мулло Абдул Ғани Биродар 1994 йилда Афғонистонда Толибон ҳаракатини ташкил қилган тўрт кишидан бири бўлган.

У 2001 йилда АҚШ етакчилигидаги қўшинлар Афғонистонга киритилиб, Толибон ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин ҳаракатнинг асосий раҳбарларидан бирига айланган.

Мулло Абдул Ғани Биродар 2010 йилда Покистоннинг Карочи шаҳрида ҳибсга олинган эди.

Мулло Биродар қўйиб юборилгани ҳақидаги хабарни Покистон Ички ишлар вазирлиги мулозимлари айтганлар.

Бироқ Ташқи ишлар вазирлиги бу хабарларни рад этган.

Афғонистон Толибони ҳам ҳозирча Мулло Биродарнинг озодликка чиқарилгани ҳақидаги хабарни тасдиқламаслигини айтган.

Кобулдаги "Франс Пресс" ахборот агентлигига Толибон ҳаракати воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид, "биз унинг озод этилгани ҳақида расмий тасдиқ олганимиз йўқ", деб айтган.

Энди Мулло Биродарнинг қаерга бориши маълум эмас.

Ҳойнаҳой у учинчи мамлакат, эҳтимол Бирлашган Араб Амирликларига йўл олиши мумкин.

Жаноб Биродар Толибон ҳокимияти қудратдан ағдарилгунича бир неча юқори лавозимдаги мулозимларда ишлаган.

2001 йилда Покистонга қочиб ўтишга мажбур бўлган ва бир неча йил мобайнида Толибоннинг ҳарбий қўмондони вазифасида бўлган.

Хабарларга кўра, Мулло Биродар АҚШнинг Марказий Истиҳборот Агентлиги ва Покистон жосусларининг махфий амалиёти натижасида қўлга олинган.

Би-би-сининг Исломободдаги мухбири Алим Мақбулнинг айтишича, Толибон асосчиларидан бири ҳамда Афғон исёнкорлик ҳаракатининг етакчиларидан бири бўлган шахснинг озодликка чиқарилиши Кобул ҳукумати ва АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция учун акс натижа берадиган ҳаракат бўлиши мумкин. Аммо Мулло Биродар музокараларга тайёрлигини билдириб келган Толибоннинг раҳбарларидан бири ҳисобланиб келинган.

Афғон дипломатлари, Покистон Толибон ичидаги мулоқотни истамайдиган унсурларни дастаклаш билан ярашиш жараёнига халақит беришга интилаяпти, деб келадилар.

Бугунги Толибон 12 йил олдинги яхлит тизим эмас

Шу йилнинг июн ойида Қатар пойтахти Дохада Толибон ўзининг сиёсий идорасини очган, лекин бу бино юқорисида кўтарилган байроқ ва ёзилган ёзувларидан Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай шикоят қилиб, Толибон худди муҳожиротдаги ҳукуматдек тақдим этилаяпти, деган эди.

Ўшандан буён АҚШ, Британия ва Туркия мулоқотларни қайта бошлашда воситачилик қилишга уриниб кўрдилар.

Президент Карзай Толибон раҳбариятига мурожаат қилиб, Афғонистонга қайтишга ва очиқчасига музокара олиб боришга чақирган.

Бироқ у хавфсизлик кафолатини бермаган.

Би-би-си мухбири Девид Лойннинг ёзишича, авваламбор, Толибон билан тинчлик битимига эришиш қийин.

Бу битим қўлга киритилганидан кейин ҳам уни ҳаётга татбиқ қилиш мушкул бўлади.

Бугунги кунга келиб Толибонга 12 йил олдингидек яхлит бир тизим деб қараб бўлмайди.

Ҳаракат ичидаги исёнчиларнинг ёш авлоди, хусусан Ҳаққоний тармоғида жанг қилаётганлар қўлларидаги қуролларини ташлашни истамасликлари мумкин.

Толибон ҳаракатининг Мулло Заифдек айрим раҳбарлари Кобулда эмин-эркин яшашни ихтиёр этган.

Бунинг эвазига Мулло Заиф уйига ҳужумлар уюштирилган.

Толибон билан ярашиш борасида бугунги Афғонистондаги хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам хавотир билдиришади, улар Толибон билан тинчлик битими аёлларни қатор ҳуқуқларидан маҳрум қилади, дейишади.