АҚШ ҳарбий кучлари Толибон катта қўмондонини қўлга олган

 Толибон қўмондони Латиф Маҳсуд Афғонистонда қўлга олинган.

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, Толибон қўмондони Латиф Маҳсуд Афғонистонда қўлга олинган.

АҚШ ҳарбий амалиёт тафсилотларини ошкор қилмаган. Бироқ афғон расмийларига кўра, Латиф Маҳсуд шарқий Афғонистонда ушланиб, Кобул яқинидаги Багром базасига олиб кетилган.

Хабар қилинишича, Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай қўлга олиш амалиётидан дарғазаб бўлган. Афғон расмийлари Толибон билан тинч музокаралардан умид қилинаётган пайт бундай амалиётлар хатолигини айтишган.

Америка Латиф Маҳсудни "хавфли террорчи" деб билади.

Давлат департаменти матбуот воизи Мари Нарфга кўра, Латиф Маҳсуд Покистон толибларининг етакчиси Ҳакимулло Маҳсуднинг яқин ишончли одами бўлган.

Покистон ҳукумати билан можаролар натижасида гуруҳ томонидан минглаб одамлар ўлдирилган.

Латиф Маҳсуд бошчилигида кучлар 2010 йилда Нью Йоркнинг Таймс майдонидаги портлашга, шунингдек Покистондаги Америка дипломатлари ва кўплаб покистонликларга ҳужум қилишда алоқадор кўрилади.

Улар Америка ҳудудига яна ҳужум қилишга ваъда берган, дейди Давлат департаментидан Нарф хоним.

Афғон расмийлари Латиф Маҳсуд билан ўтган ҳафтада шарқий Лоғар вилоятида музокаралар бошлашганини айтишади.

Покистон Толибонига кўра, учрашув покистон-афғон чегарасидаги Хост вилоятида бўлиб ўтган.

Латиф Маҳсуд афғон махсус хизмат офицерлари билан маҳбусларни алмаштиришни муҳокама қилгани келган.

Ҳомид Карзайнинг матбуот воизи Аймал Файзи "Вашингтон Пост" газетига берган интервьюсида "Америкаликлар уни мажбуран ушлаб, Багромга олиб кетишди", деб айтган.

Жаноб Файзининг билдиришича, Латиф Маҳмуд билан кўп ойлик музокаралардан сўнг учрашишга келишилган эди.

Баъзи маълумотларга биноан, Америка Давлат котиби Жон Керри ташрифи борасида гаплашаётган жаноб Карзай Америка амалиётидан ғазабга келган.

Латиф Махсуд Покистон толибларининг етакчиси Ҳакимулло Махсуднинг яқин ишончли одами бўлган.

Сурат манбаси, Getty

Сурат тагсўзи, Латиф Махсуд Покистон толибларининг етакчиси Ҳакимулло Махсуднинг яқин ишончли одами бўлган.

Ўз вазифасини ҳайдовчиликдан бошлаган Латиф Маҳсуд тез орада бошлиқларининг ишончини қозонган ва лавозими кўтарилган.

У яқинда Ҳакимулло Маҳсуднинг ўнг қўлига айланган, асосий музокараларда қўмондоннинг вакили сифатида иштирок эта бошлайди.

Шу ҳафтада Ҳакимулло Махсуд Покистон ҳукумати билан жиддий музокараларга очиқ эканини Би-би-сига билдирганди.

Ўзининг кам сонли интервьюсида жаноб Маҳсуд охирги пайтда жамоат жойларида содир этилган ҳужумларга алоқасини рад этиб, уларнинг ҳаракати аввалгидек Америка ва унинг дўстларига қаратилганини таъкидлаганди.

Ҳакимулло Маҳсуд айни пайтда Покистонда 30дан ортиқ жангари гуруҳларга бошчилик қилиши айтилади.

Навоз Шариф Покистон Бош вазири этиб сайлангач, Толибон билан музокараларни бошлашини маълум қилди.

Покистон билан бир қаторда Афғонистон ҳам толиблар билан тинчлик музокаралари ўтказиш режасини айтди ва вазиятни юмшатиш мақсадида қамоқдаги баъзи толиблар озод қилинди.

Американинг июн ойида Афғонистонни четлаб толиблар билан музокаралар ўтказишга уриниши ва Қатарда толибларнинг офиси очилиши ҳам президент Ҳамид Карзайнинг ғазабини қўзғаган эди.