Қозоқ мужоҳидлари оилалари билан Сурияга жиҳодга кетган

Қозоқ мужоҳидлари ўзлари билан Сурияга олиб кетган ёш болаларини ҳам жиҳодга ундашмоқда
Сурат тагсўзи, Қозоқ мужоҳидлари ўзлари билан Сурияга олиб кетган ёш болаларини ҳам жиҳодга ундашмоқда
    • Author, Шодиёр Сайф
    • Role, Би-би-си, Олма-ота

7 ёш атрофидаги қозоқ болакай ватанида эмас, балки бир неча минг чақирим олисда, уруш кечаётган Сурия шаҳарларининг биридан туриб шеър ўқийди:

"Мана замон ўзгарди, Отланажак кез келди. Дилда иймон уйғонди, Найза қонга бўялди".

15 октябр куни youtube.com порталига қўйилган видео арабча сўзлар билан "Суриядаги 150 қозоғистонлик жиҳодчи" дея номланади.

Унда оиласи билан Сурияга ҳижрат қилган қозоқ оилалари акс эттирилади. Тасвирларда турли ёшдаги кичик ўғил ва қизларни кўриш мумкин. Болалар Қуръон тиловат қилади ва исломий шеърлар айтади. Уларнинг сони тахминан 20-30 нафарни ташкил қилишини кўриш мумкин. Болакайларнинг жисмоний машқ қилаётган ҳолат ҳам кўрсатилган.

Кейин тасвирда 5 нафар эркак пайдо бўлади. Уларнинг ичида соқол ва мўйлов ўстирмаган йигит қозоқ тилида гапиради.

"Қуръонда жиҳод тўғрисида кўп оят ва кўп ҳадислар келади. Алҳамдулиллаҳ, Шомга Аллоҳнинг неъмати ва меҳрибонлиги билан жиҳод қилишга келдик. Худога шукр, биродарларимиз кўп. Мана шу йўлда шаҳид бўлгимиз келади. Жаннатни ва Аллоҳнинг юзини хоҳлаймиз, иншаАллоҳ", - дейди у.

Қолган эркаклар ҳам жиҳоднинг афзаллиги ва шаҳид бўлиш ниятида Сурияга келгани ҳақида гапиради. Улар Аллоҳнинг фарзини ўринлатиш учун жони ва молини тикканини айтишаркан, жанг қилиш учун қурол билан келганини айтиб қўлидаги автоматни кўз кўз қилишади.

Видеода шаҳарда бомба портлаши ва ортидан "Аллоҳу акбар" деган такбир ҳамда қозоқ тилида "Аллоҳ баракамизни бер" деган ҳайқириқлар бор.

Жезқазғанлик мужоҳид оилалар

Видео 21 октябр куни youtube.com портали томонидан олиб ташланди. Аммо у ҳақдаги хабарлар Қозоғистондаги ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларига тарқаб улгурди. Ҳодиса кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Фойдаланувчилар бир қисми ушбу ҳаракатларни қораласа, ҳижрат қилган қозоғистонликларнинг ёнини олувчи тоифа ҳам топилади.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ушбу видеодан хабари борлигини ва айни дамда ундаги маълумотлар ўрганилаётганини билдирди. Қўмита матбуот хизмати бу борада тез кунларда изоҳ берилишини айтди.

Қозоғистон мусулмонлар иттифоқи президенти Мурат Телибеков қозоғистонликларнинг Сурияга жангга кетгани борасида хабар аноним тарзда иттифоққа бундан бир ой олдин келиб тушганини айтди. Хабарда 50 нафар жезқазғанлик қозоқнинг оила ва бола-чақаси билан Сурияга кетгани айтилган.

"Улар асосан чегарани кесиб ўтиш осон бўлган Миср ва Туркия орқали кетишади. Ушбу манбаларнинг таъкидлашича, ота оналарининг эътирози ва уларни ушлаб қолиш ҳақидаги илтимосига қарамасдан маҳаллий ҳокимият жиҳодчиларни тўхтатишга ҳаракат қилмаган", - дейди Мурат Телибеков.

Телибеков жаноблари қозоғистонликларнинг иссиқ уйини ташлаб жанг майдонларига оилавий ҳижрат қилишини мамлакатда мавжуд муаммолар мажмуаси билан боғлайди.

- Куч қувватга тўлган ёшлар коррупцияга ботган жамиятда ҳеч қандай истиқболни кўришмайди. Ижтимоий таназзул ва ўзини кашв қилишга имконият йўқлиги уларони мана шундай йўлларга киришга мажбур этмоқда.

Мутахассисга кўра бундан ташқари мамлакатда фаолият юритаётган жиҳодга ташвиқотчилар ҳам ёшларнинг бу каби йўлларга кириб кетишига асосий сабаблардан бўлмоқда.

Исмини ошкор қилишни истамаган Қозоғистон Мусулмон диний идораси ходими жиҳодга жалб қилиш ва бунга ҳисса қўшиш фақат Қозоғистонда кузатилаётган ҳодиса эмаслигини айтади. Унга кўра ёшлар жиҳодга иқтисодий қийналганидан кириб кетаётгани йўқ.

"Бу ерда ҳечқандай иқтисодий қийинчилик йўқ. Бундай ҳолат ўтган асрда ҳам бўлган. Революция қандай бўлди. Ўша вақти ёшлар буни қўллаб қурбон бўлишди. Ҳудди шу каби бугунги пайтда ҳам баъзи бир сиёсий кучлар ўзига ўзи жавоб беролмайдиган, фикрни тарозига солиб ўлчай олмайдиган ёшларни ғоясига илинтирмоқда", - дейди диний идора ходими.

Суриядаги жангларда мухолифат сафида жанг қилаётган қирғизистонлик ва тожикистонлик фуқароларнинг борлиги ҳақида расман айтилганди.

Мустақил манбаалар жангларда ўзбекистонликлар ҳам борлигини даъво қилган. Қозоғистонликларнинг урушда иштирок этаётгани борасида ҳозирча расман хабар қилинмаган.