Қирғиз ёшлари Суриядаги жиҳодга ёлланганидан хавотир бор

Сурияда минглаб хорижий жангчилар Ассад тузумига қарши курашга ёлланганлар
Сурат тагсўзи, Сурияда минглаб хорижий жангчилар Ассад тузумига қарши курашга ёлланганлар

Қирғизистон дин ишлари қўмитаси айрим масжидларда қирғиз фуқаролари Суриядаги ҳарбий ҳаракатларга ёлланаётгани ҳақидаги хабарларни текшираётганини маълум қилган ва масжидлар текширувини бошлаган.

Аввалроқ Боткен вилоятидан 15 нафар ўсмир ва ўрта ёшдаги эркакларнинг айни мақсадда Туркияга олиб кетилгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар пайдо бўлган эди.

Қирғиз парламенти депутати Дастан Жумабеков Аравондаги масжидда ёшларни ёллаш ишлари олиб борилганини даъво қилган.

"Барча йигитлар Ўш вилоятидаги Аравон тумани яшовчилари. Уларни шундоқ масжиднинг ўзида ёллашган. Менга буни қишлоқ аҳли айтиб берди. Ҳозир бир неча депутат вазиятни ўрганиш учун у ерга йўл олишди. Маълумотни Қирғизистон хавфсизлик кучларига топширдик," - деб айтган жаноб Жумабеков.

Бугун эса Аравон туман ҳокими ушбу даъволарни рад этган. Айни пайтда жойларда масжидларни текшириш ишлари бошлангани ҳақида хабарлар келмоқда.

Интерфакснинг қирғиз ҳуқуқ-тартибот идораларидан иқтибос келтириб хабар қилишича, Сурияга кетганларнинг барчаси Исломнинг бир оқимига тегишли бўлганлар, бироқ қайси оқим экани ҳали номаълум.

Уларнинг ота-оналари ўғилларини қайтаришда ёрдам сўраб парламент аъзоларига мурожаат қилганлар.

Депутат Омурбек Бакиров 16 апрелда йигитларни қайтариш илинжида Истамбулга учган. Унга икки она ҳам ҳамроҳлик қилмоқда.

Хабарларга кўра, ўсмирлардан бири ота-онасига қўнғироқ қилиб, унга Россияга олиб кетилиши ваъда қилингани, аммо Туркияга келиб қолганини айтган.

Ўсмир энди унинг ва шерикларини жиҳод учун Сурияга юборишга тайёрланишаётганини билдирган.