Россия тергови: Зейналов қотилликка "иқрор бўлди"

Москванинг Бирюлево туманида 25 ёшли рус йигитни пичоқлаб ўлдиришда гумон қилинган Озарбайжон фуқароси Ўрхан Зейналов, Россия тергов қўмитасига кўра, "айбига иқрор бўлган".
"Сўроқ қилиниш жараёнида Зейналов қотиллик борасида кўрсатма берди ва Егор Щербаковни Востряковский проездида 9 октябрдан 10 октябрга ўтар кечаси пичоқлаганини тан олди," - деб айтди Тергов қўмитасининг воизи Владимир Маркин.
Тергов қўмитасига кўра, Зейналов 10 йилдан бери Россияда яшаб келган ва аввал бир марта судланган - 2011 йилда Москва туман маҳкамаси уни йўл қоидаларини бузганликда айбдор деб топиб 1 йилга қамаган ва уч йилга машина ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилган.
Зейналов устидан маҳкама 17 октябрда Москванинг Пресненский туман судида бўлиб ўтиши кутилади.
Ғарбий Бирюлеводаги қотиллик ўтган дам олиш кунларида у ерда оммавий тартибсизликлар келиб чиқишига сабаб бўлган. Муҳожирлардан ғазабланган тўда "Бирюза" савдо марказига бостириб кирган, ва кейинроқ полиция билан тўқнашган.
Ўрхан Зейналов сешанба куни Егор Щербаков ўлимида энг бош гумондор дея эълон қилинган. Бир неча соат ўтиб уни Москва остидаги Коломна туманида ҳибсга олиб пойтахтга йўллаганлар.
Зейналовнинг қўлга олиниши, қаршилик кўрсатмагани ва қўли кишанланганига қарамай уриб-тепилиши ва Москвага учириб келиниши, ҳамда Ички ишлар вазири Владимир Колокольцевга ўлжа тарзида тақдим этилиши намоён бўлган кадрлар Россиянинг барча асосий телеканалларида намойиш қилинган.
Тергов қўмитаси Зейналов қотил эканига етарли далил-исботлар бор дейди, бироқ унинг ҳуқуқий ҳимояси ҳақида гапирилмаяпти.
Маркин жаноблари Зейналов тергов чоғида бирданига рус тилини унутиб қўйганини айтиб мазах қилди.
Айни дамда ижтимоий мулоқот сайтларида Зейналовнинг ҳибсга олинишига муносабатлар билдирилмоқда. Кўпгина нетчилар айби маҳкама билан исботланмаган Зейналовга бўлган қўпол муносабат ноқонуний эканига ишора қилганлар.
Ҳатто рус миллатчи сиёсатчиси Владимир Тор ўз Живой Журнал блогида шарҳ ёза туриб, Россия полициясининг Зейналовни бу тарзда қўлга олгани қонунга хилоф экани ва Россия қонунчилиги бутун дунё қаршисида телевидениеда шарманда бўлганини айтди.












