Россия: Бирюлевода ўзбек пичоқлаб ўлдирилган

Москванинг Бирюлево Восточное туманида Ўзбекистон фуқароси пичоқлаб ўлдирилган. Бу ҳақида Россиянинг Интерфакс хабар агентлиги маълум қилган.
Ўзбекистонлик кишининг жасади Москва темир йўллари бўйида пичоқланиш оқибатида олинган кўплаб жароҳатлар билан топилган.
Россия матбуоти мазкур қотилликни якшанба куни айни туманда бўлиб ўтган оммавий тартибсизликларга боғлиқликда кўрмоқда.
Унда Егор Щербаковнинг ўлдириб кетилиши ортидан очилган тергов жараёнидан норози бўлган маҳаллий яшовчилар Бирюлеводаги "Бирюза" номли савдо марказига ҳужум қилганлар.
Рус йигитининг қотили "қофқозлик" бўлганига ишонган ҳужумчилар қофқозлик ишчилари бўлган омборхона ва савдо марказидан ўч олишни истаганлар.
Вазиятни ўнглашга етиб келган махсус кучлар ҳужумчилар билан тўқнашган. Натижада 380 ҳужумчи ва 1200 нафар муҳожирлар ҳисбга олинганлар. Маҳаллий халқ Бирюлевода жиноят кўламининг ошиб боришида муҳожирларни айблайди.
Егор Щербаковнинг қотили дея гумон қилинган, асли озарбайжонлик Ўрхан Зейналов ҳақидаги маълумот учун 1 миллион рубль мукофот эълон қилинганди.
Сешанба куни Россия телеканаллари Зейналовнинг қўлга олингани, махсус қўшинлар қўлида қўпол равишда уриб-тепилаётгани, ҳамда тикучарда Москвага олиб келиниб, Ички ишлар вазири қаршисига олиб келинганини намойиш қилган.
Зейналовнинг айби ҳали маҳкама орқали исботланмаган.












