Найроби савдо марказида 59 инсон ҳалок бўлгани маълум

Хабарларга кўра, кўплаб одамлар жангарилар қўлида гаровда қолмоқда.

Сурат манбаси, Getty

Сурат тагсўзи, Хабарларга кўра, кўплаб одамлар жангарилар қўлида гаровда қолмоқда.

Кения пойтахти Найробининг йирик Westgate савдо марказида жангарилар ва полиция ўртасида отишма давом этаётгани хабар қилинмоқда.

Кения хавфсизлик кучлари 20 соатдан ортиқ вақт давомида савдо марказини қуролланган гуруҳдан озод қилишга уриняпти.

Westgate савдо марказига ҳужум учун масъулиятни Сомалининг "Аш-Шабаб" исломий гуруҳи ўз зиммасига олган.

Шанба куни ҳодиса ҳақидаги дастлабки хабарлардан сўнг, "Аш-Шабаб" вакили Би-би-сига ушбу ҳужум Кения кучларининг Сомалидаги ҳарбий ҳаракатларига жавоб эканини билдирди.

Сомали жанубига 2011 йилдан буён Африка Иттифоқи кучлари таркибида 4 мингдан ортиқ кениялик аскарлар жойлаштирилган.

Улар Сомалидаги исломий гуруҳларга қарши курашиб келади.

Кения Президенти Ухуру Кениатанинг сўзларига кўра, жангарилар ҳужуми оқибатида камида 59 киши ҳалок бўлган, 170 дан ортиғи яраланган.

Ушбу ҳодиса Кенияда 1998 йилда содир этилган портлашдан кейинги энг қонли ҳодиса эканлиги айтилмоқда.

Ўшанда Найробидаги АҚШ элчилигига ҳужум натижасида 200 дан ортиқ инсон қурбон бўлган эди.

Кения ҳукумати билдиришича, савдо марказининг жангарилар ишғол қилган бир қисмида гаровга олинганлар бор, бироқ уларнинг аниқ сони маълум эмас.

Шунингдек, Westgate савдо мажмуасининг бошқа бўлимларида ҳам қочиб чиқишга улгурмаганлар бўлиши мумкин.

Айни пайтда Кения ҳукумати савдо марказида қолган жангариларга қарши йирик амалиёт бошланганини эълон қилган.

Савдо марказининг юқори қаватлари ҳукумат кучлари назоратига олингани айтилмоқда. Бино ҳарбийлар томонидан ўраб олинган. Мухбирларга кўра, оғир техника воситалари ҳам келтирилган.

Қурбонлар орасида Президент Кениата яқинлари ҳам бор

Шанба куни туш пайти Westgate мажмуасига қуролли кишилар гранаталар улоқтириб, автоматлардан ўқ отиб кириб келишган.

Бу пайтда болалар байрами ўтказилаётгани боис, қурбонлар орасида кўплаб болалар борлиги хабар қилинади.

Гувоҳларнинг айтишича, ҳужумчилар кофирларга қарши курашаётганларини таъкидлаб, мусулмонларга бинодан чиқиб кетишга рухсат беришган.

Улар "Мусулмонлар кўтарилинг. Биз сизларни қутқаргани келдик"- деб қичқиришди, дейди харидорлардан бири.

Би-би-сининг хавфсизлик масалалар бўйича таҳлилчиси Фрэнк Гарднер ўз манбаларига таяниб айтишича, ҳужумчилар раҳбарларидан бири аёл бўлган.

Кения ҳукуматига кўра, қўлга олинган 5 жангаридан бири жароҳати туфайли ўлган.

Президент Ухуру Кениата "қора ниятли кишилар қаерга яширинмасин қўлга олиниши"ни ваъда бермоқда.

Президентнинг қайд этишича, ҳалок бўлганлар орасида унинг қариндошлари ҳам бор.

Шунингдек, ўлдирилганлар орасида Британия фуқаролари борлиги хабар қилинган.

Бундан олдин таҳлилчилар қисман исроиллик бизнесменларга қарашли бўлган Westgate савдо мажмуаси жангариларнинг ҳужумига нишон бўлиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар билдиришганди.