Мисрдаги жорий инқирознинг илдизлари қаерда?

Жорий президент Муҳаммад Мурсийга мухолиф бўлганлар сафи ўтган йил ноябр ойидан кўпая бошлаганди.

Ўшанда Президент янги конституция лойиҳаси устида ишлаётганлар тезроқ ишни битиришлари ниятида ўз ваколатларини кенгайтириб олди. Бу амални у муваққатлигини айтган эди.

Аммо норозилик намойишларидан кейин у айрим ваколатларидан воз кечишга мажбур бўлди.

Лекин ноябр ойининг охирига келиб, Конституцион Кенгаш бир маънода шошилинч қабул қилинган конституцияни қабул қилди - алҳол, либераллар, дунёвийлар ва Коптик Черков бу лойиҳага қарши эди.

Норозилик намойишлари кучайиб борар экан, Президент Мурсий ҳарбий кучларни 15 декабр, 2012 йил Конституция лойиҳаси бўйича референдум ўтгунча - миллий институтлар, овоз бериш мавзеларини қўриқлашга буюрди. Айрим танқидчилар буни ҳарбий ҳолат эълон қилинишига тенг амал дея талқин этди.

Сўнгги намойишларга сабаб - Мурсий жанобларининг президент ўлароқ қасамёдга келтирилганига бир йил тўлиши муносабати билан Тамарод ( Исёнкор) ҳаракати томонидан кўча юришлари бўлди.

30 июнда миллионлаб мисрликлар кўчаларга чиқишди.

Айни намойишлар юзасидан ҳарбийлар Президент Мурсийга сиёсий инқирозни тугатиш учун 48 соатлик муҳлат берди, йўқса, вазиятга аралашиш ва ўзлари йўл харитасини жорий этишини айтди.

48 соатлик муҳлат якунига етар экан, Мурсий жаноблари ўзининг қонуний раҳбар экани ва уни қудратдан четлатишга ҳар қандай ҳаракат мамлакатни бошбошдоқликка етаклашини айтди.

Нима учун ҳарбийлар чора кўришга бел боғладилар?

3 июл куни Генерал Сиси сиёсий, диний ва ёшлар ташкилотлари раҳбарлари билан учрашганидан сўнг мисрликлар "ёрдам сўрашмоқда" ва ҳарбийлар сукут сақлаб туришолмайди, деб айтди.

"Учрашувда қатнашганлар Миср келажаги учун янги йўл харитасини ишлаб чиқишга, Мисрда мустаҳкам жамият барпо этиб унда барча томонларнинг манфааатлари акс эттирилишига келишиб олдилар", деб айтди Генерал Сиси.

Гўё Мурсий жанобларининг Мусулмон Биродарлари ҳаракати ва унга ҳайриҳоҳ бошқа исломий гуруҳлар билан зиддият келиб чиқишидан хавотирда бўлган Сиси, ҳарбийлар ва полиция зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши жиддий чора кўради деб огоҳлантирди.

Йўл харитасида нималар дейилади?

Генерал Сисига кўра, 2012 йилда қабул қилинган ва танқидларга сабаб бўлган Конституцияга амал қилиш ҳозирда тўхтатилган.

Барча сиёсий гуруҳларни ўзида жамлаган Кенгаш Конституцияга ўзгартиришлар киритиш масаласини кўриб чиқади.

Аммо айни ўзгартиришлар киритилиши юзасидан референдум ўтказиладими йўқми, Генерал Сиси буни очиқламаган.

Олий Конституцион Маҳкаманинг ҳаками Адли Мансур ўтиш даврида токи янги президент сайлангунга қадар президент вазифасини бажариб туради.

Генерал Сиси ўтиш даври қанча муддат кечиши ва ё ҳарбийларнинг роли қандай бўлиши ҳақида ҳам ҳеч нарса демади. Аммо ҳеч бир гуруҳ ва ё ҳаракат бу жараёндан четда қолмаслигига ваъда берди.

Муҳаммад Мурсий тақдири нима бўлади?

Ағдарилган президент ва унинг жамоаси ҳозирда хонабанд қилингани ҳақида хабарлар бор.

Мусулмон Биродарлари ҳаракатининг юқори лавозимли раҳбарларига Мисрдан ташқарига чиқиш таъқиқланган.

Президентнинг Твиттер ҳисобида Мурсий жаноблари ҳарбийларнинг мурожаати "Мисрда фуқаровий демократик давлат қуриш ниятида бўлган барча озод инсонлар томонидан рад қилинди " деб айтди.

У мисрликлар ва армияни Мисрни ортга етаклайдиган айни тўнтаришни қабул қилмасликка чақирар экан, барчани тинчликка даъват этган. Хунрезликка йўл қўйилмаслиги лозимлигини урғулаган.