Ҳасан Руҳоний Эрон президентлик сайловида ғалаба қозонди

Эронда 14 июн куни ўтказилган президентлик сайловида 18 миллиондан зиёд сайловчи ёки 50, 71 фоиз овоз тўплаган мўътадил анъанадор сифатида кўрилган Ҳасан Руҳоний ғалаба қозонгани эълон қилинди.

Эронда қарийб 50 миллион киши овоз бериш ҳуқуқига эга.

Эрон Ички ишлар вазирлигига кўра, жами сайловчиларнинг 72,2 фоизи ёки 36 миллион 704 мингдан ортиқ сайловчи овоз беришда қатнашган.

Дастлаб овоз бериш якуни маҳаллий вақт билан соат 18 гача этиб белгиланган эди.

Бироқ сайлов участкаларида овоз бериш учун келган инсонларнинг навбатлари чўзилиб кетгани сабабидан Ички ишлар вазирлиги сайлов вақтини соат 23 гача узайтиришга қарор қилди.

Дастлабки натижаларни эълон қилиш ҳам бироз фурсат кечикди.

15 июн, шанба куни тонгдан сайлов варақаларини ҳисоблаб чиқиш натижалари жамоатчиликка ошкор этилди.

Эрон Ички ишлар вазири Мустафо Муҳаммад Нажжарга кўра, 64 ёшли Ҳасан Руҳоний учун 18613329 сайловчи овоз берган.

Бу сайловда иштирок этган жами сайловчиларнинг 50,7 фоизи деганидир.

Мамлакат қонунчилигига кўра, президентлик сайловида бир номзод 50,1 фоиз овоз тўпласа, иккинчи турга эҳтиёж қолмайди.

Иккинчи ўринни Теҳрон шаҳрининг ҳокими Муҳаммад Боқир Қолибоф эгаллаган.

Унинг учун 6 миллиондан зиёд ёки 16,5 фоиз сайловчи овоз берган.

Саид Жалилий учинчи, Муҳсин Ризоий тўртинчи ўринни эгаллаган.

Эрондаги бу галги сайловларнинг ҳам аввалгиларидан фарқ қилмаслиги тахмин этилган.

Сайловга уч кун қолганда номзодлар орасидаги ягона ислоҳотчи деб кўрилган Муҳаммад Ризо Ориф собиқ ислоҳотпарвар президент Муҳаммад Хотамийнинг маслаҳати билан ўз номзодини қайтариб олганини эълон қилди.

Ҳасан Руҳоний Эронда катта қудратга эга Инқилоб Гвардиячилари Кенгаши томонидан номзодлари бекор қилинган икки собиқ президент Муҳаммад Хотамий ва Акбар Ҳошимий Рафсанжонийларнинг ҳам қўлловини олди ва ислоҳотпарвар сиёсатчиларни дастакламоқчи бўлган сайловчилар ҳам жаноб Руҳоний учун овоз берганлари айтилмоқда.

Жаноб Руҳоний дастаги кучли бўлгани сабаби, унинг кутилмаганда эълон қилган баёнотларида ҳам бўлган.

У Ғарб билан муносабатларни қайта тиклашга, Эрондаги сиёсий маҳбусларни озод қилишга ва матбуотга кўпроқ эркинлик беришга чақирди.