Эрон сайловлари: Маҳмуд Аҳмадинежоднинг ўрнига ким келади?

Миллионлаб эронликлар мамлакатнинг янги президентини сайлаш учун овоз беришаркан, номзодлардан бирининг ўзбек эканига оид даъволар Эронда қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Жумладан, сайловлар арафасида президентликка олти номзоддан бири бўлган Муҳаммад Боқир Қолибофнинг келиб чиқиши ўзбек эканини иддао этган давлат нашрларидан бири дўконлардан йиғиштириб олинган.
Собиқ полиция қўмондони бўлган Қолибоф жорий пайтда Теҳрон ҳокими вазифасини бажариб келади.
Эронлик айрим журналистларнинг айтишларича, Муҳаммад Боқир Қолибоф Хуросон туркларидан саналади ва уларнинг тили эса, ўзбек тилига ниҳоятда ўхшашиб кетади.
Жаноб Қолибофнинг ўзбек эканини иддао этган баъзи блоггерларга кўра, Теҳрон ҳокими сайловларда иштирок этишдан аввал ушбу масалага ойдинлик киритиб қўймоғи лозим.
Уларнинг урғулашларича, мамлакат конституциясига мувофиқ, президент сиёсатчи ва диндор, асли келиб чиқиши эронлик, Эрон фуқароси, яхши бошқарувчи, ақлли, тақводор ва мўмин-мусулмон бўлиши лозим.
Қолган номзодлар

Бу гал Эрон президентлиги учун беллашаётган номзодларнинг барчаси анънадорлардир.
Ораларидан фақат диний уламо бўлмиш Ҳасан Руҳонийнинг сўнгги кунларда ислоҳотчиларнинг ҳам кўнгилларини топишга муваффақ бўлгани айтилмоқда.
Янги президент Эронни ўтган 8 йилдан буён бошқариб келаётган Маҳмуд Аҳмадинежоднинг ўрнини эгаллайди.
Унинг бошқаруви иқтисодий қийинчиликлар ва зиддиятли ядровий дастури сабаб, Ғарб киритган устма-уст санкциялар билан хусусиятланади.
Кутилмаган воқеълик
Сайлов шохобчалари маҳаллий вақт билан тонгги соат 08:00 да очилган бўлса, овоз беришлар кечки 18:00 га қадар давом этади.
Сайловларда қарийб 50 миллион сайловчининг иштирок этиши кутилмоқда.
Бу галги сайловларнинг ҳам аввалгиларидан фарқ қилмаслиги тахмин этилганди.
Аммо ўтган ҳафта президентликка номзодлардан Ҳасан Руҳоний Ғарб билан қайта муносабатларни тиклаш ҳақидаги ошкора баёнотлари билан ҳаммани ҳайратда қолдирди.
Жаноб Руҳоний бу билан ҳам чекланмай, сиёсий маҳбусларни озод этиш ва матбуотга кўпроқ эркинлик беришга ҳам чақирди.

Сешанба куни яккаю ёлғиз ислоҳотчи номзод Муҳаммад Ризо Ориф собиқ ислоҳотпарвар президент Муҳаммад Хотамийнинг маслаҳати билан ўз номзодини қайтариб олишини эълон қилиши ортидан, уни дастакловчиларнинг сони янада ортиб кетди.
Ҳасан Руҳоний Эронда катта қудратга эга Инқилоб Гвардиячилари Кенгаши томонидан номзодлари бекор қилинган икки собиқ президент Муҳаммад Хотамий ва Акбар Ҳошимий Рафсанжонийларнинг ҳам қўлловини олади.
Бироқ президентлик сайловларида икки анъанадор номзод: Эроннинг ядровий масалалар бўйича Бош музокарачиси Сайид Жалилий ва ўша Теҳрон ҳокими Муҳаммад Боқир Қолибофларнинг осонлик билан бўш келмасликлари айтилмоқда.
Қолган анъанадор номзодлар эса, Эрон Олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Ҳоманаийга яқин.
Аммо Оятуллоҳ ҳазратлари қай бир номзодга яқин эканини ошкора намойиш этмай, эронликларни овоз беришларда фаоллик кўрсатишга даъват этган.
Ўз овозини ҳаммадан илгари бериб бўлган Эрон Олий руҳоний раҳбари жонли телевизион мурожаатида, “Иншоллоҳ, Эрон халқи янги сиёсий достонни яратишади”, деб башорат қилган.
Президентлик сайловлари

Агар олти номзоддан бирортаси 50.1 ёки ундан кўпроқ овоз олишолмаса, келаси ҳафта президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтади.
2009 йилги президентлик сайловлари Эронда оммавий намойишларга сабаб бўлган ва намойишчилар овозлар амалдаги президент Маҳмуд Аҳмадинежод фойдасига сохталаштирилганини иддао этишганди.
Ўша пайтдаги либерал ҳаракатга бошчилик қилган жаноб Рафсанжонийнинг тарафдорлари эса, бу галги сайловларда, ҳатто, овоз беришмоқчи ҳам эмас.
Президентлик сайловларини бирор бир хорижий кузатувчи кузатаётгани йўқ.
Аксарият ислоҳотчи нашрлар ёпилган, интернет ва хорижий оммавий-ахборот воситаларига имконият чекланган. Айрим журналистлар ҳибсга олинган.












