Сурия: 'Россиядан қурол келди'

Россиядан келган замонавий қуроллар Сурия урушида ҳукумат фойдасига бурилиш ясаши мумкин
Сурат тагсўзи, Россиядан келган замонавий қуроллар Сурия урушида ҳукумат фойдасига бурилиш ясаши мумкин

"Сурия Россиянинг S300 русумли мудофаа ракеталарининг илк қисмини қабул қилиб олди" - деб Президент Ассаддан иқтибос келтиради Ливандаги "Ал-Манар" телеканали - "Тез орада яна қўшимча қурол-аслаҳа келади".

Ҳизбулло шиа жангари гуруҳига алоқадор "Ал-Манар" телеканали ўзи ҳам шиа алавийси бўлган Президент Ассад учун ўз баёнотини изҳор этадиган четдаги бир минбар вазифасини ўтамоқда.

Айни дамда, мазҳабдош Ассадни қўллаш учун Ҳизбулло шиалар гуруҳи Сурияга сизиб кириб, урушаётгани айтилади.

Жаноб Ассад эндиликда кўпчилик суннийлардан иборат аксилҳукумат исёнкорларига қарши қўлларида етарли қуроллари бўлишига ишора қилмоқда.

Оврўпо Иттифоқ Сурияга қурол беришни тақиқловчи жазо чоралари муддатини узайтирмасликка қарор қиларкан, Россия биринчи бўлиб бу имкониятдан фойдаланмоқда ва Сурия ҳукуматига қурол-яроғ бермоқда.

Президент Ассадга қарши урушаётган исёнкорларга қурол етказиш ҳақида гапирган Оврўпо Иттифоқининг ўзи эса ҳали мазкур масалада якуний қарорга келолгани йўқ.

Ўйин ўзгарди

Британия ҳукумати исёнчиларга қурол-аслаҳадан ёрдам бериш заруриятини айтади.

Бироқ турли диний ва жиҳодий гуруҳлар аралашиб кетган бу исёнчи гуруҳларга қурол-яроғ бериш нафақат Сурияни, балки бутун минтақани янада қақшатқич низолар гирдобига ташлаши мумкин, деган хавотирлар катта.

Россия етказаётган қуроллар эса ўта замонавий ва уларни баллистик ракеталар урушида ҳам қўллаш мумкин.

Айни қуроллар эндиликда Исроилнинг ҳар қанақа ҳамласига рисоладагидек жавоб беришини айтаётган Сурия ҳукуматига қўшимча куч-қувват ва ишонч бахш этади.

Шу ўринда, ушбу қуроллар Суриядаги низони бартараф этиш учун Женевада режаланган Тинчлик анжуманининг чиппакка чиқариши эҳтимоли ҳам бор.

Негаки, кучига куч қўшилган Сурия ҳукумати эндиликда музокараларга киришиб, муросага боришни эмас, балки исёнкорларни батамом яксон этишни афзал кўриши мумкин.

Президент Ассад ҳукумати вакиллари ҳам аллақачон урушда "муҳим бурилиш нуқтасига етганлари ва буёғига ҳамлага ўтишлари" ҳақида айтишмоқда.