Британияда кўпхотинликка рози бўлган муслималар сони ортиб бормоқда

Сурат манбаси, elvis
Бой ва ўз ишида муваффақиятга эришган муслима аёл турмуш қуриш мақсадида мусулмон эркак қидирмоқда ва иккинчи хотин бўлишга ҳам рози.
Бу каби эълонларнинг интернетда чиқиши эҳтимолдан узоқ кўриниши мумкин.
Бироқ, Британияда ўз турмуш ўртоғини топиш учун иккинчи ваё учинчи хотин бўлишга рози бўлган аёллар сони ортиб бораётган экан.
Британиядаги мусулмонларга ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи "Исломий Шаръат Кенгаши" ҳозирда аёллар томонидан кўпхотинлик масаласида мисли кўрилмаган миқёсда мурожаатлар бўлаётганини билдирган.
Би-би-си Британиядаги мусулмон эркак ва аёлларнинг танишув сайти - muslim-marriage-events.com сайтини юритадиган Мизан Ража билан суҳбатлашди.
Мизан Ража: Охирги ўн йил ичида менга "ўз тенгимни топа олмаяпман, менга турмуш қуриш учун мусулмон эркак топишга ёрдам беринг, майли, иккинчи ваё учинчи хотин бўлишга ҳам қарши эмасман," - деб мурожаат қилган бева ёда ёши 30-40 ларда бўлган аёллар кўп бўлди. Мен уларга "кўп хотинлик тақиқланган, шуни биласанми?" - десам, улар: "бу муаммо эмас, майли иккинчи хотин бўлишга ҳам розимиз," деб жавоб қайтаришади. Улар менга: "Мен олий маълумотга эгаман, 20 йиллик иш тажрибасига эгаман, эримдан ажрашганман, икки-учта фарзандим бор. Энди нима қилишим керак? Ахир менга ҳам эр керак," - дейишади. Биз замонавий дунёда яшаймиз. "Бир жинсда яшаган одамлар турмуш қуришга ҳақли экан, нега энди биз иккинчи ёки учинчи хотин бўла олмас эканмиз," - дейишади улар.
Би-би-си:Борган сари кўпроқ аёлларнинг кўпхотинликка рози бўлаётгани сизни таажубга солдими?
Мизан Ража: Мусулмонлар дунёсининг тез суръатларда ривожланаётганини тушуниш керак. Ҳозирда бизнинг аёлларимиз аждодларига нисбатан анча ўқимишли, ўзига тўқ ва кўпроқ диний билимларга эгалар. Ўта диндор аёлларнинг кўпхотинликка рози эканликлари аниқ. Аммо, мени ҳайратлантиргани унчалик диндор эмаса-да, полигамияга рози бўлган аёлларнинг тобора кўпайиб бораётгани бўлди. Мен уларнинг бу қарашларига баҳо бермоқчи эмасман, аммо, аниқлаганим шу бўлдики, бу аёлларни кўп хотинликка қарши эмасликлари уларнинг моддий аҳволига боғлиқ эмас экан. Уларнинг баъзилари жуда-жуда бой. Гап бу ерда шифокорлар, ҳуқуқшунослар ва ўхшаш касб эгалари ҳақида бораяпти. Мен уларга қараб туриб, мен ҳам уйлансам бўлар экан, деган ўйган бораман баъзан.
Би-би-си: Баъзилар кўпхотинлик - аёллар устидан эркаклар назоратининг кучайиши, дейишади. Аммо, бу ҳолатда, афтидан гап ўз турмуш ўртоғини топиш истаги ҳақида бораяпти, шундай эмасми?
Мизан Ража: Менимча, мусулмонлар жамиятнинг бошқа қисмларидан фарқ қилмаслигини одамлар тушуниб етишлари керак. Мусулмонлар ҳаётига замонавийлик, жинсий инқилоблар ва аёллар ҳуқуқини талаб қилувчи феминист ҳаракатлар таъсир кўрсатмай қолмади. Бундан муҳим бир хулоса чиқариш мумкин - бутун дунёда, айниқса ғарбда аёллар ўз заифалигини йўқотди. Улар яна аёл бўлишни исташмоқда. Улар яна севилишни ва эътиборда бўлишни исташмоқда.
Лекин, сиз уйга иккинчи хотинни олиб келсангиз, биринчи хотинингиз бундан хурсанд бўлмаса керак?
Мизан Ража: Йўқ албатта. Аёллар табиатан рашкчи бўлишади. Рашк - инсон табиатида бор. Эркакларни билмадиму, лекин аёллар... Мени хотиним эрини бўлишишга рози бўлмаслиги аниқ. Бир чиройли аёл келиб, сени иккинчи хотинг бўламан деса, мени хотиним "падаринга минг л.... " - дейиши турган гап. Хуллас, бу ҳолатни тўлиқ тушунса бўлади.
Би-би-си: Аёлингиз сизга яна бир хотин олишни таклиф қилганми?
Мизан Ража: Йўқ. Мени хотиним ўлдириб қўяди. Хотинимни бир ёққа қўя туринг, мен қизим ва онамдан жуда ҳам қўрқаман.












