Собиқ Шўро давлатларида бойлар ва камбағаллар орасидаги фарқ қанчага етди?

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Собиқ Шўролар ҳудудидаги иқтисоди йирик беш давлат аҳолисининг даромадларини таҳлил этган Россия Давлат Статистика қўмитасининг билдиришича, уларнинг ҳар бирида камбағаллар ва кам таъминланганларнинг сони аксарият кўпчиликни ташкил этган.

Дейлик, миллиардерлар ва йирик миллионерлар сони бўйича дунёда бешинчи ўринда турувчи Россияда аҳолининг тўртдан уч қисми ночорликда ҳаёт кечираркан.

Экспертларнинг хавотирланишларича, жамиятдаги бу каби кескин табақалашув Россиянинг тараққиётига ғов бўлиб, мамлакатдаги ички вазиятни ҳам хавфли даражада беқарорлаштириши мумкин.

Қўмита томонидан олиб борилган икки тадқиқот натижаларидан аён бўлишича, Беларусда "ночорлар" ва "кам таъминланганлар"нинг сони 67 фоизни ташкил этган пайтда, ўзига тўқ ва бойларининг сони бор-йўғи 4.5 фоиз экан.

Тадқиқот муаллифларининг ҳисоб-китобларига қаралса, Озарбайжон, Қозоғистон ва Украинада ҳам ўзига тўқларнинг сони ниҳоятда арзимас бўлиб чиққан.

Россиялик социологлар бу ҳар уч давлатдаги фуқароларнинг 90 фоиздан ортиқроғини камбағаллар тоифасига киритишган.

Тадқиқот ҳаммуаллифларидан бири, аҳолининг турмуш тарзини ўрганиш бўйича Бутунроссия маркази Бош раҳбари Вячеслав Бобковга кўра, расман 20 йилдан буён мустақил бўлган ушбу давлатлардаги табақаланишнинг бунчалар ўхшашлиги бир нечта омилга боғлиқ.

"Биринчидан, уларнинг ҳаммаси битта "уя"дан чиқишган. Ана шу "уя"нинг уларга берган бошланғич шарт-шароитлари ҳам бир хил бўлган," дейди жаноб Бобков.

Россиялик мутахассиснинг фикрича, иккинчи сабаб ушбу давлатларда олиб борилган иқтисодий ислоҳотларнинг ҳам деярли бир хил кўринишда бўлганидир.

Учинчидан, дейди жаноб Бобров, "хом ашё"га ўтириб қолгани билан, Россия, Қозоғистон ва Озарбайжоннинг иқтисодлари ҳам бир-бирига ўхшашиб кетади.

Тўртинчи сабабига қаралса, собиқ Шўролар Иттифоқи қулашидан 20 йил ўтиб ҳам, бу давлатлар орасидаги алоқаларнинг яқинлигида экан.

Оқибати-чи?

Boston Consulting Group ширкатининг ўтган йилги ҳисоботига қаралса, супер бойларнинг сони бўйича Россия дунёда юқори бешликка кираркан.

Халқаро ширкат Россияда бойлиги 100.000000 АҚШ долларидан ортувчи 600 га яқин бойлар борлигини айтади.

Россияда чоп этилувчи "Коммерсант" газетаси эса, миллиардерлари кўп бўлган Россияда миллионерларнинг оз экани факторига эътибор қаратади.

Яъни, бойлиги 1 миллион АҚШ долларидан ортувчи миллионерларнинг умумий сони бўйича Россия жаҳонда, ҳатто, юқори ўнликка ҳам кирмас экан.

Россия Социал технологиялар институти раҳбари Владимир Соколовга кўра, жамиятдаги бу каби табақаланиш мамлакат учун хатарли бўлиши мумкин.

"Бундай шароитда давлатнинг адолатли эканига бўлган ишонч сўнади, одамлар ҳокимиятдан ўзларини четга тортишади, расмийларнинг айтган илиқ сўзлари, қилган барча ишларига совуққонлик билан қарашади," дейди жаноб Соколов.

Социолог Россия аҳолиси ҳозирча ўз норозилигини изҳор этмаётган бўлса ҳам, хотиржамликка берилишга асос йўқлигини алоҳида урғулайди.

"Агар халқни кўтарувчи қандайдир куч ўртага келса ёки халқнинг ўзи аста-секинлик билан бош кўтарса (буниси янада хатарли), ҳамма нарса чилпарчин бўлади," дейди жаноб Соколов.

Ўзбекистонда ҳам ижтимоий табақаланиш аломатлари тобора кўзга ташланиб бораётгани кузатилади.

Аммо маҳаллий кузатувчиларга кўра, бойларнинг сони ёки уларнинг бойликлари миқдори мамлакатда расман ошкор этилмайди.

Турли халқаро ҳисоботларда Ўзбекистонда ҳам аҳолининг катта қисми билан солиштирганда, бойларининг сони кичик фоизни ташкил этиши айтилади.

Хўш, Ўзбекистонда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқ қанчалар катта? Биз ушбу савол билан ўзбекистонлик мустақил иқтисодий таҳлилчи Жаҳонгир Шосалимовга боғландик: