Ғарб Россиянинг музлатилган миллиардларини мусодара қила оладими?

rasm

Сурат манбаси, AFP

    • Author, Алексей Калмиков
    • Role, Би-би-си

Европа ва Қўшма Штатлар Россиянинг Ғарбда музлатилган 285 миллиард доллар жамғармаcини мусодара қилиш масаласини муҳокама қилмоқда. Улар Россия тажовузини қайтариш ва урушдан кейинги қайта қуриш учун уларни Украинага бермоқчи. Бунинг иложи борми?

Вазият мисли кўрилмаган. Ҳеч қачон улар ядровий давлатдан ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзосидан бунчалик кўп пул олишга ҳаракат қилишмаган. Ҳа, Ироқ урушдан жабр кўрган Қувайт ва бошқа давлатларга товон тўлашга мажбур қилинди. Аргентина Фолкленд учун айбланган. Аммо биринчи жаҳон урушидан кейин Германияга жуда катта товон юкланган Версал шартномасидан бери дунё бундай йирик мусодара қилишга уринмаган.

Мусодара тарафдорларининг овози тобора баландлаб бормоқда. Активларни мусодара қилиш сценарийлари ҳам кўпаймоқда. Кремль урушдан олдин АҚШдан Европага ЕИ ўзининг энг йирик савдо шериги ва энергия ресурсларининг асосий етказиб берувчиси бўлган Россия билан алоқаларни бузмайди деган умидда асосий улушини ўтказган эди.

Мусодарага қаршилар бу молиявий барқарорликка, доллар ва евронинг дунёдаги асосий захира валюталари сифатидаги ролига путур етказишидан қўрқишади. Кремль, ўз навбатида, Россиядаги Ғарб активларини мусодара қилиш орқали жавоб бермоқчи.

iqtibos

Қўшма Штатлар, Европа ва иттифоқчилар февраль ойида Катта Еттилик - G7 йиғилишида мусодара қилиш бўйича келишувга эришмоқчи эдилар, аммо бу натижа бермади. Кейинги муддат - июнь ойи ўрталарида Италияда ривожланган демократик давлатлар раҳбарларининг саммитида кўриб чиқилади.

Вазият кундан-кунга чигаллашиб бормоқда. Қуйида асосий саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз - қанча пул музлатилган, уни Россиядан олиб, Украинага бериш мумкинми, қандай йўл билан, ҳаммаси ҳал бўлгач, оқибатлари қандай бўлади?

Нега мусодара қилишмоқчи?

Биринчи асос Россия тажовузкорлиги Украинага катта зарар етказганидир. Жаҳон банки аллақачон мамлакатни тиклаш ва реконструкция қилиш харажатларини 411 миллиард долларга баҳолаган, бу музлатилган Россия активлари миқдоридан ошади.

bola

Сурат манбаси, EPA

2023 йил декабрида G7 давлатлари етакчилари Кремль Украинага йўқотишларни қопламагунча, ҳеч нарсани ечмасликка келишди.

"Мантиқ оддий. Россия активлари яқин келажакда Россияга қайтмайди. Украина эса, халқаро қонунларга кўра, Россиядан товон олишга ҳақли", дейди Стенфорд университетидан Филипп Зеликов. У АҚШ Давлат департаменти фахрийси ва Украинага бостириб киришдан кейин Россия активлари масаласини биринчилардан бўлиб очиқ кўтарган.

"Россия тарихий нисбатларда катта хатога йўл қўйди. "Тарихда тажовузкор давлат ўз агрессиясидан жабр кўрган мамлакатлардаги ҳисобларида катта миқдорда маблағ сақлаганига ҳеч қандай мисол йўқ, - дейди у. - Бу давлатлар вазиятдан фойдаланиб, музлатилган Россия пулларидан Украинага ёрдам беришни исташлари табиий. Аммо бунинг учун уларга икки йил кетди."

Иккинчи асос - АҚШ Конгрессининг Украинага ёрдам ажратишдан бош тортгани ва санкциялар масаласида Евроиттифоқ ичидаги келишмовчиликлар манзарасида Владимир Путинга Ғарбнинг бирлиги ва қатъиятини кўрсатиб қўйиш.

"Путин фақат куч тилини тушунади. Уни тинчликка мажбурлаш учун бу кучни кўрсатиш керак. Чунки бугун, тан олиш керак, Путин бизнинг устимиздан куляпти", деди Европарламентнинг бюджет қўмитаси раҳбари, Бельгия собиқ молия вазири Йоҳан ван Овертвелдт.

У ўз схемасини таклиф қилди - Европада музлатилган 190 миллиард евролик Россия активларини мусодара қилиш эмас, балки уларни кредит учун гаров сифатида ишлатиш. Пулни Украинага ўтказинг ва уруш тугаганидан кейин Россияни қарзни қайтаришга мажбур қилинг.

"Дадилроқ ҳаракат қилишимиз керак, - деди у. - Ҳа, салкам 200 миллиард еврони мусодара қилиш ҳуқуқий, молиявий ва геосиёсий хавфларни келтириб чиқаради. Аммо ҳозир қўл қовуштириб ўтириш хавфлироқ."

Учинчи асос, Украинага ҳозир пул керак, Ғарб эса кам ажратмоқда.

kran

Сурат манбаси, Reuters

Украинани қўллаб-қувватлаш йилига ўнлаб миллиардни талаб қилади ва Европа иттифоқ ичидаги сиёсий келишмовчиликларни енгиб, ёрдам бюджетини тасдиқлашга муваффақ бўлган бир пайтда Украинанинг иккинчи асосий ҳомийси - Қўшма Штатлар ўтган йил охирида маблағ ажратишни тўхтатди. Президентлик пойгаси етакчиси Доналд Трамп эса ноябрь ойидаги сайловларда ғалаба қозонса, Украинага бир тийин ҳам ажратмаслик билан таҳдид қилмоқда.

Ҳарбий ёрдам бўлмаса, Украина армияси Россия армиясига ютқазмоқда, молиявий ёрдамсиз ғазна мамлакатни сақлаш, пенсия ва маошларни тўлаш, Россия ҳар куни бомбалаётган муҳим инфратузилмани тиклаш учун етарли маблаққа эга бўлмаслиги мумкин.

Бу йил Киевга 40 миллиард долларга яқин ёрдам керак бўлади, ҳозирча унинг ярми ваъда қилинган - ЕИ ва ХВЖ томонидан. Россия активларининг мусодара қилиниши Ғарбга Украинани бир неча йил давомида қўллаб-қувватлаш бўйича молиявий муаммони ҳал қилишга ёрдам беради.

Ким тарафдор, ким қарши

Америкаликлар бунинг тарафдори. Ҳатто Молия вазири Жанет Йеллен ҳам мусодара қилишни қўллаб-қувватламоқда. Декабрь ойида у доллар тақдиридан хавотирда эди, лекин февраль ойи охирида G20 вазирлари ва банкирлари йиғилишида у ўз оҳангини ўзгартирди.

"Жаҳон иқтисодиётининг ярмидан кўпини ташкил этувчи коалициямиз Россия ўзи етказган катта зарарни бартараф этмагунча, Россиянинг 285 миллиард доллар активларини ечмасликка келишди", деди у.

"Менимча, биз зудлик билан Украинага мудофаа ва реконструкцияни молиялаштиришда Россия активларидан фойдаланиш йўлини топишимиз керак. Бунинг учун кучли далиллар бор - ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий. Аммо биз биргаликда ва эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишимиз керак."

Йеллен доллар ва евро ҳақида қайғуришни тўхтатди. Дунё ҳали ҳам жамғармаларининг деярли 60 фоизини долларда, тахминан 20 фоизини еврода ва атиги 3 фоизини Хитой юанида сақлайди.

kelishuv

Сурат манбаси, Reuters

"Аслида доллар, евро ва иенага альтернатива йўқ, шунинг учун мен бундан жуда хавотирда эмасман. Молиявий барқарорлик учун хавф фақат ушбу валюталардан оммавий равишда воз кечилган тақдирда пайдо бўлади. Аммо, айниқса, Россия халқаро меъёрларни қўпол равишда бузаётган вазиятни ҳисобга олсак, бу жуда даргумон деб ўйлайман".

Бироқ, бу ерда Американинг фикри иккинчи даражали. Асосий сўзни европаликлар айтади.

Россия заҳираларидаги 285 миллиард доллардан атиги 5 миллиард долларга яқини АҚШда музлатилган. Деярли ҳамма нарса Европадаги ҳисобларда.

Европалик сиёсатчилар дастлаб эҳтиёткорлик билан гапиришди, бироқ июнь ойидаги ЕИ сайловлари яқинлашар экан ва Американинг Украинага ёрдамини маъқуллаш билан боғлиқ муаммолар манзарасида улар мусодара ҳақида яна гапира бошладилар.

Февраль ойи охирида Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен "Россиянинг музлатилган активларидан олинган даромаддан Украинага ҳарбий техникани биргаликда сотиб олиш ҳақида гапиришни бошлаш вақти келди", деди.

Европа Комиссияси - Европа Иттифоқи ҳукумати Россия пулларидан қисман фойдаланиш ёки унинг сармоясидан олинадиган фойда режасини тайёрламоқда, аммо у ҳали тақдим этилмаган. Эҳтимол, бу 21-22 март кунлари бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи саммитида кўтарилади.

Аммо ҳар қандай режа Европа Иттифоқининг 27 давлатидан бирининг қаршилиги туфайли амалга ошмай қолиши мумкин. Венгрия анъанавий равишда Россияга қарши санкцияларни блоклайди ва активларини мусодара қилишга аллақачон қарши чиққан.

Россия агрессиясига қатъий қарши бўлган давлатлардаги россияпараст сиёсатчиларни технократлар кўпроқ қўллаб-қувватлайди.

"Бу йўналишдаги ҳар бир қадам (мусодара), айниқса, марказий банк активларини қонунийлик ва оқибатлари нуқтаи назаридан синчиклаб ўйлаб кўриш керак. Мақсадимиз Украинани қўллаб-қувватлаш ва Путинни заифлаштириш, Ғарбни заифлаштириб, дунё тартиботи ва молиявий барқарорликка путур етказиш эмас", деди Германия молия вазири Кристиан Линднер.

Ўтган ҳафта Франция президенти Эммануэл Макрон музлатилган активлар фоизларини экспроприация қилишга рухсат берди, аммо активларнинг ўзига тегиб бўлмаслигини айтди.

"Биз халқаро ҳуқуқ томонидан тақиқланган ишларни қилиш ва, назаримда, Европани заифлаштирадиган баҳсларни бошлаш тарафдори эмасмиз", деди Макрон.

Қандай мусодара вариантлари муҳокама қилинмоқда?

Музлатилган активлар - Россия Марказий банкининг валюта захиралари бўлиб, урушдан олдин доллар, евро, фунт, иена ва франкдаги хорижий ҳисоб рақамларига жойлаштирилган. Асосий қисми - деярли 200 миллиард евро - Бельгиянинг Euroclear депозитарийсида қимматли қоғозлар кўринишида сақланади.

Облигациялар даромад келтиради ва улар нақд пулга айланади. Бельгия қонунларига кўра, бу даромад камида 100% солиққа тортилиши мумкин.

ayol

Сурат манбаси, AFP

Бу ерда гап мусодара ҳақида эмас, фақат битта давлат ва солиқ ҳақида кетаётганлиги сабабли, ҳозиргача муҳокама шу пул ҳақида.

Бироқ, шу йўл билан Европа Иттифоқи Украина учун йилига бир неча миллиард евро олади, чунки биз Россиянинг музлатилган захираларининг асосий миқдори ҳақида эмас, балки фақат фоизлар ҳақида гапиряпмиз.

Бундан ташқари, аллақачон ҳисобланган деярли 4 миллиард евро фоизларни қайтариб олиш мумкин бўлмайди, чунки ҳатто Европа қонуни қабул қилинганда ҳам, у қайтиш кучига эга бўлмайди.

"Украина эҳтиёжларини инобатга олсак, бу фоизлар океандан томчидир, - дейди Европарламент Бюджет қўмитаси раҳбари Йоҳан ван Овертвелдт. - Аммо ҳеч нарса қилмаслик ва фақат фоиз олиш ўртасида ўрта йўл бор."

У музлатилган 200 миллиарддан гаров сифатида фойдаланишни таклиф қилди. Европа Иттифоқи Украинага ёрдам бериш учун уни гаровга қўйиб кредит олиши ва бу қарзнинг қайтарилишини уруш охирида Кремль билан тинчлик музокаралари учун шарт қилиб қўйиши мумкин.

Ғарбда мусодара қилинган Россия пулларининг асосий қисмини нима қилиш тўғрисида қарор қабул қилишгача ҳали бор. Ҳозирча, агар Европа Иттифоқининг 27 мамлакати келаси ҳафта тўсатдан ўзаро келишиб олсалар ҳам, иттифоқдошлар - АҚШ, Буюк Британия, Канада, Япония ва Австралиянинг тўлиқ ва сўзсиз қўллаб-қувватловисиз, бир томонлама ҳаракат қила олмасликлари аниқ.

Уни камида июнь ойида Италияда бўлиб ўтадиган G7 саммитига қадар кутиш керак.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002