Отатурк Туркиясидан Эрдўған Туркиясида нима қолди? - Туркия Янгиликлар Дунё

Сурат манбаси, Reuters
29 октябрь куни Туркия Отатурк замонавий республикага асос солганининг 100 йиллигини нишонланди. Ушбу юбилей унинг сиёсий меросидан бугунги кунда нималар қолгани ҳақидаги қатор саволларни ўртага чиқарди. Турк журналисти Фирдавс Робинсон Би-би-си Рус хизмати учун махсус ёзилган мақоласида шу ҳақда фикр билдирди.
Туркия республика сифатида ўзининг иккинчи асрига қадам қўяр экан, Мустафо Камол Отатуркнинг ғарбпараст, дунёвий давлатини бошқа бир авторитар етакчи - Президент Режеп Таййип Эрдўған ўзгартирди. У мамлакатнинг янги тарихида энг узоқ муддат лавозимда бўлган давлат раҳбари ҳисобланади.
Чуқур қутбланган, зиддиятларга бой замонавий Туркияда бу катта байрам унчалик қувончли воқеа бўлмади.
Якшанба кунги юбилейдан бир кун олдин Истанбулда Исроилга қарши ва Ғазодаги фаластинликларни қўллаб-қувватлаш учун оммавий митинглар ўтказилди. Бу галги юбилей республиканинг 50 ва 75 йиллигига бағишланган аввалги Республика куни байрамларига сира ўхшамади.
Ҳукмрон партиянинг дунёвий мухолифлари тарихдаги бу муҳим босқич тан олинмаётганидан шикоят қилса, консерватив ва диндор аҳоли эса буни "бахтсизлик юбилейи", "буюк империя" барҳам топган қора кун сифатида кўради.
Бу ҳақиқатан ҳам империянинг ўлими эди.
17-асрда буюк давлат бўлган Усмонли империяси 19-асрга келиб парчалана бошлади. Россия императори Николай I уни "Европанинг касал одами" деб атаган эди.
Усмонли империяси Биринчи жаҳон урушида мағлубиятга учради, ундан парчаланган ва ишғол қилинган ҳолда чиқди. Уч қитъани қамраб олган қудратли давлат аллақачон ўтмишда қолган эди.
Туркиянинг миллатчи кучлар бошчилигидаги тўрт йиллик мустақиллик урушидан сўнг Усмонли салтанати тугатилди. Бу 1922 йил 1 ноябрда содир бўлди.
1923 йил 24 июлда Туркия, Германияга қарши иттифоқчилар ва Греция ўртасида имзоланган Лозанна шартномаси асосида турк миллий давлатига асос солинди ҳамда замонавий Туркия чегаралари белгиланди.

Сурат манбаси, Getty Images
1923 йил 29 октябрда Туркия Республикаси эълон қилинди. Буюк Миллат Мажлиси Мустафо Камолни биринчи президент этиб сайлади.
Собиқ Би-би-си журналисти ва Отатурк таржимаи ҳоли муаллифи Эндрю Мангога кўра, "Мустафо Камол ҳимоя қилиб бўлмас ҳолга келиб қолгунга қадар Усмонли империяси учун курашган ва империя маъмурларининг маҳорати ва прагматизмини ўзига мерос қилиб олган".
Бу "юқоридан пастга, модернизация, эмансипация ва эркинлаштиришга асосланган ислоҳот" дегани эди.
1924 йилда халифаликнинг бекор қилиниши икки йил аввал Усмонли салтанатининг бекор қилинишига қараганда анча мураккаб ва зиддиятли кечди.
Туркия пойдеворини қуришда Мустафо Камол Ғарб услубидаги, илмга асосланган модернизацияга таянди.
Швейцария фуқаролик кодекси, Италия жиноят кодекси ва Германия савдо қонуни Туркиянинг ички ҳужжатлари сифатида тасдиқланди. Мусулмон тақвими Европа тақвими билан алмаштирилди.
Араб ёзуви ўрнига лотин алифбоси қабул қилинди. 1934 йилда фамилиялар тўғрисида қонун қабул қилинди. Туркия Буюк Миллат Мажлиси Мустафо Камолга Отатурк рутбасини берди, бу "туркларнинг отаси" дегани эди.
Турклар энди тобе эмас, балки тенг ҳуқуқли фуқароларга айланди. Турк аёллари сайлов ва сайланиш ҳуқуқини 1934 йилда, айрим Европа давлатларига қараганда анча олдинроқ қўлга киритди.
Туркиянинг ташқи сиёсати "Юртда тинчлик, дунёда тинчлик" тамойилига асосланди. Аммо республика ташкил топгани ўн йиллигида Германияда ҳокимият тепасига Адолф Гитлер келди.
1938 йил 10 ноябрда Отатурк вафот этди, бу вақтда дунё янги чуқур инқирозга яқинлашиб қолган эди.
Отатурк даври авторитар ҳукмронлик билан ўтди. Бу демократия эмас эди.

Сурат манбаси, EFE/REX/SHUTTERSTOCK
Миллий давлат қурилиши жараёнида этник хилма-хиллик бостирилди. 1923 йилдаги юнон-турк аҳоли алмашинуви бир ярим миллион киши мажбурий кўчирилишига олиб келди. Республиканинг дастлабки йилларида курд қўзғолонлари шафқатсизларча бостирилди.
Кўп миллатли, кўп маданиятли империя харобаларида вужудга келган ёш миллий давлатдаги маданий ва сиёсий инқилоб ўша даврда ва шундай шароитда бошқача кечиши мумкин эдими?

Бу масала Туркияда ҳамон қизғин муҳокама қилинмоқда.
100 йил муқаддам бир қатор туб ислоҳотлар билан бошланган йўл бугун бошқа авторитар раҳбар остида яна юқоридан пастга ўзгаришлар билан давом этмоқда.
Аммо Президент Эрдўған Туркия келажагини ўзидан олдинги президентдан бутунлай бошқача кўради ва ўз номини тарихга бошқача ёзишга ҳаракат қилмоқда.
Отатуркнинг динни ижтимоий майдондан чиқариб ташлаш қатъияти кучли дунёвий институтларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Отатуркдан кейинги энг қудратли ва муваффақиятли етакчи бўлган Президент Эрдўған эса буни ўзгартиришга муваффақ бўлди.
Туркия Дин ишлари бошқармаси мамлакатнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётида таъсирчан ва яхши молиялаштириладиган ўйинчига айланди. Ислом жамоасининг сиёсий ва иқтисодий таъсири сезиларли ошди. Оиладаги зўравонликка қарши Истанбул конвенциясидан чиқиш қарори аёлларнинг фуқаролик ҳуқуқлари жиддий бузилиши сифатида баҳоланмоқда.
Танқидчилар Эрдўғанни "замонавий султон" деб атайди, унинг тарафдорлари эса уни «раис» дейди, бу нафақат Туркияга, балки бутун ислом оламига ҳам тегишли. Эрдўған бундан ҳам каттароқ из қолдиришга қарор қилган кўринади.
Унинг партияси тарафдорлари сўнгги 20 йил ичида Туркиянинг ўтган 100 йиллик тарихида эришилганидан ҳам кўпроқ нарсага эришганини айтмоқда.
Айрим ҳукмрон партия сиёсатчилари Республика даврини ўтмишнинг "муваққат ҳодисаси" деб таърифламоқда.
Туркиянинг 100 йиллигига бағишланган расмий плакатда "Давлатга 3000 йил, Республикага 100 йил" деган сўзлар ёзилгани бежиз эмас.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













