Эрдоғаннинг ғалабаси Марказий Осиё учун яхши янгиликми? Turkiya, Dunyo

Сурат манбаси, Rasmiy
Марказий Осиё давлат раҳбарлари Туркияда бўлиб ўтган президент сайловининг иккинчи турида қозонган ғалабаси билан Режеп Таййип Эрдоғанни табриклашди.
Ҳаммадан биринчими?
Ўзбекистон президентининг табриги Марказий Осия давлатлари ичида энг биринчиси бўлгани айтиляпти.
Тошкент вақти билан соат 17:49да Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг телеграмдаги саҳифаси Шавкат Мирзиёев Эрдоғанни президентлик сайловида эришган ғалабаси билан самимий қутлагани ҳақида хабар жойлади.
Мирзиёев Туркиянинг амалдаги президентини "тарихий" ғалаба билан телефон орқали табриклаган.
- “Аср сайлови”: Сайлов Туркияда, “тутуни” Ўзбекистонда. Ўзбекистонликлар нега Туркиядаги сайловни бу қадар диққат билан кузатди? Видео Янгиликлар
- Янгиликлар: Ўзбекистон, 'ҳақиқий демократия' ёки кенг очилган эшиклар қайта ёпиладими? Видео
- Эрдоғаннинг яна 5 йиллик ҳокимияти Туркия учун нимани англатади?
"Суҳбатда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди", дейилади расмий хабарда.
Ўқувчилар табрик Туркияда президент сайловида кимнинг ғолиб чиққани ҳали расман эълон қилинмаган вақтга тўғри келганига эътибор қаратишган.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 29 май куни Режеп Таййип Эрдоғанга қўнғироқ қилган ва ғалаба билан табриклаган.
Тоқаев Туркия республикасининг 100 йиллиги санасида ўтган сайловда ишончли ғалабани қўлга киритиш Эрдоғаннинг мамлакат ривожига қўшган юксак ҳиссаси ва унинг жамиятдаги юқори обрўси сабаб бўлганини эътироф этган.
Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари ҳам Эрдўғонни ғалаба билан табриклаган.
Россия президенти Владимир Путин Эрдоғанга йўллаган табригини "қадрли дўстим" деб бошлаган.
Путин Туркияда Россия иштирокида атом электр станцияси ва газ тақсимоти хабининг қурилиши давом этишига катта эътибор беришини билдирган.
Украина президенти Володимир Зеленский ҳам жаноб Эрдоғанни табриклаган ва стратегик ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши ва Европада хавфсизлик ва барқарорлик йўлида ўзаро ҳамкорликнинг кучайишини кутаётганини таъкидлаган.

Сурат манбаси, NECATI SAVAS/EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK
Таҳлилчи Камолиддин Раббимов Эрдоғаннинг ҳокимиятда қолиши, дунё геосиёсатида "кўп қутблилик" шаклланишини тезлаштиришини айтган.
"Эрдоғанни қолишидан, Путин ва Си анча хурсанд бўлиши керак. Қатар ва Эрон ҳам, қисман Саудия ҳам. Лекин, "ўйин қоидасига" кўра, Эрдоғанни, ғалаба билан Вашингтон ҳам, Европа пойтахтлари ҳам табриклади", дейди у.
Раббимовга кўра, Эрдоғаннинг ютиши Зеленский учун ҳам катта муаммо эмас.
"Эрдоған ва Қиличдор ўғли, Зеленский учун "яхши ва ундан ҳам яхшироғи" эди. Эрдоған синовдан ўтган "зиддиятлар устаси", у Путинна дўст ҳам эмас, душман ҳам эмас. Қиличдор ўғли ҳокимиятга келганида ҳам, амалди қанчалик Путин билан тираша олади ва Украинага қулай бўлади - буни айтиш қийин. Шунинг учун, Киевга Эрдоған ҳам "яхши вариант" назаримда".
Камолиддин Раббимов Марказий Осиё давлатлари учун Эрдоғаннинг қолиши яхши янгилик эканлигини таъкидлаган.
"Чунки минтақамиз учун, сайловлар - ҳокимиятни ўзгартирувчи эмас, легитимлаштирувчи восита холос. Яъни, сайловлар - ҳокимиятни ўзгартириши эмас, ўтирган ҳокимиятларни "қонунийлаштириб" бериши керак холос. Туркияда демократик йўл биланми, бошқаси биланми - Эрдоған акамизни қолиши - минтақа пойтахтлари учун фақат "яхшиликка"", дейди у.
20 йилдан бери Туркияни бошқараётган Режеп Таййип Эрдоған навбатдаги сайловда қийинчиликларсиз ғалаба қозонган ва яна 5 йил мамлакатни бошқариш ваколатини қўлга киритган.
Иккинчи турда Эрдоған мухолифат лидери Кемал Қиличдорўғлидан 2 миллион ортиқ овоз олган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















