Эрдоғаннинг яна 5 йиллик ҳокимияти Туркия учун нимани англатади? Dunyo, Yangiliklar

Сурат манбаси, BBC/Ozgur Arslan
- Author, Орла Герин
- Role, BBC News
Ҳокимиятда 20 йил ўтирган ва ўндан ортиқ сайловларда ғалаба қозонган Режеп Таййип Эрдоған қандай ишлаб, ўзига қандай қўллов олишни билади. Такси ҳайдовчиларнинг Истанбулда ўтган йиғилишида буни яққол кўриш мумкин эди.
У оломонни дирижёр оркестрни бошқаргандек бошқаради. Улар Эрдоған нутқ сўзлаганда қийқириб, қарсаклар билан олқишлайди, мухолифатга эса норозилигини билдиради. Йиғилиш ўтказилган бино Истанбулда соҳилбўйида жойлашган бўлиб, Эрдоған шаҳар мэри бўлган вақтда қурилган.
Сайлов кампанияси президент шиорини қийқириб айтган вақтда авжига чиқди: "Бир миллат, бир байроқ, бир ватан ва бир давлат". Ҳайдовчилар ўринларидан турганча бир қўлларини кўтариб, ҳавога ўқталиб уни олқишладилар.
Бошида ҳижоби бўлган консерватив кийинган аёл Айсе Ўздўған такси ҳайдовчиси бўлган эри билан ўз лидерларининг ҳар бир сўзини эшитиш учун бу ерга эртароқ келган эди. Қўлтиқтаёғи ёнидаги стулга суяб қўйилган. У юришга қийналса ҳам, бундай тадбирдан қолишни истамасди.
"Эрдоған мен учун ҳар ким, - дейди у жилмайиб. - Илгари касалхонага ҳам боролмасдик, ҳозир бемалол. Транспортларимиз бор. Ҳамма нарсамиз бор. У йўлларни яхшилади. Масжидлар қурди. У тезюрар поездларни йўлга қўйди, метро линияларини барпо қилди."

Сурат манбаси, BBC/Ozgur Arslan
Президентнинг миллатчилик руҳидаги шиори оломоннинг аксариятига ёқди. Улардан бири 40 йилдан бери миниавтобус ҳайдайдиган 58 ёшли Қодир Кавлиўғлидир. "Биз ўз ватанимиз ва миллатимизни севар эканмиз, президентимизга эргашамиз", дейди у.
"Биз ҳар бир қадамида у биланмиз, - дейди у. - Картошка ёки пиёзнинг нархи кўтариладими ёки йўқ, бундан қатьи назар. Қадрли президентим бизнинг умидимиз."
Турклар ой бошларида сайлов участкаларига ёнларидаги кармонларини ўйлаб боришмади. Озиқ овқат нархлари осмонга ўрлаяпти. Инфляция нақ 43 фоизга етди.
Шунга қарамай, иқтисодни назорат қиладиган президент Режеп Таййип Эрдоған биринчи овоз беришларда 49.5 фоиз овоз олди. Бу ҳол таҳлилчиларни гангитиб қўйди, ижтимоий сўровларга эса эҳтиёткор муносабатда бўлиш кераклигини ўргатди.
Бўлинган давлат
Унинг рақиби, дунёвий мухолифат етакчиси Кемал Қиличдарўғли эса 44,9% овоз тўплаган. Шу тариқа, бу қутбланган мамлакатда электорат иккига бўлинди - икки томон бир-бирига муросасиз қаршилик кўрсатди, орадаги фарқ эса атиги 4 фоиз.
Ўта миллатчи номзод Синан Ўган кутилмаганда 5,2% овоз тўплади ва шу якшанба кунги иккинчи тур сайловлар ўтказилишига сабабчи бўлди. Кейин у Президент Эрдоғанни қўллаб-қувватлади.

Сурат манбаси, EPA
Иқтисодий инқироз ва ҳукуматнинг февраль ойида камида 50 000 кишининг ҳаётига зомин бўлган ҳалокатли зилзилаларда камчиликларга йўл қўйганига қарамай, нега кўпчилик сайловчилар уни қўллаб-қувватламоқда?
Истанбулдаги Қодир Ҳас университетида халқаро муносабатлар бўйича маъруза ўқиётган профессор Соли Ўзел шундай дейди: "Менимча, у сувдан қуруқ чиқадиган сиёсатчи. Унинг ўзига тортар жиҳатлари ҳам бор. Буни инкор эта олмайсиз. У куч қудрат ифодаси. Бу Қиличдарўғлида йўқ".
Олти партияли мухолифат иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланган жаноб Қиличдарўғли эса умид ифодаси эди, эркинлик ва демократия ваъда қиларди.
Аммо биринчи раунддаги натижадан сўнг у кескин ўнгга бурилди. Энди ғамхўр бу бобо муросасизроқ миллатчи бўлиб қолди. Туркиялик журналистлардан бири буни "Пастга томон пойга" деб атайди.
Жаноб Қиличдарўғли яқинда бўлиб ўтган сайловолди ташвиқоти митингида, "Президентликка сайланишим билан барча қочқинларни уйларига жўнатаман", деди.
У назарда тутган қочқинлар орасида урушдан қочган уч миллиондан ортиқ суриялик ҳам бор. Бу хабар Туркияда яхши қабул қилинади.
Туркиянинг кейинги президенти ким бўлишидан қатъи назар, бу ерда миллатчилик доимо ғалаба қозонади. Сайловчилар тарихдаги энг миллатчи ва консерватив парламентни сайлади ва унда Эрдоғаннинг ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси коалицияси назоратни сақлаб қолди.
Баъзи ёш сайловчиларга бу ерда қуръа аллақачон ташлангандек кўринади. Камалак байроғи остидаги қизил диванда ўтирган 21 ёшли Зейнеп ва 23 ёшли Мерт иссиқ турк чойини олдимга қўйиб, келажакдан хавотирда эканликларини айтишади.
Иккаласи ҳам талабаларнинг норозилик митинги бостирилган Боғозичи университетида психология факультетида таҳсил олади. Уларнинг дўстлиги университетнинг ЛГБТ клубида бошланган, шундан сўнг бу клуб ёпилди. 2015 йилдан бери гей-парадлар тақиқланган.
Сайлов кампанияси давомида президент уларни нишонга олди. "Бу мамлакатдан ЛГБТ чиқмайди", деди у Измир шаҳридаги сайловолди митингида. "Биз оилаларимизга доғ туширмаймиз. Эркакдек тик тур, бизнинг оилаларимиз ана шундай".
Қора сочлари елкасига тушиб турган, қулоғига сирға таққан Мертнинг сўзларига кўра, уларнинг жамоаси хавф остида.
"Эрдоғаннинг ўзи ҳар бир нутқида, мезбонлик қилган ҳар бир тадбирида бизни нишон сифатида кўрсата бошлади, - дейди у. - Давлат кундан кунга бизга душмандек қарамоқда".
Янги турк асри
"Ҳукуматнинг гаплари одамларга таъсир қилади. Буни яқинларингизда, ҳатто оилангизда ҳам кўрасиз. Агар шундай давом этса, кейин нима бўлади? Демак, биз доимо ҳушёр, доим чеккада, доим қўрқувда яшаймиз", дейди у.
Зейнеп ҳамон янги даврдан умидвор, лекин унинг келмаслиги мумкинлигини ҳам билади. "Мен 21 ёшдаман, улар 20 йилдан бери ҳокимиятда", дейди у.
"Мен ўзгаришларни истайман ва агар буни кўрмасам, ғам ва қўрқув эгаллайди. Улар бизга кўпроқ ҳужум қиладилар, ҳақларимизни кўпроқ тортиб оладилар. Кўпроқ тақиқлар қўядилар. Аммо ҳозир ҳам нимадир қилишимиз мумкин."
Сайловчилар якшанба куни ўз тарихларида биринчи марта иккинчи тур президентлик сайловлари учун сайлов участкаларига бордилар.
Мустафо Камол Отатурк Туркияга дунёвий республика сифатида асос солганига деярли 100 йил бўлди.
Режеп Таййип Эрдоған қайта сайланса, янги "турк асрини" ваъда қилмоқда.
Унинг тарафдорлари у кўпроқ тараққиёт олиб келади ва Туркияни кучлироқ қилади, деб ишонади. Танқидчиларнинг айтишича, унинг ишларида Отатурк камроқ бўлади, исломийлашади ва келажак қоронғилашади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













