Туркия: Чуқурлашаётган иқтисодий инқироз Эрдўғонни Ғарбга юзланишга мажбурламоқда Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Виктория Крейг
- Role, Анқара
Туркия узоқ давом этган ва зўраяётган иқтисодий инқирозга ечим излар экан, президент Режеп Таййип Эрдўған Ғарб билан муносабатларни илиқлаштириш йўлида катта қадам ташлади.
Эрдўған душанба куни Швециянинг ҳарбий альянсга қўшилиш сўровига қаршилигидан воз кечиб, НАТО иттифоқчиларини кутилмаганда ҳайратда қолдирди. Литвага келишидан бир неча соат олдин у Швецияни терроризмни тўхтатиш учун етарли ҳаракат қилмаётганини танқид қилган эди.
Унинг тўсатдан йўналишни ўзгартиргани Эрдўғаннинг Ғарб билан дипломатик муносабатларни яхшилаш ва иқтисодий муаммолари туфайли сўнгги йилларда Туркиядан хафсаласи пир бўлган хорижлик сармоядорларни яна қизиқтиришга иштиёқи кучлилигини кўрсатади.
- НАТО: Туркия ниҳоят Швеция аъзолигига рози, Украина эса ўз вазиятини "абсурд" дея қоралади – Янгиликлар
- Эрдоғаннинг ғалабаси Марказий Осиё учун яхши янгиликми?
- “Аср сайлови”: Сайлов Туркияда, “тутуни” Ўзбекистонда. Ўзбекистонликлар нега Туркиядаги сайловни бу қадар диққат билан кузатди? Видео Янгиликлар
"Бу Эрдўғаннинг классик намунасидир. Унда сиёсат ва риториканинг кескин ўзгариши ўз ўзидан бўлади, - дейди Анқарада жойлашган Содиқ институти таҳлил маркази сиёсатшуноси Бату Жоскун. - Ҳар қандай бошқа сиёсий етакчи бундай ўзгаришлардан зарар кўрарди, фақат Эрдўған эмас."
Бунинг сабаби шундаки, у ўз йўналишини ўзгартириш эвазига Швеция, АҚШ, НАТО ва ҳатто Европа Иттифоқига ўз талабларини қўйди.
Туркия энди АҚШдан узоқ кутилган F-16 қирувчи учоқларини олишга умид қилмоқда. Эрдўғон Брюсселнинг Анқаранинг тўхтаб қолган Европа Иттифоқига аъзолик аризасини кўриб чиқишни жонлантириш ва виза тартибини либераллаштириш ташаббусини олқишлади.

Сурат манбаси, Reuters
Аммо унинг бундай тез ўзгариши Америка ва Европа билан конструктив муносабати белгиси сифатида кўрилмоқда. Улар Туркияда демократиянинг йиллар давомида ортга кетишидан хавотирда эди.
НАТО саммитида Франция президенти Эммануэл Макрон, Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак ва Германия канцлери Олаф Шолц билан кўплаб суратга тушиш имконияти бўлди.
АҚШ Президенти Жо Байден, Эрдўғанни йиллар давомида масофада тутганидан сўнг икки томонлама учрашувга алоҳида эътибор қаратди.
"Ўйлайманки, сайловдан кейин Эрдўған ҳам Россия, ҳам Ғарб билан муносабатларда ўзини бироз тетик ҳис қилмоқда", дейди сиёсатшунос Бату Жоскун.
Чет билан муносабатда тетиклик бор, аммо ичкарида Туркиянинг чўкаётган иқтисодиётини жонлантириш оғир масала бўлиб турибди. Бу масала унинг май ойи охиридаги иккинчи босқич сайловларида жиддий бош оғриғи бўлган эди.
"Бизнеснинг аҳволи чатоқ", дейди новвой Бурҳон Моркоч.
"Қимматчилик... Илгари иккита сотиб олган одамлар ҳозир битта оляпти. Талаб пасайган."

Бунинг сабаби шундаки, бу ерда инфляция 2022 йил октябрдаги 85,5% чўққидан 40% дан сал пастроқда ушлаб турилибди.
Жорий йил ёзида лира АҚШ долларига нисбатан рекорд даражада пасайди.
Дунё бўйлаб марказий банклар нархларни пасайтириш учун фоиз ставкаларини оширган бўлса, Президент Эрдўған бунинг тескарисини қилди, фоиз ставкаларини ошириш нархларни кўтаради деб ҳисоблади. Шунинг учун у Туркия марказий банкига фоизларни паст ушлаб туриш учун босим ўтказди.
Бурҳон уч укаси билан Истанбулнинг Кадикўйида кичик новвойхонани юритади.
Ўтган бир ярим йилда ижара ҳақлари 400 фоизга ошди деб ёзғиради у.
Айни шу даврда новвойхона учун бошқа ҳаражатлар ҳам осмонга ўрлади: тандир учун ўтин 900 фоиз, ун қарийб 500 фоиз, ачитқи 255 фоиз, седана уруғи 150 фоизга қимматлаган.
Бу юкни енгиллаштириш учун Туркия молия вазири Меҳмет Шимшек "оқил иқтисодий сиёсат"ни тиклашга ваъда берди.
Марказий банкининг Уолл-стритда тажриба орттирган янги тайинланган раиси Ҳафиз Гае Эркан мамлакатда 27 ой ичида биринчи марта фоиз ставкасини 8,5 фоиздан 15 фоизга оширди.


Аммо новвой сиёсатчилар уники каби бизнеслар учун вазиятни ўнглаш қанчалик долзарблигини тушунишига шубҳа қилади.
"Келинг, шу ерда 18 - 20 соат ишланг. Мен уч соатлик уйқу билан ишлайман. Буни [Меҳмет Шимшек] қилсин чи. Курсида ўтириб қарор қабул қилиш осон. Бунақада иш ўнгланадими", дейди у.
Литвада бўлиб ўтган НАТО саммитидан ватанига қайтаётган Президент Эрдўғаннинг эътибори иқтисодий фаровонликни тиклаш ҳақида Туркия халқига берган ваъдасида эди.
"Биз инфляцияни яна битта рақамга туширамиз", деди у учоқ бортида журналистларга.
Иқтисодчилар айтишича, Туркиянинг 900 миллиард долларлик иқтисодини тиклаш вақт ва сабр-тоқат талаб этади.
"Аслида, тез ва сеҳрли даво чораси йўқ. Приоритетларни белгилаб, барини тартибга солиш керак, - дейди Истанбулда жойлашган OMG Capital Advisors кичик инвестиция фирмаси раҳбари Мурат Гулкан. - Бу иқтисодиётни совутиш билан боғлиқ, албатта, аммо сиёсий нуқтаи назардан исталмаган ҳолат".

Сурат манбаси, Getty Images
Туркия ҳам хорижий сармоядорлар ишончини қайтариши керак.
Жорий ҳисоб камомади йилнинг дастлабки 5 ойида 37,7 миллиард долларга етиб, рекорд қайд этди, яъни Туркия экспортдан олганидан кўра импортга кўпроқ маблағ сарфлади.
Президент Эрдўған бу бўшлиқни нафақат Ғарб орқали тўлдиришга умид қилмоқда. Келаси ҳафта Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига ҳам сафар қилмоқчи.
"Биз яна Ғарбга юзланяпмиз. Ортимизда Россия турибди", дейди иқтисодчи Ирис Жибре.
Президент Эрдўған ҳафта охирида уруш тугагунига қадар Туркияда қолиши керак бўлган беш нафар украин ҳарбий қўмондонига ватанига қайтишга рухсат бергани Россияни ғазаблантирди.
Кремль ҳатто Туркияни европаликларга пушти кўзойнак орқали қарамаслик ҳақида огоҳлантирган.
Аммо Президент Эрдўғон август ойида Владимир Путинни ҳам қабул қилишни режалаштирмоқда. Келгуси ҳафта муддати тугайдиган ва Украинага дон экспорт қилиш имконини берувчи Қора денгиз келишувини узайтириш учун Россияни кўндириши керак.
Бату Жоскун буларнинг барчаси Россияни ўзидан узоқлаштириб юбормаслик учун турк раҳбари қўллаётган тактикадир дейди, Россия билан "муносабатлар Ғарб билан яқинлашиб бораётган муносабатларга осонгина алмаштирилмайди".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














