НАТО: Туркия ниҳоят Швеция аъзолигига рози, Украина эса ўз вазиятини "абсурд" дея қоралади – Янгиликлар

Келишдик: Туркия президенти ва Швеция бош вазири қўл сиқишди.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Келишдик: Туркия президенти ва Швеция бош вазири қўл сиқишди.

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга рози бўлди, деди ҳарбий алянс раҳбари Йенс Столтенберг. НАТО саммити Литва пойтахти Вилнюсда бўлиб ўтмоқда.

Столтенбергнинг сўзларига кўра, Туркия раҳбари Швециянинг аризасини Анқарадаги парламентга юборади ва "ратификация қилинишини таъминлайди".

Айни дамда, Швеция Бош вазири Улф Кристерссон: "Мен жуда хурсандман, бу Швеция учун яхши кун", деди.

Шу пайтгача Туркия бир неча ой давомида Швецияни курд жангариларига мезбонлик қилишда айблаб, аризасини блоклаб келаётган эди.

Туркия НАТОнинг 31 аъзосидан бири сифатида гуруҳга янги аъзоларни қабул қилишга қарши вето ҳуқуқига эга.

Хабарга муносабат билдирган АҚШ Президенти Жо Байден, Президент Эрдўғоннинг "тезкор ратификация" билан илгарилашга бел боғлаганини олқишлади.

"Президент Эрдўғон ва Туркия билан Евро-Атлантика ҳудудида мудофаа ва [ҳужумлар] олдини олишни кучайтириш йўлида бирга ишлашга тайёрман. Бош вазир Кристерссон ва Швецияни НАТОдаги 32-иттифоқдошимиз сифатида кўришни интиқлик билан кутаман", - дейилади Оқ уй баёнотида.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Баербок твиттердаги саҳифасида шундай деб ёзди: "32 бўла туриб, биргаликда хавфсизроқмиз". Британия Бош вазири Риши Сунак эса Швециянинг қўшилиши "барчамизни хавфсизроқ қилади", деди.

AFP/Getty

Сурат манбаси, AFP/Getty

Швеция ва унинг шарқий қўшниси Финляндия узоқ вақтдан бери ҳарбий жиҳатдан нейтрал мақомда эдилар, аммо ўтган йили Россия Украинага кенг кўламли босқинни бошлаганидан бир неча ой ўтиб, НАТОга аъзо бўлиш ниятларини эълон қилишган эди. Апрел ойида Финляндия расмий равишда НАТОга қўшилди.

Столтенбергнинг айтишича, Туркиянинг «асосли хавфсизлик хавотирлари» Швеция томонидан кўриб чиқилган. Хусусан, Швеция ўз конституцияси ва қатор қонунларини ўзгартирган, ҳамда ПКК (Курдистон ишчилар партияси)га қарши аксил-террор амалиётларини оширган ва Туркияга яна қурол-яроғ сота бошлаган.

Душанба куни Президент Эрдўғон Туркиянинг Швеция НАТОга қўшилишига бўлган дастагини Туркиянинг Европа Иттифоқига қўшилиш борасида музлаб қолган музокараларига боғлашга урингандек кўринди.

Аммо, Европа Иттифоқи расмийлари тезда бунга раддия бериб, икки масала айри-айри эканлигини таъкидладилар.

Литвадаги автобус деразасидаги ёзув: "Сиз бу автобусни кутиб турган чоғингизда Украина НАТОга аъзо бўлишни кутяпти".
Сурат тагсўзи, Литвадаги автобус деразасидаги ёзув: "Сиз бу автобусни кутиб турган чоғингизда Украина НАТОга аъзо бўлишни кутяпти".

Бироқ, НАТОнинг баёнотида НАТО ва Швеция «Туркиянинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини жонлантириш» йўлидаги ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватлашлари айтилди. Бунга, баёнотга кўра, «ЕИ-Туркия божхона иттифоқи ва визани эркинлаштириш» қадамлари киради.

Туркия илк марта ЕИга қўшилишга 1987 йилда ариза берган, аммо Президент Эрдўғон қўли остида авторитаризм томон оғиб борган сиёсат бу жараён тўхтаб қолишига сабаб бўлганди.

Украина

Россия Украинага бостириб кирганидан бери жаноб Эрдўғон Москвага таъсир қила оладиган ягона НАТО лидери сифатида намоён бўлди. Ўтган йили у Қора денгиз орқали буғдой экспорти очилиши ташаббусига воситачилик қилди ва, Россиянинг бот-бот келишувдан чиқиб кетиш таҳдидларига қарамай, келишувни ушлаб туришга муваффақ бўлди.

Зеленский аъзолик бўйича аниқ ишораларни сўраяпти.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Зеленский аъзолик бўйича аниқ ишораларни сўраяпти.

Аммо, Туркия Украинага дронлар сотиб Кремлни ғазаблантиришда ҳам давом этяпти.

Ўтган дам олиш кунларида эса Россия Туркияга қарши яна бир бор ўз ғазабини изҳор қилди - бунга Россия-Украина маҳбуслар алмашинуви ортидан Туркияда яшаб келаётган беш нафар Мариупол қўмондонларининг Киевга қайтарилиши сабаб бўлди. Келишувга кўра, украин қўмондонлари уруш охиригача Туркияда қолишлари керак эди.

Икки кунлик НАТО саммитида Украинанинг аъзолиги кундалик тартибнинг энг муҳим масалаларидан бўлиб турибди.

Украина Президенти Володимир Зеленский ўз давлатининг бу ҳарбий алянсга аниқ қачон қўшилиши борасида муддат белгиланманини "абсурд" деб атади.

"Украинанага таклиф ёки аъзолик бўйича аниқ муддат белгиланмагани мисли кўрилмаган ва абсурд амал", деб ёзди у Твиттер саҳифасида.

"Афтидан Украинани НАТОга таклиф қилиш ёки аъзоликка қабул қилишга тайёр эмаслар."

НАТОнинг барча аъзолари Украина уруш давом этиб турган вақтда алянсга аъзо бўла олмаслигида ҳамфикрлар.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, НАТОнинг барча аъзолари Украина уруш давом этиб турган вақтда алянсга аъзо бўла олмаслигида ҳамфикрлар.

НАТО барча аъзолари Украина уруш давом этиб турган вақтда алянсга аъзо бўла олмаслигида ҳамфикрлар, чунки улар НАТО Россия билан тўғридан-тўғри урушга киришини исташмайди.

Зеленскийнинг ўзи ҳам уруш тугамасдан Украина НАТОга қўшилишини кутмаётганини тан олган, аммо аъзолик бўйича «аниқ ишоралар» берилишини сўраган.

Украинанинг Шарқий Европада қатор қўшнилари у тезда НАТОга қўшилиши тарафдорилар, бироқ АҚШ ва Германия дохил бир неча аъзолар бунга қаршилар.

Россия Президенти Владимир Путиннинг воизи Дмитрий Песков душанба куни Украинанинг НАТОга аъзолиги «Европада шундоқ ҳам ярим барбод қилинган хавфсизлик тузумига салбий таъсир» қилишини айтди.

«Украинанинг аъзолиги бизнинг мамлакатимизга мутлақ хавф ва таҳдидни ҳосил қилади, ҳамда бизни анча қаттиққўл ва аниқ чора кўришимизни талаб этади», деди Песков.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002