Россияга «Град»лар, Украинага «Шаҳед»лар - Россия ўз ҳудуди Украина томонидан яна ҳужумга олинганини айтмоқда - Янгиликлар

Сурат манбаси, "Настоящий Гладков"
Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков ўзининг Телеграм-каналида Украина армияси бугун эрталаб чегарадаги Валуйки шаҳрини яна бир бор ўққа тутгани ҳақида хабар берди.
"Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими ишлади, лекин ерда вайронагарчилик бор. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ. Иккита хусусий турар-жой биноси ва бешта автомашинага жиддий зарар етган", — деб ёзди губернатор, ҳамда вайрон бўлган уй ва машина суратларини илова қилди.
Кейинроқ унинг аниқлик киритишича, бир аёл қурбон бўлган - унинг айтишича, аёлнинг кўкрак қафасига шрапнел жароҳат етказган. Белгород губернаторининг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Валуйки шаҳрига яқинлашаётганда учта ракетани ва битта дронни уриб туширган, ундан ташқари "яна 12 та Град снаряди хусусий турар-жой секторига отилган".
Ўз навбатида, Курск губернатори Роман Старовойт Украинадан Теткино қишлоғининг Украинадан навбатдаги ўққа тутилганини хабар қилди.

Сурат манбаси, t.me/gubernator_46
"Глушковский туманидаги Теткино қишлоғи Украина Қуролли кучлари томонидан ўққа тутилди. Жами 12 та парвоз қайд қилинди. Қурбонлар йўқ. 2-мактабга жиддий зарар етди", — деб ёзди у ўзининг Телеграмдаги каналида ва суратларни улашди.
Айни дамда, кеча тун кириши билан Россия Украинага Эронда ишлаб чиқарилган "Шаҳед" камикадзе дронларини учирди. Улар секин ҳаракат қилишади, кундузи уларни отиб тушириш осон.
Украинанинг шарқий ярмида бир неча ҳудудларда ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди; Украина мониторинг каналлари Днепропетровск вилоятида мудофаа отишмалари ва "шаҳидлар"нинг Суми орқали Харков вилоятига ҳаракатланиши ҳақида хабар беришди.
Днепропетровск вилояти маъмурияти раҳбари Сергей Лисакнинг ёзишича, Днепропетровск вилояти устидан камикадзе дронларининг навбатдаги тунги рейдида улардан бири уриб туширилган.
Рейд оқибатлари ҳақида ҳозирча бошқа маълумотлар йўқ.
Кечаси Украина телеграм-каналлари Харков яқинида портлашлар содир бўлгани ва камида битта Шаҳед зарбаси содир бўлгани ҳақида хабар беришди.
Путин: санкциялар Россияни кучли қилаяпти

Сурат манбаси, Rossiya hukumati
Шанхай ташкилоти саммитида гапирган Президент Путин Украинага босқини оқибатида жорий этилган Ғарб санкцияларига Россия қарши туради деб айтди.
Бу йил Ҳиндистон Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига раислик қилмоқда.
ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг бу галги саммити видео анжуман шаклида ташкиллаштирилди.
Алоқадор мавзулар:
ШҲТ саммити Президент Путин Россияда Пригожин "вагнер"чилари уюштирган исёндан кейин иштирок этган дастлабки халқаро учрашув бўлди.
Путин ШҲТ саммити минбаридан Ғарбга танқидий мужда йўллашда фойдаланди.
"Ҳозир бизга қарши, моҳиятан, гибрид уруш олиб борилаяпти. Миқёси кўрилмаган ноқонуний аксилроссия санкциялари қўлланилаяпти. Шуни таъкидламоқчиманки, Россия ташқи босимлар, санкциялар ва провокацияларга ишончли қарши турибди ва қарши туради", деди Путин ўзининг онлайн мурожаатида.
Россия президенти Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида ўзларининг валюталарида савдо-сотиқни амалга оширилишини қўллаб-қувватлади.
Хитой билан Россия ўртасидаги савдонинг 80 фоизи рубль ва юанда амалга оширилаяпти, деган Президент Путин бошқа аъзо мамлакатларни ҳам ўзларидан ўрнак олишга чақирган.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ШҲТ аъзоларини бошқа масалалар қатори ўзаро савдо, мулоқот ва техник ҳамкорликни янада кучайтиришга даъват этган.
Моди ўз чиқишида тўғридан-тўғри Украина уруши ёки Хитойнинг Ҳиндистон-Тинч океанидаги таранг муносабатларини тилга олгани йўқ.
Би-би-си мухбири ёзишича, Ғарб билан муносабатлари тобора мустаҳкамланиб келаётган Ҳиндистон тарихан қўшилмаслик сиёсатини юритишга ҳаракат қилади.
Яқинда Нарендра Моди Вашингтонда давлат визити билан борган, АҚШ унга жуда қабул ташкил қилди.
Хитой Президенти Шин Жинпинг минтақавий тинчлик ва хавфсизлик муҳимлигини урғулаган.
ШҲТ саммитида барча аъзо давлатлар бир овоздан маъқуллаган мавзу - Афғонистонда барқарорликни таъминлаш масаласи бўлган.
ШҲТ саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашмоқда.
Ушбу саммитда Эрон ҳам ташкилотга аъзо сифатида қабул қилиниши хабар қилинди.
Дрон ҳужумлари Москва парвозларини издан чиқарди

Сурат манбаси, AFP
Россия расмийлари Москва ва пойтахт атрофида гўёки Украинаники бўлган дронларни уриб туширганлари, Телеграм каналлар эса Москва аэропортлари атрофида портлашлар рўй бергани ҳақида хабарлар тарқатдилар. Дрон ҳужумлари боис Внуково аэропортида парвозларни бекор қилишга тўғри келган.
Внуково аэропортига яқин Кривошеино қишлоғида дрон ёки унинг қолдиқлари қулаб тушиши оқибатида ёнғин келиб чиққан.
Шунингдек, Кубинка деб аталадиган жойдаги ҳарбий қисмда дрон портлагани хабар қилинди.
Алоқадор мавзулар:
Кубинка ҳам Внуково аэропортидан 36 километр узоқликда жойлашган, у ерда авиабаза ва Россия ҳаво-десант қўшинлари бригадаси жойлашгани айтилади.
Внуково аэропорти раҳбарияти бу қўналғага қўнадиган самолётларни бошқа аэропортларга йўналтиришга қарор қилган.
"Техник сабаблар боис самолётларни қабул қилиш ва чиқариш чекланиши" ҳақида хабар тарқатган Внуково аэропорти.
Россия Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, Украина беш дрон билан ҳужум қилган.
Беш дроннинг ҳаммаси уриб туширилган, ҳеч ким зарар кўргани йўқ, шикаст етказилмади, дея хабар беришди расмийлар.
Украина бу ҳужумлар учун масъулиятни ўз зиммасига олгани йўқ.
Москва шаҳри мэри Сергей Собянин Внуково аэропорти парвозларига киритилган тунги чеклов эрталабки соат 8 дан бекор қилингани маълум қилди.
Внуково Москванинг уч халқаро аэропортидан бири.
Чекловлар оқибатида Туркия, Бирлашган Араб амирликлари ва Мисрдан самолётлар парвозлари бошқа аэропортларга йўналтирилган.
Бу Москвага илк дрон ҳужуми эмас.
Май ойида Россия Мудофаа вазирлиги Украинани Россия пойтахтини дрон ҳужумлари билан нишонга олишда айблади ва камида саккиз дрон уриб туширилганини хабар қилди.
Бу дронлар биноларга кичик шикастлар етказгани айтилди.
Шунингдек, Москва Украинани Кремлга дрон ҳужуми уюштирганликда айблади.
Бироқ Украина бу ҳужумларни уюштирганини тан олгани йўқ.
3 июлдан 4 июлга ўтар тунида ҳам Россия Украинани ҳужумларга тутган.
Мамлакат шимолидаги Сумига дронлар билан ҳужум қилинган.
Оқибатда уч инсон ҳалок бўлгани, бир неча киши яралангани ҳақида хабар беришди Украина расмийлари.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














