Путин қарори туфайли гей эркакка тегаётган аёл - Ukraina Rossiya Dunyo Yangiliklar

Леда уйида

Сурат манбаси, ЛЄДА КОСМАЧЕВСЬКА

Сурат тагсўзи, Путин бошлаган уруш туфайли Леда гей дўсти билан оила қурмоқда.

Мен нега гей эркакка тегаяпман? Киевлик Леда Космачевска бу савол жавобини сизга узоқ тушунтириши мумкин.

Асли қримлик 33 ёшли қримлик Леда 15 йилдан бери бошқа билан севишиб келган ҳарбий йигитга турмушга чиқишини маълум қилди.

Куёвнинг рухсати билан у Facebook тармоғида ўз қарорини очиқ эълон қилди ва келинлик либосига ўхшаш ёпинчиқ билан ўралган ҳолда ўтирган суратини илова қилди.

"Замон қандай бўлса, келин ҳам шундай", деб ёзган Леда. Эски дўстига турмуш қургач, эри фронтга кетишидан олдин ҳаётини суғурталашни хоҳлайди.

"Мен қидирув, шахсни аниқлаш, дафн қилиш, қариндошлар ва дўстларни хабардор қилиш учун масъулиятни ўз зиммамга оламан. Агар керак бўлса, шифокорга эрим донор бўлишни хоҳлаганлигини айтаман. Мен дафн маросимини руҳонийдан сўрамайман, чунки эрим буни хоҳламади. Мен унинг сўнгги истагини бажараман ва у ғалаба билан қайтганида биринчи бўлиб учрашаман", деб ёзган Леда.

Унинг айтишича, у буни қилишни хоҳламаганди, айниқса, бўлажак турмуш ўртоғининг 15 йилдан бери бирга яшаётган ёстиқдоши бўлиб турган ҳозирги пайтда...

Мавзуга алоқадор:

Леда уйида

Сурат манбаси, ЛЄДА КОСМАЧЕВСЬКА

Ҳа, Леданинг ўзи бошқасини севади. У ҳам ҳарбий хизматчи.

Аммо Украинада фақат эркак ва аёл никоҳ қуриши мумкин ва агар никоҳ бўлмаса, унда одамлар расман қариндош ҳисобланмайди ва шунчаки партнерга ўз яқинини реанимация ёки ўликхонада кўришга рухсат берилмайди, унга асирлик ёки жароҳат ҳақида хабар бермайдилар.

Бу эса, партнеридан бошқа ҳеч кими бўлмаган ҳарбий хизматчи, Леданинг турмуш ўртоғини хавотирга соларди.

Леданинг сўзларига кўра, у ҳеч қачон ЛГБТ ҳуқуқлари учун юришларга бормаган, лекин у турмуш қуришни таклиф қилганидан кейин эртаси куни эрталаб Леда гейнинг хотини бўлишга рози бўлган ва буни телефон орқали билдирган.

У Би-би-си билан суҳбатда яқин одамлардан бири уруш туфайли тўсатдан вафот этса, нима қилиш кераклигини муҳокама қилишдан қўрққанини ва кўпинча муносабатларини яширишга мажбур бўлган бир жинсли жуфтликлар ҳақида ўйлаш янада даҳшатли эканлигини айтди.

"У менга энг катта қўрқуви изсиз йўқолиб кетиш ёки далада абадий қолиб кетиш ва унга нима бўлганини ҳеч ким билмаслиги ҳақида гапирди" - дейди Леда ўз турмуш ўртоғи билан суҳбат ҳақида.

У Ледани унинг саратонга чалинган эски дўстига қандай ёрдам бергани ҳақида эшитгач, танлаганини айтиб, ўз таклифини билдирган.

Леданинг айтишича, у даҳшатли, аммо жанговар ҳаракатлар шароитида юз бериши мумкин бўлган вазиятларни тасаввур қилади, масалан, аскарлар жасадини ўликхонага олиб келишганда ва улардан деярли ҳеч нарса қолмаган ва жасадларни баъзи парчаларидан аниқлаш керак.

"Кўпинча танани яхши биладиган ёстиқдошгина айни вазифани уддалай олади. Лекин бу [агар бир жинсли жуфтликлар бўлса] етарли деб ҳисобланмайди ва шунинг учун мен партнерини ўликхонага олиб борадиган одам бўламан», деб тушунтиради Леда.

У бўлажак эри билан унинг ўлими, асирликда бўлган тақдирда ўзини қандай тутиши, васиятни қандай амалга ошириш кераклигини батафсил муҳокама қилди. Яқинда Леда бу ҳарбий одамнинг партнёри билан учрашади.

Бу вақтда Леданинг урушда бўлган ҳақиқий севгилиси нимани ҳис қилади, бу ҳақда у гапиришни хоҳламайди.

"Мен севганим борлиги ҳақида ёзганимдан афсусдаман", дейди у. У ҳақида ўнлаб марта Facebook тармоғидаги изоҳларда сўрашган.

"Мен у ҳақида ҳарбийни севадиган одам ўзини қандай ҳис қилишини билишимни кўрсатиш учун ёзгандим. Шуни айтишим мумкинки, у менинг қарорим ҳақида билади", дейди Леда.

«Бошлардаги ўрта асрчиликка қарши норозилик»

У Украина нега қонун билан бир жинсли жуфтликлар ҳаётини ҳалигача осонлаштирмаганини тушунмайди.

"Агар бу менинг норозилигимга ўхшаса, бу кўплаб фуқаролар онгидаги ўрта асрчиликка қарши норозиликдир, бизни йўқ қилмоқчи бўлган томон ўрнатган қарашларга қарши норозиликдир ва бу ҳам ҳокимият Украинанинг барча фуқароларини азобдан ҳимоя қилишлари керак», дея тушунтиради Леда.

Июнь ойида ЛГБТ вакилларининг никоҳларини қонунийлаштириш бўйича Украина президенти Владимир Зеленскийга йўлланган петиция учун кўриб чиқишга зарур бўлган 25 минг имзо тўпланди, бироқ бу масала ҳалигача ноаниқлигича қолмоқда. Зеленский уруш даврида бундай қарор қабул қилинмаслигини, бироқ ҳукуматда фуқаровий партнерлик шаклидаги муқобил вариант ҳақида ғоялар борлигини айтди.

Бироқ орадан беш ой ўтди ва бу йўналишда ҳеч қандай қадам кўринмаяпти.

Украинада дафн

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Украинага Россия босқини натижасида минглаб йигитлар ҳалок бўлишди. Улар кимнингдир ёри, отаси ё ўғли эди.

Украина жамиятида бир жинсли партнерликни қонунийлаштириш ғояси ҳали ҳам машҳур эмас. Буни Леданинг пости остидаги кўплаб салбий шарҳлар ҳам тасдиқлайди.

Леда ўз пости остидаги изоҳларда кўтарилган бўронни "ҳам жаннатга, ҳам дўзахга портал" деб атайди: улар ҳақорат ва одобсизликларнинг катта тўлқини бўлса да, унга яқин одамлардан ҳеч бири бунга қарши чиқмади.

Бундан ташқари, изоҳ ёзганлар орасида қизнинг ҳаракатини жасорат деб атайдиган, уни қўллаб-қувватлайдиган ва шу билан бирга аҳвол шу даражага етганидан афсусдалигини билдирган шунчаки нотанишлар бор.

Умуман олганда, украиналикларнинг ЛГБТ вакилларига ва уларнинг фуқаролик никоҳларига бўлган муносабати аста-секин ўзгариб бормоқда. 2016 йилда украиналикларнинг 60% дан ортиғи уларга нисбатан салбий муносабатда бўлган. Энди бу кўрсаткич 38,2 фоизга тушди ва бир жинсли жуфтликларга фуқаролик иттифоқини рўйхатдан ўтказишга рухсат бериш ғоясини қўллаб-қувватловчилар улуши 20 фоиздан кўпроққа ўсди - бу никоҳ билан деярли бир хил, аммо болаларни биргаликда асраб олиш ҳуқуқини бермайди.

Леда ўз постига президент ва унинг рафиқаси Елена Зеленскаяни тэг қилган: "Менимча, у эри ёки хотини ўз ҳаётини хавф остига қўяётган партнерни тушуна олади. Мен унинг 24 февраль куни (уйида) содир бўлган воқеалар ҳақидаги интервьюсини ўқиб, жуфтликлардаги масъулият ҳақида ўйладим. Эҳтимол, бу воқеа унга етиб боради ва у муаммони ҳал қилишга таъсир қилиши мумкин".

"Балки бу соддаликдир, лекин мен аёллар бирдамлигига умид қиламан" - дейди Леда.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek