Дайжест. Россия Ўзбекистон тиббиётига ишонмайдими? Шифокорлар "борди-келдиси". Муҳожирлар учун амнистия ва патент Rossiya yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистонлик бўлажак мигрантларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун россиялик тиббиётчилар Тошкентга борган. Бу вақтда Россияда пандемия ортидан тиббиётчилар танқислиги кучайган, касалликлар ва ўлимлар кўрсаткичи ортмоқда.
Бу танқисликни Марказий Осиёдан Россияга ишлашга келаётган шифокорлар тўлдира бошлади. Аммо Россия улардан имтиҳон олмоқчи.
Россиянинг мигрантларга эҳтиёжи ортидан юз минглаб қонунбузарлар "авф" этилиб, тақиқлар олиб ташланди.
- Тиббий кўрик ҳеч кимга ишонилмайди?
- Мигрант-шифокорлар учун имтиҳон
- Пандемия шифокорларни ҳам олиб кетди
- "Сон учун сифатни йўқотмаймиз"
- Мигрантларга Россия, Россияга мигрантлар керак
- Россия, мигрантлар: "Ҳозир уларни отиб ташлайман"
- Россия: Янги тўлқин хавфи қанчалик ёки мигрантлар русларни заҳарлаяптими?
- Ўзбекистон: Россия 10 минг ўзбек мигрантини олиб кетмоқчи ва "ўлимдан хабарим бор, лекин мандат қачон чиқишини билмайман"
- Дайжест. Россия-Ўзбекистон: Марказий Осиёдаги афғон қочқинлар Путинга нега ёқмаяпти?
Патент тиббий кўриги Тошкентда
Россия Федерал тиббий-биологик агентлиги (РФТБА) тиббиёт мутахассисларининг бир гуруҳи Ўзбекистонда бўлиб турибди. Улар Россия қурилиш объектларида ишлаш ниятида бўлган Ўзбекистон фуқароларини профессионал кўрикдан ўтказиш учун боришган. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати ўз расмий сайтида хабар берган.
Маълумотга кўра, РФТБА бирлашган тиббий гуруҳи мутахассислари 40 кун ичида 10 мингта Ўзбекистон фуқароларини лаборатория текширувларини (КОВИД-19, ОИВ, CТИ учун ПЦР тести), ўпканинг флюрографик текшируви ва бошқа диагностика ишларини ўтказадилар.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Россияга ишлашга юборилаётган ўзбекистонликларнинг нима учун маҳаллий тиббиётчилар тиббий кўрикдан ўтказмаётгани, меҳнат патент берилиши учун лозим бўлган бу жараён учун россиялик мутахассислар жалб этилганини ҳар икки томонлар ҳам очиқ изоҳламаган.
Тиббий кўрик ҳеч кимга ишонилмайди?

Сурат манбаси, official
Москва кўп тармоқли миграция марказида меҳнат мигрантларига меҳнат патентини расмийлаштириш учун тиббий кўрикдан ўтиш шарт этиб белгиланган. Марказ қоидаларига кўра, патент олишда зарур бўлган айрим бошқа ҳужжатларни белгиланган ташкилотларда расмийлаштириб тақдим этиш мумкин. Аммо мигрантларнинг тиббий кўрикдан ўтиши жараёни фақат марказ мутахассислар бажариши шарт ҳисобланади.
Ўзбекистонликларнинг Россияга ишлашга боришлари учун Тошкентда патент берилиши жараёнида ҳам ишчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун россиялик тиббиётчилар борилгани хабарларда ёзилган.
Миграция агентлиги хабарида бўлажак мигрантларнинг тиббий кўриги учун россиялик шифокорларнинг боришини ўзаро ҳамкорлик сифатида баён этган.
Россияда айниқса, пандемия давридан буён тиббиёт ходимлари танқислиги юзага келган.
- Яқинда Ўзбекистонга Сибир федерал округидан 30 дан ортиқ мутахассис боради, улар орасида стоматологлар, терапевтлар, юқумли касалликлар бўйича мутахассислар, рентгенологлар, психиатр-наркологлар ва бошқа тиббиёт ходимлари бор, - дейилади РФТБА хабарида.
Ўзбекистон фуқароларини қурилиш соҳасида ишлашга жалб этиш бўйича лойиҳасини амалга ошириш жорий йилнинг 7 октябрида Россия бош вазири Михаил Мишустин томонидан маъқулланган.
Пандемия шифокорларни ҳам олиб кетди

Сурат манбаси, ALEXANDER DEMIANCHUK/TASS
Россияда тиббиёт ходимларининг етишмаслиги сўнгги бир неча йиллардан бери давом этмоқда. Росстат маълумотларига кўра, 2018 йилда мамлакатда шифокорларнинг 50 минг бўш ўрни бор эди.
Бу вақтда Россияда соғлиқни сақлаш тизимида бор-йўғи 549 мингга яқин шифокор бор эди ва бу кўрсаткич йил давомида атиги 16 мингга ошди.
Коронавирус пандемияси Россия тиббиёти учун айниқса оғир бўлди. Росздравнадзор хабарига кўра, 2020 йил июн ойига қадар 489 шифокор Ковид-19 дан вафот этган.
"РФ шифокорлари" профессионал ҳамжамиятининг тадқиқотлари ҳам Россияда тиббий кадрлар этишмаслигини исботлайди. Ташкилот ўтказган сўров натижаларига кўра, 2855 шифокорнинг 87 фоизи тиббиёт муассасаларида ходимлар етишмаслигини айтишган.
Шифокорлар малакасига шубҳа борми?

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Экспертлар Россия тиббиётидаги кадрлар танқислиги муаммосини мигрант-шифокорлар ҳал қила оладими, деган мулоҳазани билдиришмоқда. Боиси сўнгги йилларда Марказий Осиёдан шифокорлар ҳам меҳнат муҳожирлигига келиши кўпайиб бормоқда. Улар орасида юзлаб ўзбекистонлик мутахассислар ҳам бор.
Россия энди ушбу мигрант-шифокорлар учун янги имтиҳон жорий этмоқчи. Росздравнадзор томонидан ишлаб чиқилган хорижий тиббиёт ходимларини синовдан ўтказиш тартиби лойиҳаси Россия Федерацияси Адлия вазирлигида рўйхатга олинмоқда.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошлиғининг ўринбосари Татяна Семенова бу борада "кадрлар етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш учун сифатни йўқотиб бўлмайди", деган фикрни билдирди.
Мигрантлар учун "авф"

Сурат манбаси, official
Россия Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон ва Тожикистоннинг 300 минг қонунбузар фуқаросига Россияга яна қайтишига рухсат берди. Бу ҳақда Россия Федерацияси мигрантлар федерацияси раҳбари Вадим Коженов маълум қилди.
Федерациянинг YouTube каналидаги видеоахборотда бу имтиёз фақат Ички ишлар вазирлиги томонидан Россияга кириши тақиқланган муҳожирларга тааллуқли эканини билдирди. Суд қарори билан мамлакатдар чиқариб юборилганларга Россия белгилаган муддатгача ёпиқ қолади.
Вадим Коженовнинг сўзларига кўра, "миграциявий авф"га тушган Марказий Осиёнинг икки республикаси фуқароларининг рўйхати 18 августдан маълумотлар базаларидан олиб ташланган. Россияга киришга тақиқи бўлган муҳожирлар Ички ишлар вазирлиги сайтидан текшириш билан ўзлари учун мамлакатга йўл очилган ёки йўқлигини билишлари мумкин.
Мигрантларга Россия, Россияга мигрантлар керак
Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Россияда 7 миллионга яқин меҳнат муҳожирлари бор. Пандемияга қадар бу кўрсатгич 12 миллион атрофида эди.
2020 йилдан буён карантин чекловлари ортидан Россиядаги минглаб муҳожирлар иш ўринларини йўқотиши, маошини ололмаслик каби қийин вазиятларга тушиб қолиши сабаблари туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишганди.
Ўзбекистондан Россияга келиш учун йўл қатновларининг тўлиқ тикланмагани, ҳаво қатновлари учун авиачипталарнинг қимматлиги уларнинг муҳожирликка келишлари учун моне бўлаётгани айтилади.
Бу вақтда Россияда эса мигрантларнинг оғир меҳнати ва арзон ишчи кучига эҳтиёж юзага келаётгани расмийлар томонидан бот-бот таъкидлаб келинмоқда. Бу айниқса, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида яққол сезилган. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун Россия Ўзбекистон билан расман келишиб, ишчиларни Миграция агентлиги орқали чартер рейсларни олиб келишни йўлга қўя бошлаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















