Қирғизистон президенти Тожикистонда, томонлар чегарадаги вазиятни ҳам гаплашиб олишмоқчи - Qirg‘iziston Tojikiston mintaqa dunyo yangiliklar

Қирғизистон ва Тожикистон президентлари

Сурат манбаси, official

Садир Жапаровнинг Тожикистонга расмий ташрифи икки давлат чегарасида юз берган ва бу яқин йиллар ичидаги сув устидан келиб чиққан энг ёмони экани айтилган қонли тўқнашувлардан саноқли ойлар ўтиб амалга ошмоқда.

Бу, бошқа томондан, қудратга келиши ортидан, Қирғизистон янги президентининг Тожикистонга қилаётган илк сафари бўлади.

Тожикистон пойтахти Душанбедан олинаётган хабарларга кўра, икки давлат президентлари шу соатларда юзма-юз мулоқотларини бошлашган.

Беш соатдан ошган эса-да, икковлоннинг мулоқоти ҳали-ҳануз тугамагани айтилмоқда.

Икки томон ўртасидаги музокаралар чоғида айнан чегара ва чегарадаги вазият масаласининг ҳам муҳокама этиб олиниши расман хабар берилган.

Маълум бўлишича, Садир Жапаровнинг 28 июнь куни бошланган икки кунлик расмий ташрифи Тожикистон президентининг таклифи билан амалга ошган.

Хабарларга кўра, Қирғизистон президентини Душанбе аэропортида Тожикистон Бош вазири кутиб олган.

Тожикистон томонининг расман маълум қилишича, Қирғизистон президенти орада мамлакатнинг ноёб табиати билан танишишга ҳам улгурган.

Президент Эмомали Раҳмон расмий музокараларидан аввал Садир Жапаровни Варзобда жойлашган шаҳар ташқарисидаги резиденциясига олиб борган.

Бу ерларни томоша қилиш билан икковлоннинг туризм соҳасини ривожлантириш имкониятлари билан танишишгани расман хабар қилинган.

Қирғизистон ва Тожикистон президентлари

Сурат манбаси, official

Қирғизистон президенти Тожикистонга Ташқи ишлар вазири, Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари - Иқтисодиёт ва Молия вазири, Президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими бошлиғи, транспорт ва коммуникациялар вазири, Фавқулодда вазиятлар вазири, Маданият вазири, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасининг Боткент вилоятидаги вакили, раиснинг биринчи ўринбосари - Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати раҳбарлари билан бирга борган.

Қирғизистон томонининг расман маълум қилишича, президент Раҳмон Тожикистон Садир Жапаровнинг расмий ташрифига катта аҳамият беришини айтган.

Мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг амалий ривожланишидан ҳақиқаттан манфаатдорлигини билдирган.

"Ҳар томонлама муносабатларининг бугунги аҳволи ва истиқболларини муҳокама этиб олишга тайёр" эканлигини баён қилган.

Бунга ўхшаш эътироф ҳалича Тожикистон президентининг расмий веб саҳифасидаги расмий ташрифга оид хабарларда бўй кўрсатмаган.

Қирғизистон томонининг расман билдиришича, бунинг ортидан, Садир Жапаров Тожикистонга таклиф қилгани учун президент Эмомали Раҳмонга ўз миннатдорчилигини билдирган.

"Апрелдаги фожеали воқеалар ҳар икки давлат халқи учун оғир тарихий синов ва қайғули кунларга айланганини афсус ва надомат билан" қайд этган.

"Қирғизистон ва Тожикистон халқлари азалдан биродар экани, қирғизлар ва тожиклар ҳамиша яхши қўшничилик, дўстона муносабатлар тарафдори бўлиб келишгани"га тўхталган.

"Ҳар икки томон ҳам келажакда бу каби қуролли тўқнашувларнинг такорланишига йўл қўймасликлари муҳим"лигини алоҳида таъкидлаб ўтгани маълум бўлган.

Президент Садир Жапаров биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан томонлар чегара муаммоларини ҳал қилиш йўлларини топишига ишончи комиллигини ҳам билдирган.

Юзма-юз мулоқотлари ортидан, икки давлат президентлари ўз музокараларини кенгайтирилган таркибда давом этдиришлари айтилмоқда.

Ҳар икки урушган томон эълон қилган расмий маълумотлар қуролли низода энг кўп Қирғизистон жабр кўрганига далолат қилганди.

Садир Жапаровнинг Тожикистонга расмий ташрифи Туркманистондан кейин амалша ошган.

Шу йилнинг 27-28 кунлари Қирғизистон президенти икки кунлик расмий ташриф билан Ашхободда бўлгани расман хабар қилинган.

Жиноят ишлари

ASIA PLUS TJ

Сурат манбаси, ASIA PLUS TJ

Сурат тагсўзи, Тожикистон ўзи очган жиноят ишида қирғизистонлик ҳарбийлар ва айрим қирғиз фуқароларини кўзда тутган. "Исфарага ҳужум"ни назарда тутиб, уларни қотиллик ва тажовузкор урушда айблаган

Чегарадаги қуролли низо ортидан, ҳар икки иштирокчи давлат ҳам бир-бирларига қарши жиноий иш очишган.

Бир минтақа давлатининг бошқасига нисбатан жиноий иш билан чиққани эса, бу яқин йилларда кузатилмаганди.

Тожикистон ўзи очган жиноят ишида қирғизистонлик ҳарбийлар ва айрим қирғиз фуқароларини кўзда тутган.

Мамлакат Бош прокуратураси уларнинг сонини тахминан 200 кишига нисбат берган.

"Исфарага ҳужум"ни назарда тутиб, уларни қотиллик ва тажовузкор урушда айблаган.

Қирғизистон Бош прокуратураси эса, Боткендаги тўқнашувлар боис, Тожикистонга қарши жиноий иш қўзғаган.

Тожик томонини, "Тинчликка қарши жиноят"да айблаган.

Расмий Бишкекнинг баён қилишича, Тожикистон Қирғизистон билан яхши қўшничилик ва ҳамкорликка оид битимни бузган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Тожикистон билан чегарадаги воқеалар бўйича 11 та жиноий иш қўзғатгани маълум бўлган.

Жиноят ишларининг "Қотиллик", "Тартибсизликлар", "Тинчликка қарши жиноятлар", "Безорилик", "Чегарадан ноқонуний ўтиш" моддалари бўйича очилгани маълум бўлган.

Шу ой бошида қирғизистонлик бир гуруҳ юристлар эса, Тожикистоннинг устида Халқаро Жиноят маҳкамасига мурожаат қилишган.

Халқаро Жиноят суди уларнинг шикоят аризасини кўриб чиқиб, 14 июнь куни расман қайд этгани ҳам маълум бўлган.

Бунинг ортидан Қирғизистон президенти девони маҳаллий юристлар ташаббусидан хавотир билдириб, расмий баёнот билан чиққан. Бу хусусда ўзининг расмий мавқеини очиқлаган.

"Баъзи кучлар Тожикистон билан ўзаро муносабатларни яна кескинлаштиришни исташаётгани" эҳтимоли ҳақида сўз юритган.

Аммо айнан кимлар назарда тутилаётганини тафсилотларига тўхталмаган.

Қирғизистонлик бир гуруҳ юристларнинг Тожикистоннинг устидан Халқаро Жиноят судига йўллаган аризаси билан боғлиқ хабар борасида расмий Душанбенинг мавқеи ва расмий муносабати эса, ноаён қолганди.

Қуролли можаро

Чегара кузатув маскани

Сурат манбаси, Getty Images

Сўнгги можаро икки давлат ўртасидаги бу яқин йилларда кузатилган энг ёмони бўлган.

Ҳар икки давлат бирдек фойдаланувчи "Бош" сувтақсимлагичдаги оддий айтишувдан бошланган келишмовчилик қуролли тус олган.

Можарога ҳар икки томондан ҳарбийлар, ҳарбий аслаҳалар ва бронетехника аралашган.

Икки кунлик зўравонлик ўнлаб одамнинг қурбон, яна юзлабининг тан жароҳати олиши билан якунланган.

Юздан ортиқ бинога ўт қўйилган, талон-тарож этилган.

Томонлар низони қўзғашда яна бир-бирларини айблашган.

Орада бунга "учинчи куч"ни масъул билганларнинг борлиги ҳам кўрилган.

Томонларнинг бир неча бор муросага бориш уринишлари ортидан, икки кунлик можаро шу йилнинг 1 май куни ниҳоя топгани хабар берилган.

Муаммонинг ечими

Харита

Орада Ўзбекистон илова қатор минтақа давлатлари ва халқаро ташкилотлар мавжуд вазиятдан ўз хавотирларини расман изҳор этиб чиқишган.

Ҳам Тожикистон ва ҳам Қирғизистон Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар саналишади.

Икки давлат чегарасидаги можаро эса, мазкур ташкилот Мудофаа вазирларининг Тожикистон пойтахти Душанбедаги расмий учрашувидан кун ўтиб юз берган.

Қирғизистон ва Тожикистон Марказий Осиёнинг Россия ўз ҳарбий базаси ва иншоотларига эга икки давлати бўлади.

Чегарадаги зиддият манзарасида ва қуролли низо ортидан ҳам, Россия президентининг Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги зиддиятни ҳал қилишда воситачилик қилишга тайёр экани маълум бўлган.

Владимир Путин можарога музокаралар йўли билан барҳм бериш истагини ҳар икки давлат президентларининг орада Москвага қилган расмий ташрифлари чоғида ҳам баён қилган.

Айрим халқаро таҳлилчилар расмий Москванинг мақвеини Россияга ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо икки давлат чегарасидаги можаронинг кераги йўқлиги билан изоҳлашганди.

Тожикистон ва Қирғизистонни 900 км дан ортиқ давлат чегараси ажратиб туради, уларнинг ярмига яқин қисми демаркация қилинмаган.

Одатда, давлатлар ўртасида чегара қаерда жойлашганлигини аниқлашнинг иложи йўқ, бу эса маҳаллий аҳолининг сув, яйлов ва йўллардан фойдаланишида муаммоларга олиб келади.

Баҳсли ҳудудлар икки мамлакат чегараларининг қарийб 30 фоизини ташкил қилади ва унинг энг зиддиятли қисмлари ҳисобланади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek