"Жонли" бетон яратилди: Энди сув омборлари ўпирилиб, кўприклар қуламайди - Ўзбекистон, дунё, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, SPL
Ўзбекистон ва дунё: Энди сув омборлари ўпирилиб, кўприклар қуламайдими? Гап нимада дейдиган бўлсангиз, "ақлли", "жонли" бетон яратилди. Бу технология Британиядаги йўлларда аллақачон синовдан ўтказилди ҳам.
Ўз ёриғини ўзи тузатиб юборадиган бетон кўприклар ёки касалликни даволаш учун инсон танасига киритиладиган митти машиналарни тасаввур қилинг.
Булар шунчаки муҳитга қараб ўзини ўзгартирувчи ақлли моддаларни қўллаш мумкин бўлган икки соҳа, холос.
Олимларнинг янги ҳисоботига кўра, тирик мавжудотлардан илҳомланган ҳолда яратилган ушбу материаллар бутун ҳаёт тарзимизни ўзгартириб юбориши мумкин.
Британиянинг муҳим илмий ташкилоти бўлмиш Қироллик жамияти ҳужжатига кўра, турли кутилмаган кўнгилсизликлар олдини олиш учун бу борадаги ишлар тартибга солиниши керак.
Айрим "жонли" материаллар аллақачон мавжуд: ўз ўзини тикловчи бўёқ ва бетонлар аллақачон тижорий маҳсулотга айланган. Аммо уларни қандай мақсадларда қўллаш бўйича таклифлар ҳали олдинда.
"Бу биз учун ҳақиқатда муҳим аср. Биз жонсиз материаллардан, яъни ўзимиз ишлаб чиқарадиган, такомиллаштирадиган, аммо вақт ўтиб нураб, эскирадиган моддалардан биологик ўхшашликка эга "жонли" моддаларга қараб кетмоқдамиз", дейди ҳисобот масъулларидан бири профессор Марк Миодовник.
"Келажак кўприклари зарарланган жойини ўзи "билади" ва ўзи ўзини тиклай олади."
Ўзини тикловчи бетонни яратишга нисбатан икки хил усул мавжуд. Бирига кўра, унинг таркибида капсулалар бўлиб, кейинчалик бетонга зарар етса, бу капсулалар ёрилиб, уни қайта ямайди.
Капсулада битум асосидаги модда бўлиб, капсула ёрилгач, ҳаво ёки сувга очилганда у минераллашади ва зарарланган жойни тўлдиради.
Иккинчи усулда ҳам капсулалар бўлади, аммо унга бактерия тўлдирилади.
Бетон ёрилганда, капсула ёрилиб, ичидан чиққан бактерия ўзидан минерал кальцит ишлаб чиқаради ва у зарарланган жойни "даволайди".
Бу технология Британиядаги йўлларда аллақачон синовдан ўтказилган.

Сурат манбаси, KANELLOPOULOS ET AL
Ўзини тикловчи моддалардан фойдаланиладиган яна бир жой - телефон экранларидир. Экран ёрилганда ичидаги электроник қисмлар ўсиб, зарарланган жойларни ямайди ва қурилма яна ишлай бошлайди.
"Менимча, айни ўринда масала бу умуман бўлиш-бўлмаслиги эмас, балки қачон бўлишидир. Бу ҳисобот тўйдан олдин карнай чалиш бўлиб қолмадими? Менимча, ундай эмас", дейди проф. Миодовник.
"Бунинг кўплаб нишоналарини кўришингиз мумкин. Эндиги вазифа илмий ҳамжамиятни йиғиб, "Биз шу томонга кетяпмиз. Келинг энди иш тарзимизни ўзгартирайлик", деб айтишга ундашдир. Ҳозир аҳвол жуда бетартиб. Қилинган ишлар бир бирига боғланмаган, тарқоқ. Олимлар бу масалада ҳамкорлик қилмайди ва аниқ бир муштарак мақсади йўқ."
"Жонли" материаллар фойдаланиладиган яна бир соҳа тиббиётдир.
Келажакда микроскопик машиналар инсон томири орқали қонига юборилиши, улар кичик кесимлар орқали жароҳатларни даволаши, маълумот узатиши мумкин.
Бу минироботлар кимёвий реакциялар орқали қувватланадиган митти моторлар орқали ҳаракатланади.
Улар дориларни организмдаги аниқ манзилга, масалан, саратон ўсимтасига етказиши мумкин.
Бу эса ҳозирги усуллар - кимётерапия ва радиотерапия қўлланганда тананинг бошқа аъзоларига етадиган зарар олдини олиши мумкин.
Ақлли матолар
Матолар инновация учун яна бир нишон бўлиши мумкин.
"Либоснинг шаклини ўзгартирадиган ёки кайфиятингизга қараб унинг рангини ўзгартирадиган қизиқ усуллар бор", дейди проф. Миодовник.
Шунингдек, жарроҳлик амалиётидан ўтган ёки жароҳат олганларнинг жароҳати битишига нисбатан ҳам қўллаш мумкин.
"Тақиладиган техника ёрдами билан кийимингизда сенсорлар бўлиши мумкин. Масалан, агар сиз елкангизни жарроҳлик амалиётидан сўнг бутунлай соғайтирмоқчи бўлсангиз, бу сенсорлар елкани қанчалик ҳаракатлантириш кераклиги ҳақида сизга ва шифокорингизга маълумот беради", дейди Лондон университет коллежидан материалшунос профессор.

Сурат манбаси, Getty Images
Қироллик жамияти ҳисоботида айтилишича, "жонли" материаллар анча оммалашди ва бу соҳани тартибга солиш расмийлар учун қийинчилик туғдириши мумкин.
Келажакда бу моддалар ва улар қўлланган тизимлар, қурилмалар инсон аралашувисиз ҳам ишлайвериши мумкин. Бу эса улар ўзини кутилмаган тарзда тутиши мумкинлиги эҳтимолини ҳам билдиради.
"Улардан фойдаланиш хавфсизлик масаласини ўртага чиқаришдан ташқари, ахлоқий ва амалий масалалар ҳам бўй кўрсатиши мумкин.
"Тартибга солиш чоралари талаб қилиниши шубҳасиз", дейилади ҳисоботда.
Профессор Миодовикнинг тасдиқлашича, турли мақсадларда қўллаш мумкин бўлган янги "жонли" моддаларни ривожлантириш Британиянинг таклиф қилинаётган янги илмий ташкилоти мақсади бўлиши мумкин.
У АҚШнинг Мудофаа бўйича илғор тадқиқотлар агентлиги андазасида ташкил этилади.
Унда "мовий осмон" тадқиқотлари амалга оширилади, муваффақиятли чиқиш эҳтимоли аниқ эмас, аммо шундай бўлса, катта самара бериши мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














