Ковид: Бир миллиард одамни қандай эмлашмоқчи? Коронавирус янгиликлар

Ҳиндистонда

Сурат манбаси, Reuters

Вакцина ишлаб чиқаришга келганда Ҳиндистон ҳақиқий қудрат манбаи.

Ҳиндистон улкан иммунизация дастурини амалга оширади, дунёнинг 60 фоиз вакцинасини ишлаб чиқаради.

Дунёдаги йирик дори-дармон ишлаб чиқарувчиларнинг ярми шу юртда.

Жумладан, Ҳиндистон Серум Институти дунёдаги энг катта ишлаб чиқарувчидир.

Ковид-19 касалига қаршибир миллиардлик аҳолисини эмлашга келганда, Ҳиндистоннинг орзуси осмоон қадар.

Бу давлат келаси йил июлига қадар 500 миллион вакцинани қабул қилиб, 250 миллион одамни эмлашни режаламоқда.

Бундай ишонч унинг ҳар йили унинг жуда катта сондаги одамларни эмлаб келаётган тажрибасига таянади.

Ҳиндистонда дунёдаги энг йирик соғлиқни сақлаш дастури бўлмиш 42 йиллик иммунизация дастури бор ва шу асосида ҳар йили 55 миллион одам - асосан, чақалоқлар ва ҳомиладор аёллар ўнлаб касалликларга қарши эмланади, улар умумий 390 миллион дозада бепул вакцина олади.

Мамлакат, шунингдек, вакцинацияни ташкил қилиш ва кузатиш бўйича мукаммал ишловчи электрон тизимга ҳам эга.

Шундай бўлса ҳам, миллиард одамни, шу жумладан, юз миллионлаб катталарни биринчи марта Ковид 19га қарши эмлаш даҳшатли ва мисли кўрилмаган синов бўлади, дейди экспертлар.

Ҳиндистонда ривожлантирилаётган 30 та вакцинанинг бештаси клиник синовлардан ўтяпти.

Улар орасида Серумда синовдан ўтаётган Оксфорд AstraZeneca ишлаб чиққан вакцина, Ҳиндистоннинг ўз компанияси "Bharat BioTech"нинг вакцинаси ҳам бор.

"Ўз юртингда вакцина ишлаб чиқилиши жуда муҳим" - дейди Ҳиндистон Биотехнология вазири доктор Рену Сварап.

Микробиолог ва Лондон Қироллик жамияти аъзо бўлган биринчи ҳиндистонлик аёл доктор Гагандип Кангнинг айтишича, бир неча вакцинадан бирини танлашдан тортиб, уни етказиб бериш ва илк эмланадиган одамларни аниқлашгача бўлган жараён - ўта қийин ва муаммоли.

"Биз бу ишларнинг мураккаблигини борича кўрмаяпмиз. Ҳиндистоннинг ярим аҳолисини эмлашнинг ўзига бир неча йил кетади" - дейди у.

Бу борадаги асосий муаммо ва вазифалар нима?

AstraZeneca вакцинаси

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳиндистонда AstraZeneca вакцинаси синалмоқда.

Таъминот занжири ва логистика

Ҳиндистонда 27 минг атрофида музлатгич омборлар бор, уларда сақланадиган вакциналар саккиз миллиондан ортиқ ҳудудга тарқатилади.

Бу омборлар етадими, чнуки деярли барча вакцина 2-8 градусда ташилиши ва тарқатилиши керак.

Ҳиндистонга, шунингдек, бир марта фойдаланилгач, ўз-ўзидан ишдан чиқадиган шприцлар ҳам керак.

(Бу қайта ишлатишнинг олдини олади).

Мамлакатнинг энг катта шприц ишлаб чиқарувчиси ўсиб бораётган талабни қондириш учун келаси йилгача бир миллиард шприц ишлаб чиқаришини айтмоқда.

Шу билан бирга тиббий шиша флаконларни етказиб бериш борасида ҳам саволлар бор. Бу улкан вакцинация тадбирлари натижасида вужудга келадиган чиқиндиларни нима қилиш мумкин?

Ҳиндистон иммунизация дастурида қарийб тўрт миллион шифокор ва ҳамшира иштирок этади. Аммо Ковид вакцинацияси учун мамлакатга бундан кўпроқ одам керак бўлади.

"Ҳиндистоннинг қишлоқ жойларига буларни қандай етказиб бериш мени хавотирга солади"- дейди мамлакатнинг етакчи биотехнология компанияси "Biocon" асосчиси Киран Мазумдар Шоу.

Ким биринчи эмланади?

Ҳиндистонда

Сурат манбаси, Getty Images

Келаси йили вакцина таъминоти анча тиғиз бўлади ва кимларни биринчи бўлиб эмлаш масаласи мураккаб кечиши аниқ.

Соғлиқни сақлаш вазири Ҳарш Варзаннинг айтишича, хусусий ва ҳукумат соғлиқни сақлаш ходимлари аввал эмланади.

Экспертлар бу жараён осон кечмаслигини айтмоқда.

"Етарлича вакцина таъминоти ҳеч қачон бўлмайди. Қабул қилувчиларни муҳимлиги бўйича тоифаларга ажратиш катта синов бўлади" - дейди эпидемиолог Чандракант Лаҳария.

Соғлиқни сақлаш хизматининг асосий қисми хусусий бўлган бир давлатда хусусий сектор хизматчиси давлат сектори хизматчисидан аввал эмланадими ёки кейин? Доимий ишчилар аввалми ёки шартнома бўйича вақтинча ишловчилар?

Агар сурункали касали бор кексалар аввал эмланишга ҳақли бўлса, айнан қайси турдаги сурункали касалликларга кўпроқ эътибор берилади?

Ҳиндистонда 70 миллиондан ортиқ деабет билан оғриганлар бор, дунёдаги иккинчи энг катта рақам. Уларнинг ҳаммасига ялпи преференция берилиши керакми?

30 та штатга вакцинани бир вақтда етказиб бериш имконсиз. Хўш, илк вакциналар пандемиядан кўпроқ зарар кўрган штатларга етказиб берилиши керакми?

Тенглик ва холислик масаласи ўртага чиқиши муқаррар.

Миллионлаб дозаларни кузатувга олиш

Вакцина ишлаб чиқарувчилар билан шартномалар тузиш ва вакцинанинг "маъқул миқдорда портфели"га эга бўлиш Ҳиндистон одамларга етарлича дозадаги вакцинани тез етказиб беришида муҳим аҳамиятга эга, дейди Вашингтондаги Глобал Ривожланиш Марказида соғлиқни сақлаш маҳсулотлари таъминот занчирини ўрганувчи Прашант Ядав.

Аммо одатий иммуниязациялашдаги муваффақият Ковид 19 вакцинасидаги муваффақиятнинг кафолати бўлолмайди, дейди у.

"Одатий режада кетадиган иммунизация ишлари асосан давлат клиникаларида амалга оширилади. Аммо уларда катталарни кенг қамровли эмлаш бўйича аниқ дастур йўқ ва одамлар ҳам давлат солиқни сақлаш марказларига мунтазам мурожаат қилмайди", дейди др. Ядав. Яхши йўлга қўйилган давлат хусусий шерикчилиги ягона йўл, деб қўшимча қилади у.

Шоу хоним ва Ҳиндистоннинг йирик ахборот технологиялари компанияларидан бири Infosys ҳаммуассиси Нандан Нилекани кимлар ва қанча доза вакцина олганини ҳисоб қилиш учун ҳиндистонликлар нафақа ва солиқ тўловларини ҳисоб қиладиган Aadhaar номли 12 рақамли идентификация тизимидан фойдаланишни таклиф қилмоқда.

"Биз тизимни ишлаб чиқишимиз керак, шундагина мамлакат бўйлаб кунига 10 миллион эмлашни ўтказиш мумкин ва ҳамма маълумотлар ягона рақамли марказда жамланади"- дейди жаноб Нилекани.

Ҳиндистонда

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳиндистон йирик вакцина ишлаб чиқарувчи ҳамдир.

Вакцина учун фирибгарликлар

Бошқа бир хавотир вакцина олиш бўйича юзага келадиган коррупциядир.

Одамлар аввалроқ вакцина оладиганлар рўйхатига ўзини киргазиш учун сохта ҳужжатлар тайёрлаши олдини олиш учун расмийлар нима қилади? Чекка ҳудудларда сохта вакциналар сотилиши олдини қандай олиш мумкин?

"Ножўя таъсирлар" нима?

Вакциналар айрим одамларга вақтинча ножўя таъсир қилиши мумкин. Ҳиндистонда 34 йилдан бери амал қилиб келаётган эмлашдан кейинги "ножўя таъсирлар"ни кузатиш дастури бор.

Аммо тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ножўя таъсирларни аниқлаш бўйича самарадорлик ҳамон паст ва хабар қилинаётган жиддий ножўя таъсирлар сони кутилганидан кам.

Ножўя таъсирлар бўйича шаффофлик йўқлиги вакцина атрофида қўрқув пайдо қилишни осонлаштириши мумкин.

Ким тўлайди?

Ҳиндистонда

Сурат манбаси, EPA

Бу эҳтимол энг катта савол. Ҳукумат барча дозаларни сотиб олиб, штатлар бошқарадиган субсидияланган ёки бепул вакцинация дастурларига йўналтирадими?

Ёки бойлар ўзлари оладиган вакцина учун бозор нархида хусусий дистрибютерлар орқали тўлайдими?

Доктор Лаҳария каби экспертларнинг ишонишича, давлат то пандемия тугагунча ҳар бир ҳиндистонликни эмлаш ҳақини тўлаши керак.

Доктор Шоуга ўхшаган бошқа экспертлар эса хусусий фирмалар ўз ходимлари учун ўзлари тўлаши керак деб ҳисоблайди.

Жаноб Неликанининг тахминича, вакцина аввалига 3 ва 5 доллар атрофида бўлади ва икки дозали вакцина ҳар бир ҳиндистонлик учун 10 долларгача тушади ва бу бутун Ҳиндистон учун 13 миллиард доллар дегани. Ва бу жуда қиммат.

Мана нима учун яхши вакцина ҳар бири 50 центдан арзонга тушиши, етарли бўлиши керак, дейди Гагандип Канг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek