Дунё, сиёсат ва ҳукумат: Атиги 3.5% фуқаро қандай қилиб ҳукуматни ўзгартира олади?

Сурат манбаси, Paul Morigi/Getty Images
3,5 фоиз қоидаси: Аҳолининг кичик қисми сиёсий тузумни қандай ўзгартириб юбориши мумкин?
Ҳайратланарли бўлиши мумкин, аммо диктатура ёки авторитар тузумга қарши ҳар қандай зўравонча курашишдан кўра тинч намойишлар икки баробар самаралироқдир. Тадқиқот хулосаларига кўра, агар умумий аҳолининг тинч намойишларга чиққан норози қатлами сони атиги 3,5 фоиздан ўтса, жамиятда, албатта, кескин ўзгариш юз беради.
Бунга жуда кўп мисол келтириш мумкин. 1986 йилда миллионлаб филиппинликлар пойтахт Манила кўчаларига тинч намойишларга чиқишган ва Маркоснинг авторитар тузуми тўрт кунда қулаган.
2003 йилда Грузияда юз берган Атиргул Инқилобида ҳам Эдуард Шеварнадзе тузуми қон тўкишсиз ағдарилган.
Гарвард Университетидан сиёсатшунос Эрика Ченовет тинч бўйсунмаслик дунё сиёсатини ўзгартириб юборишда ҳам анчайин самарадор эканини айтади.
20 асрда ўтган юзлаб намойишларни тадқиқ қилган сиёсатшунос тинч бўйсунмаслик ҳар қандай қонли намойишлардан икки баробар яхшироқ натижа олиб келади, деган хулосага келган.
Шунингдек, Ченовет хоним қизиқ бир ҳолатга ҳам дуч келган: барча жиддий сиёсий ўзгаришларни амалга ошириш учун аҳолининг бор-йўғи 3,5 фоизигина намойишларда фаол иштирок этиши етарли бўлган.
3.5% қаердан келди?
Ченовет хонимнинг ўзи тадқиқот бошланган 2000 йилларда тинч бўйсунмасликнинг зўравон ёки қуролли қаршиликдан кўра самаралироқ эканига ишонмаганини тан олади.
У террорчиликка қарши кураш бўйича ташкил этилган конференциялардан бирида шундай қарашга дуч келади ва уни тадқиқ этишга қарор қилади.
Тадқиқотчи 1900 йилдан 2006 йилга қадар бўлиб ўтган тинч намойишларни ўрганиб чиқади. Унинг асосий диққати сиёсий тузумни бутунлай ўзгартира олган ҳаракатларга қаратилган эди.
Ченовет хоним одамлар ўғирланган, бомбалар портлатилган, инфратузилма объектлари вайрон этилган ёки одамларга жисмоний зарар етказилган ҳаракатларни зўравонлик иштирок этган намойишлар ўлароқ таснифлайди.
Натижада, Ченовет хоним ва унинг ҳамкасби 323 та зўравон ва нозўравон норозилик ҳаракатлари бўйича маълумотлар тўплайди.
Куч - рақамларда

Сурат манбаси, Getty Images
Умумий хулосаларга кўра, тинч бўйсунмаслик асосидаги норозилик ҳаракатлари 53 фоиз ҳолатда кўзланган натижага олиб келган. Зўравон ҳаракатларда эса бу кўрсаткич 26 фоизга тенг.
Ченовет хонимнинг ҳисоблашича, тинч намойишлар аҳолининг барча қатламларини ўзига тортиши мумкин. Оқибатда, шаҳарлардаги нормал ҳаёт фалажланиб қолади ва ҳукумат ён беришга мажбур бўлади.
Тадқиқотда тилга олинган 25 энг йирик норозилик ҳаракатларининг 20 таси тинч ҳолатда ўтган ва уларнинг 14 таси намойишчиларга сўзсиз ғалаба олиб келган. Бундан ташқари тинч намойишларда иштирокчилар сони зўравон ҳаракатлардагидан, ўртача, тўрт мартага кўпроқ бўлади (50/200 минг).
Мисол учун Филиппинда Маркос тузумига қарши кўтарилган намойишларда 2 миллион, 1984-1985 йилларда Бразилияда ўтган норозилик акциясида бир миллион, 1989 йили Чехословакияда юз берган Бахмал Инқилобида эса 500 минг одам иштирок этган.

Сурат манбаси, AFP/GettyImages
Ченовет хоним иштирокчилар сони кўпайган сари ҳукумат намойишчиларни бостиришдан чўчий бошлаши ёки бунга кучи етмай қолишини айтади.
Норозилик ҳаракатларида умумий аҳолининг 3,5 фоизи фаол қатнаша бошлагандан сўнг ҳукуматнинг ён беришдан бошқа чораси қолмайди.
«Иштирок этаётган аҳоли сони ушбу кўрсаткичдан ўтгандан сўнг муваффақиятсизликка учраган бирор норозилик ҳаракати ҳали кузатилмаган,» қайд этади Ченовет хоним.
У аксар инсонларнинг қон тўкилишини истамаслиги, шу сабабдан ҳам тинч намойишлар аҳолининг энг фаол қисмини ўзига жалб эта олиши мумкинлигини билдиради.
Шунингдек, тадқиқотчининг сўзларига кўра, тинч намойишларда қатнашишда - зўравонлик иштирок этган ҳаракатлардан фарқли ўлароқ - одамнинг жисмонан соғлом бўлиши талаб этилмайди. Шунинг учун ҳам бундай акцияларда соғлиқ ва жисмоний тайёргарлиги турлича бўлган фуқаролар бемалол қатнаша олади.
Бундан ташқари Ченовет хоним полиция ёки қуролли кучлар вакиллари тинч намойишларни қаттиққўллик билан бостиришга доим ҳам жазм қила олмаслигини таъкидлайди.

Сурат манбаси, Getty Images
«Улар минглаб одамлар ичида ўз қариндошлари ёки дўстлари бўлиши мумкинлигидан хавотирга тушиши ёки катта оломонни кўрганда, чўкаётган кемадан тушиб қолишга қарор қилиши мумкин,» тушунтиради у.
Тинч бўйсунмасликнинг турлари ҳақида сўзлар экан, Ченовет хоним одамлар норозилик билдириш учун ҳар доим ҳам кўчага чиқиши шарт эмаслигини айтади. У Жанубий Африкада ўтган апартеидга қарши бойкот даврини эсга олади.
Ўшанда, Жанубий Африканинг кўплаб қора танли фуқаролари соҳиблари оқ танли бўлган компаниялар маҳсулотларини сотиб олишдан бош тортган эди. Натижада, оқ танли элита молиявий қийинчиликларга дуч келади ва ушбу бойкот 1990 йиллар бошида сегрегация сиёсатини тугатишга таъсир ўтказган омиллардан бирига айланади.
Сеҳрли рақам?
Албатта, буларнинг бари умумий қонуниятлар. Бироқ тинч намойишлар ҳар доим ҳам самарали бўлавермайди - улар, ўртача, 47 фоиз ҳолатда мағлубиятга учрайди.
Тадқиқотчилар буни норозилик ҳаракатлари ўзига етарлича одам ва дастак жалб қила олмаслиги билан изоҳлайди.
Муваффақиятни кафолатловчи умумий аҳолининг 3,5 фоизини кўчада йиғиш эса осон вазифа эмас.
Айрим давлатларда аҳолининг 3,5 фоиз миқдори миллионлардан ошиб кетади. Масалан, Буюк Британияда бу 2,5 миллион, АҚШда эса 11 миллион одам демакдир. Бунча одамни кўчага чиқаришнинг эса ўзи бўлмайди.
Ҳозирда, бошқа тадқиқотчилар ҳам илгари сурилган «3,5 фоиз қоидаси»га қизиқиш билдирмоқда. Улар намойишларни айнан муваффақият ёки мағлубиятга етакловчи омилларни янада чуқурроқ ўрганиш ниятида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












