Экспертлар: Россия минтақавий урушларга тайёрланмоқда

Сурат манбаси, Getty Images
Экспертлар огоҳлантиради: Россия Европада минтақавий урушлар бошлашга тайёрланмоқда. Германиянинг Welt нашрида пайдо бўлган шу мазмундаги мақола Россия матбуотида шов-шувларга сабаб бўлди. Би-би-си бу борада россиялик экспертлар фикрига қулоқ тутди.
Welt мақоласидаги фикрларга НАТО бош котиби собиқ ўринбосари Хайнрих Браус ва Кил Университетидаги хавфсизлик сиёсати институти директори Ёахим Крауз томонидан тайёрланган ҳисобот асос ўлароқ хизмат қилган.
Ҳисобот муаллифлари Россиянинг Европа ичида урушлар қўзғашга тайёргарлик кўраётгани ва бу урушларда "ядро қуролини қўллаш таҳдиди билан ғолиб чиқишни истаётгани"ни таъкидлайдилар.
Путиннинг нияти - геосиёсий масалаларни Россия фойдасига ҳал этиш мақсадида Европада юзага келувчи минтақавий ихтилофда устунликни қўлга киритиш, дея башорат қилади ҳисоботни ўрганган немис журналистлари.
НАТО ҳарбий қўмитаси собиқ раҳбари Харалд Куят мазкур ҳисоботни "бир томонлама ва онгли равишда синчиклаб ўрганганда, асоссиз", дея тасвирлайди.
Жаноб Куятнинг фикрича, минтақавий ихтилоф юзага келган тақдирда, НАТО коллектив мудофаа механизмини ишга туширади, Россия эса ўта оғир сиёсий ва иқтисодий асоратлар келтирувчи тўлиқ халқаро биқиқликка тушиб қолади.
Россия ўз армиясини қимматбаҳо қуроллар билан таъминлашга уриниш орқали Болтиқбўйини босиб олишни режалаштирмаяпти, балки АҚШ билан стратегик мувозанатни таъминлашга интилмоқда, дея изоҳлайди ҳарбий эксперт.
Бошқа экспертлар бу ҳақида қандай фикрда?
Максим Старчак, Куинс Университети халқаро ва мудофаа сиёсати Маркази илмий ходими:
Крауз ва Брауснинг таҳлили бизга нимадир кўрсатиб бера олди, деёлмайман. Бу ғарблик сиёсатчиларни қўрқитиши мумкин, россиялик ҳамкасбларининг бундай фаоллигидан яхши хабардор ҳарбийларни эмас.
Ҳа, россиялик ҳарбийлар Европада юзага келиши мумкин бўлган турли ҳарбий ҳолатларга нисбатан ўз режаларига эгалар. Шунингдек, маълум вазиятларда Россиянинг ҳарбий салоҳиятини кўрсатиб қўйиш йўлида ядро қуролидан фойдаланиш ҳам Генштаб режаларидан жой олган. Бу СССР даврида ҳам, ҳатто, 1990 йилларда ҳам бўлган.
Менинг таҳлилим шуки, 2014 йилдан сўнг Россия сиёсатида ядро қуроли роли бироз ошди, лекин бир неча баробарга эмас.
Стратегик бомбардимончи самолёт бўлмиш Ту-95 ва Ту-160 НАТО давлатлари чегаралари томон мунтазам парвозларни амалга оширмоқда, шу тариқа Россия ғарблик ҳарбийлар муносабатини ўрганяпти. Шу ҳолат хавотирларга сабаб бўлган. Жанговар навбатчиликка чиқаётган стратегик сувости кемаларининг фаоллиги ҳам бир мунча ортган. Стратегик мақсадли ракета бўлинмаларининг машғулотлари сони ҳам кўпайиб бормоқда.
Охирги беш йил ичида Россиянинг ядровий фаоллиги ўсди. Бироқ бу кўп томондан ядровий қуролларнинг янги кўринишлари пайдо бўлаётгани, уларни синовлардан ўтказиш ва ҳарбий хизматчиларни бундай қуролларни қўллашга ўргатиш зарурияти билан боғлиқ, Ғарбни сиёсий йўл орқали қўрқитиш эмас мақсад.
Россия ҳарбий машғулотлари сценарийларида ядро қуролини қўллаш - бу янгилик эмас ва бундай ҳол 1990 йилларда ҳам кузатилган. Шунчаки ўша вақтлар ядровий қуроллар иштирокидаги ўқув машғулотлари анчайин қимматга тушар эди ва шу сабабдан машғулотлар ҳамда россиялик ҳарбийларнинг чегара ҳудудларидаги фаоллиги камёб ҳолат эди. Ҳозирги вақтда эса етарлича ҳарбий бюджет билан буни амалга оширишнинг қийин жойи қолмади.
Александр Голтс, ҳарбий таҳлилчи:
Россия кескинликни пасайтириш йўлида ўз стратегиясини эскалация устига қуради, деган қараш - бу Америка ядро доктринаси. Немис муаллифлари ҳам ўз ҳисоботини шундай қараш асосида ёзган.
НАТО Россияни ҳар қандай кўрсаткич бўйича ортда қолдиради: ҳарбийлар сони, қуролланиш сифати ва иқтисодий қудрат ҳамда қурол-яроғ ишлаб чиқариш салоҳияти. Мен бу ҳисобот Россия стратегиясининг тўлақонли тасвири, демаган бўлар эдим.
Кескинликни юмшатиш мақсадида ҳарбий фаолликка зўр бериш назарияси 1990 ва 2000 йиллар ўртасида амалда бўлган. Ўша пайтлар Россия ҳарбий раҳбарияти Американинг Югославиядаги самарали ҳаракатлари ортидан аламли мағлубиятга учраган эди. Биз уларнинг ҳаво-фазо амалиётлари ва кенг кўламли қанотли ракеталар билан зарбаларига қарши тура олмаслигимизни англаб етгандик. Шундан сўнг Россияга нисбатан ўхшаш ҳужумни тўхтатиб қолиш учун биз чекланган ядровий қурол-яроғлардан фойдаланиш лозимлигини кўзда тутувчи назария дунёга келган.
Европадаги эҳтимолий чекланган уруш масаласига келганда эса, мен Россия кескинликни юмшатиш йўлида ҳарбий фаолликка зўр бериш концепциясига жиддий амал қилмоқда, дея ўйламайман. Назарий жиҳатдан, бундай хатар 2014-2015 йилларда мавжуд бўлган. Россия, албатта, НАТОга ҳужум қилишга интилмаган, аммо "рус дунёси"ни яратиш ғояси кун тартибида турган.
Константин Богданов, Россия Фанлар Академияси қошидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар Миллий тадқиқот институтининг Халқаро хавфсизлик маркази илмий ходими:
Тактик ядровий қурол 1950-1960 йиллардан бери одатий қуроллар салоҳиятидаги номутаносиблик мувозанатчиси бўлиб келган. 1980 йилларга қадар бундай мувозанатчи куч НАТО томонидан қўлланилган - бу Европа бўйлаб ўрнатиб чиқилган АҚШ ядро воситаларидир. Ушбу воситалар Варшава Шартномаси устунлигини техник ва шахсий таркиб жиҳатдан енгиб ўтишга мўлжалланган эди.
1990 йиллардан эса вазият акс томонга ўзгара бошлаган. Ҳозирда, Россия НАТО билан ҳам ҳарбийлар сони, ҳам техника бўйича беллаша олмайди. Оқибатда, тактик ядро қуроллари мувозанатловчи куч ўлароқ эътиборга олиниши мумкин.
Гап айнан тийиб туриш тизими ҳақида кетмоқда: сизнинг ва рақибнинг ядро салоҳияти тенг бўлмаса, сиз бу ҳолатни мувозанатга солувчи янги кўринишдаги кучни ўйинга киритасиз. Бу воситалар жанговар ҳаракатлар олиб бориш эмас, балки тийиб туриш эвазига урушдан қочишга қаратилган. Шундай қилиб, жанг ҳаракатлари олиб боришга интилиш ўз маъносини йўқотади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















