Россия, Ўзбекистон ва дунё: Нега Ҳизбут-Таҳрир аъзолари катта қамоқ муддатлари олмоқда?

Сурат манбаси, Valery Matytsin/TASS
Россия: Нега Ҳизбут-Таҳрир аъзолари катта қамоқ муддатлари олмоқда?
Россия Олий суди террорчи ташкилотга аъзоликда айбланган тўрт нафар қрим-татар шахснинг муддатини уч ойга қисқартирди. Ҳукумат уларни Ҳизб ут-Таҳрир аъзоси бўлган, дея ҳисоблайди.
Анвар Мамутов Ҳизб ут-Таҳрирнинг Қрим фирқасига асос солганликда айбланган ва 16 йилу тўққиз ойга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинган. Рамзи Маматов, Рустам Албитаров ва Заври Абсаитовлар шу фирқага аъзо бўлишда айбланиб, саккиз йилу тўққиз ойдан озодликдан маҳрум этиш жазосини олган.
Аввалига, Мамутов 17 йил, қолганлар тўққиз йилдан озодликдан маҳрум этилган эди. Адвокатлар ҳукм устидан Олий судга шикоят қилган ва айбланувчиларнинг оқланишини талаб этган.
Суд маҳкамаси вақти бино ичида оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтган.
Судланувчиларнинг бари кўрсатма беришдан бош тортган ва айбини бўйнига олмаган. Мемориал инсон ҳуқуқлари маркази уларни сиёсий маҳбуслар ўлароқ тан олган.
Таъқибга учраган Ҳизб ут-Таҳрир
Россия Олий суди Ҳизб ут-Таҳрир ҳаракатини 2003 йилда террорчи ташкилот сифатида тан олган.
Олий суд бу қарорини ҳаракатнинг «жанговар исломий пропаганда олиб бориши, бошқа динларга нисбатан тоқатсизлиги, одамларни фаол тарзда ёллаши ва жамият тартибини бузишга қаратилган мақсадли фаолият юритиши» билан изоҳлаган.
Сўнгги йилларда Россиянинг турли ҳудудларида Ҳизб ут-Таҳрирга оид адабиётларни ўқиган ва унинг ғояларини тарғиб қилган шахсларга нисбатан терроризм айблари бўйича жиноий ишлар қўзғатилмоқда.
Кўплаб инсон ҳуқуқлари гуруҳлари террорчилик амалларини содир этмаганига қарамай, ҳаракат аъзолари ноқонуний таъқибларга дучор бўлаётганини таъкидлайди.
Мемориал марказидан Би-би-си билан суҳбатлашган инсон ҳуқуқлари фаоли Виталий Пономарев Ҳизбут-Таҳрир аъзолари Россияда террорчиликни амалга ошириш эмас, террорчи ташкилотга аъзо бўлишда айбланмоқда, дейди.
Мамлакат Жиноят Кодексига кўра, террорчи ташкилотлар ёки гуруҳларга асос солган шахсларга нисбатан 10 йилдан умрбод озодликдан маҳрум этишгача, аъзоларга эса 10 йилдан 20 йилга қадар қамоқ жазоси кўзда тутилган.
"Судланувчилар суд маҳкамасида ўзини террорчи эмаслигини айта бошлаган вақт суд уларга Ҳизбут-Таҳрир 2003 йилда террорчи ташкилот сифатида тан олингани, шу сабабдан ҳам, ҳатто, муҳокамага ўрин йўқлигини таъкидлайди," дея тушунтиради жаноб Пономарев.
Улар террорчилик ҳаракатлари содир этмагани туфайли ҳам айбловлар адабиётлар тарқатиш ёки ҳаракат мафкурасига доир суҳбатларнинг "прослушкаси"га асосланади.
«Сўнг бу суҳбатлар қайд этилган махфий ёзувлар, айтайлик, ўз ишини яхши билмайдиган экспертларга топширилади. Улар эса шахс маълум сўзларни тилга олганми, демак, у ушбу ташкилот аъзоси, деган хулоса чиқариб беради. Бундай ишларнинг яна бир муҳим жиҳати - бу кўринмас гувоҳлар. Улар терговчилар босими остида кўрсатма беради ва кейин уларни топиб бўлмайди,» дейди ҳуқуқ фаоли.
Қрим аннекцияси ортидан Россия ҳукумати ташкилотнинг яриморолдаги эҳтимолий аъзоларини ҳибсга ола бошлаган.
Шу йилнинг март ойида эса Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Николай Патрушев Қримда Ҳизбут-Таҳрирнинг учта фирқаси фош этилганини маълум қилган.
Таъқиблар ортидан ўнлаб инсонлар қўлга олиниб, узоқ йилларга қамоққа ташланган.
Ҳибсга олинганлар ва судланганларнинг адвокатлари бу шахслар сиёсий ва диний важлар асосида таъқибга учраётганини билдиради. Ҳизб ут-Таҳрир вакиллари эса мусулмон давлатларни террор йўли орқали бирлаштириш усулларига қарши эканини таъкидлайди.
Ҳизб ут-Таҳрир мафкураси
Ҳизбут-Таҳрир ал-исломий (Ислом озодлик партияси) 1953 йилда - Исроил давлати пайдо бўлгандан беш йил ўтиб, Шарқий Қуддусда ташкил этилган. Узоқ йиллар давомида мазкур партиянинг асосий ғояси Фаластинни Исроил оккупациясидан озод этиш бўлган.
Исроил бутун мавжудияти давомида Ҳизб ут-Таҳрир фаолиятига қаршилик кўрсатиб келади.
Германия 2003 йилда антисемитизм важи билан ташкилот фаолиятини ўз ҳудудида тақиқлаб қўйган. Бироқ Хизб ут-Таҳрир ўзининг яҳудийларга қарши эканлигини рад этади.
Европанинг бошқа кўплаб давлатларида Ҳизбут-Таҳрир қонуний фаолият юритиб келади. Россия ва Германиядан ташқари - БАА, Яман ва Ливандан бошқа - аксар араб мамлакатлари, шунингдек, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ташкилот фаолиятига тақиқ қўйган.
Фаолларга кўра, Ўзбекистонда сонлари минглаб экани айтилаётган диний маҳкумларнинг салмоқли қисмини ҳам айни шу ташкилотга аъзоликда айбланганлар ташкил этади.
Хизбут-Таҳрир ўзини исломпараст партия ўлароқ тасвирлайди. Унинг аъзолари исломнинг радикал кўринишига амал қилади ва демократиянинг ғарбча кўриниши ҳамда инсон ҳуқуқларини тан олмай, мусулмон давлатларини халифалик байроғи остида бирлаштиришга даъват этади.
Аммо Хизбут-Таҳрир ушбу мақсад йўлида зўравонликдан фойдаланишни қатъиян рад этади.
Хизбут-Таҳрир адабиётларни ўқитиш орқали инсонлар фикрини ўзгартиришни энг самарали усул сифатида кўради. Шу сабабдан инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташкилотни террорчи ҳаракат ўлароқ кўриб бўлмасликни айтадилар. Бироқ айрим экспертлар бу фикрга қарши чиқади.
"Хизбут-Таҳрир ўз пропагандасида одамларни қайноқ нуқталарга жиҳодга боришга чақирмаса ҳам, унинг аъзолари Россияда айни дамда халифалик қуриб бўлмаслигини яхши англайди ва шунинг учун улар дунё харитасидан ўзларига қулай ерларни излаши мумкин. Махсус хизматларнинг хавотирини тушунса бўлади - Хизбут-Таҳрир аъзолари одамларни ИШИДга қўшилишга рағбатлантирмайди, аммо жиҳод учун мафкуравий асос тайёрлаш билан шуғулланади," деган эди Россия Ислом Университети ректори Рафиқ Муҳаметшин Би-би-си билан 2016 йилдаги суҳбатида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












