Россия ва Туркия: Аққую атом станцияси борасидаги экологик ва сиёсий хавотирлар қандай?

Сурат манбаси, Mikhail Klimentyev/Getty Images
- Author, Дилдора Тўлаганова
- Role, Мустақил журналист, Туркия
Туркия матбуоти мамлакат жанубида қурилаётган Аққую атом электр станцияси бетон пойдеворида ёриқлар қайд қилингани май ойида хабар қилганди.
Аммо, бу илк шундай ҳодиса эмас эди.
Бетон билан қопланган пойдевордаги илк ёриқлар Туркиядаги Атом Энергияси Агентлиги (ТАEК) томонидан 2018 йил июлида топилган.
Бу ҳодисадан сўнг Россиянинг лойиҳага масъул "Росатом" давлат компанияси бетон пойдеворини бошқатдан қуриб чиққанди, аммо 2019 йил май ойида ТАEК янги ёриқ юзага келганини маълум қилди.
РБК сайтига Росатом манбаси тасдиқлашича, бу каби ёриқлар қоришма танлаш вақтидаги тест жараёнида содир бўлиши одий ҳолат. Натижада, уларга кўра, ёриқлар пайдо бўлишини бартараф этувчи қоришма танланди ва қурилиш ишлари энди жадал давом этмоқда.
Аққую атом станцияси қурилишининг тақдимот маросими 2018 йил 3 апрелда Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған иштирокида Мерсин вилоятида бўлиб ўтганди.
Импортга қарамлик
Туркия шамол, қуёш ва гидроенергетика, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланганига қарамай, тез суратларда ошиб бораётган электр эҳтиёжларини асосан импорт ҳисобидан таъминлайди.
Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар фондининг энергетик олими Юнус Фурунжига кўра, Туркиядаги нефтга бўлган талабнинг 90 фоизи ва табиий газга бўлган талабнинг 99 фоизи импорт ҳисобига қондирилади.
Айни дамда келгуси 10 йил ичида энергияга бўлган эҳтиёж 50%га ошиши башорат қилинмоқда.

Сурат манбаси, Anadolu Agency/Getty Images
Туркиянинг тинч атомга бўлган қизиқиши 1955 йилда АҚШ президенти Дуайт Эйзенҳауэр томонидан имзоланган Ҳамкорлик шартномасидан бошланганди.
Қурилишнинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш 1960-йилларда амалга оширилди.
Бироқ молиялаштириш масаласидаги қийинчиликлар, Чернобыль фалокати, ҳамда 1999 йилда кучли зилзила юз бериши сабабли бу масалада аниқ бир қарорга келинмади.
2007 йилда бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган қонун қабул қилинди ва Россия давлат компанияси "Росатом" билан молиялаштириш келишуви имзоланди.
Аққую Атом электр станцияси учун ускуналарни етказиб берувчи таъминотчилар қаторида Япония, Жанубий Корея, Хитой ва Канада бор эди.
Лекин, Россия ўзгача маркетинг режаси, яни BOO моделини (build own operate/ қур, эга бўл, юрит) таклиф қилди.
Унга кўра, қурилган реакторлар чет элда жойлашса-да (бу ҳолатда Туркия), мулк соҳиби Россия бўлиб қолади.
Ядро энергетикасида бу схема биринчи маротаба қўлланилмоқда. Лойиҳага киритилган Россия инвестицияларининг умумий ҳажми 22 миллиард долларга тенг дея баҳоланган.
Сиёсат ва табиат таъсири
Туркиялик мутахассисларнинг Аққую атом станцияси лойиҳаси борасидаги фикрлари бўлинган.

Сурат манбаси, YouTube/AyhanTarakci
Туркия телевидениесида тинч атом энергиясини ривожлантиришни қўлловчи қатор ҳужжатли фильмлар намойиш қилинган. Хусусан, Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжар, ҳамда ЮНЕСКО мукофотини олган олима Билге Демиркўз иштирокида яратилган ижтимоий роликлар атом электростанцияси афзалликлари ҳақида ҳикоя қилади.
Аммо, таниқли видеоблогер, Доғуш Университети доценти Айхан Таракчи YouTube каналидаги маърузаларида АЭСнинг хавфини ёритган.
Унга кўра, Туркиядаги атом станциялари, ва умуман энергетика манбалари харбий можароларда хавфли нукталарга айланиши хавфи бор, шундай экан биринчи навбатда атом станциялари қаттиқ муҳофаза қилиниши зарур.
Шуниндек, Таракчининг айтишича, Аққую бошқаруви Туркия эмас, балки Россиянинг қўлида бўлар экан, унинг юритилишига сиёсий ўзгаришлар салбий таъсир қилиши мумкин.
2015 йил ноябрида Туркия армияси Сурия билан чегарада Россия қирувчи учоғини уриб тушириши ортидан ўзаро алоқалар кескин ёмонлашганди.
Ҳодиса ортидан Россия Туркияга нисбатан иқтисодий санкцияларни киритган, қатор туркияликларни Россиядан чиқариб юборган, Туркия курортларига Россияликлар боришини таъқиқлаган ва ўзаро парвозларни тўхтатганди.
Мазкур инқироз даврида, Айхан Таракчининг эслатишича, атом энергетикаси борасидаги бутун бошли дастурлар тўхтатиб қўйилган, ҳамда Россияда атом энергетикаси илмини ўрганаётган турк талабалар Туркияга қайтиб келишга мажбур бўлишганди.

Сурат манбаси, Nukleer Enerji Kamu Spotu Reklami
Айни пайтда Россия олий ўқув юртларидаги ядро энергетикаси факультетларида 220дан зиёд турк талабаси таҳсил олади.
Туркиядаги Геология муҳандисларининг палатасининг раиси Ҳусейн Аланга кўра, Аққуюдаги АЭС Эжемиш сейсмик ҳудудидан атиги 27 километр узоқликда жойлашгани уни чуқур хавотирга солади.
"Бу вилоят ҳар доим фаол тектоник ҳаракатга эга эканлигини унутмаслик зарур", - дейди у.
Норасмий маълумотларга кўра, ушбу ҳудудда яшовчи маҳаллий аҳолининг Туркиянинг бошқа вилоятларига кўчиши ҳоллари кўпайган.
Туркия Энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, Мерсин ва Синопдаги атом станциялари ишга туширилиши Туркия электр эҳтиёжининг 20 фоизини таъминлайди.
Аққуюнинг биринчи энергоблоки 2023 йилда ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












