Дунё, янгиликлар: Шайх ўлими, яна Трамп, фоҳишалар ва урушқоқ АҚШ

БАА шайхи

Сурат манбаси, Getty Images

БАА шайхи Лондонда тўсатдан вафот этди. Амстердамдаги машҳур "қизил фонусли кўчалар" ёпилиши мумкин. Ашаддий фейк нюс танқидчиси: Трамп фейк рекламадан фойдаланди. Тарихий учрашувга қарамай, Ш Корея АҚШни «урушқоқлик»да айблади - bbc.com/uzbek дайжести.

Тафсилотлар

БАА шайхи Лондонда тўсатдан вафот этди

Бирлашган Араб Амирликлари таркибига кирувчи Шаржа амирлиги бошқарувчисининг ўғли бўлмиш Шайх Ҳолид бин Султон ал-Қосимий душанба куни Лондонда оламдан ўтган.

39 ёшда бўлган ворис шаҳзоданинг танаси сешанба куни ёриб кўрилган, аммо ўлим сабаблари номаълумлигича қолмоқда.

Шайх Ҳолид кийимлар дизайнери ўлароқ фаолият юритиб келган. Унинг Qasimi лейбли остидаги кийимлари Лондондаги Мода ҳафтасида намойиш этилган.

Чоршанба куни ворис шаҳзода БААда дафн этилган, мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинган.

Қосимийлар оиласи БААдаги икки амирликни - Шаржа ва Рас ал-Ҳайма - бошқариб келади. Марҳум Шайх Ҳолиднинг отаси Шайх Султон бин Муҳаммад ал-Қосимий Шаржа амирлигини 1972 йилдан буён назорат этади.

Шайх Ҳолид Шаржа шаҳарсозлик кенгашига раҳбарлик қилгани айтилади. Ўз исмининг ошкор қилинишини истамаган унинг яқин таниши сўзлашича, ворис шаҳзода Лондонда архитектура соҳаси бўйича таҳсил олган ва юксак иқтидор эгаси бўлиб, инсон ҳуқуқлари масаласига бефарқ бўлмаган.

Амстердамдаги машҳур "қизил фонусли кўчалар" ёпилиши мумкин

Амстердам

Сурат манбаси, AFP

Нидерландиянинг Амстердам шаҳрида жойлашган ва ўзининг фоҳишахоналари билан донг таратган «қизил фонуслар мавзеси»ни ёпиш масаласи ўртага чиқмоқда.

Шаҳар мери Фемке Ҳалсема йигирма йилдан бери мавжуд секс туризм соҳасини кескин ислоҳ этиш режаларини очиқлаган.

Ҳалсема хоним илгари сурган таклифлар орасида фоҳишаларнинг кўргазма-ойналар ортида ўзини кўз-кўз қилишини тақиқлаш ҳам бор.

Шаҳар мери бу таклифлар фоҳишаларнинг қўпол сайёҳлардан ҳимоя қилиш ва одам савдосига қарши кураш йўлида ишлаб чиқилганини таъкидлаган.

Бироқ, бир вақтнинг ўзида, фоҳишабозликни қонунан тақиқлаш назарда тутилмаяпти, дея қўшимча қилган Ҳалсема хоним.

Шу тариқа сайёҳларнинг севимли гўшаси бўлмиш «қизил фонуслар мавзеси»ни ислоҳотлардан ортидан қуйидаги тўрт ҳолатдан бири кутиши мумкин: кўчаларга қаратилган кўргазма-ойналарни ёпиб ташлаш; фоҳишахоналарнинг ёпилиши ва уларни шаҳар четига кўчирилиши; шаҳардаги фоҳишахоналар сонининг қисқартирилиши; ва кўргазма-ойналар ортида турувчи аёлларни лицензиялашнинг кучайтирилиши.

Шунингдек, теграси ўраб олинган алоҳида «эротик зона» ташкил этиш масаласи ҳам ўрганиб чиқилаётгани айтилади.

Танқидчилар секс туризмнинг бундай қаттиқ назоратга олиниши фоҳишаларга бўлган талабнинг камайишига олиб келмаслиги, аксинча, ноқонуний ва хатарли фоҳишабозлик авж олиши эҳтимолидан огоҳлантирмоқда.

Ашаддий фейк нюс танқидчиси: Трамп фейк рекламадан фойдаланди

Реклама

Сурат манбаси, donaldtramp/facebook

АҚШ президенти Доналд Трампнинг қайта сайланиши тарғиб қилинган қатор реклама роликларида, таъкидлангандек, оддий одамлар эмас, балки актёрлар роль ўйнагани маълум бўлди.

Trump Make America Great Again Committee томонидан молияланган шундай роликлардан бирида "флоридалик Треси" дея таништирилган ёш аёлнинг шифокор ва президент Трампнинг ашаддий тарафдори экани таъкидланади.

Бироқ "Треси" аслида оддий актриса эканлиги очиқ маълумотлар асосида аниқланган.

Ижтимоий тармоқларда доимо фейк хабарларни танқид қилувчи жаноб Трампнинг сохта обрў кетидан қуваётгани танқид остига олинган.

Шунингдек, яна бир роликда «Вашингтондан Томас»нинг қаҳвахона ишлаши ҳамда унинг президент Трамп ва оиласи учун «Яратгандан куч ва закийлик» тилаши айтилади.

Аммо интернетдаги очиқ суратлардан «Томас» ишлайдиган қаҳвахона аслида Вашингтонда эмас, балки Токиода жойлашгани аён бўлган.

Танқидчилар роликларнинг пастки қисмида «сўзлар асл муаллифларга тегишли, актёрлар ижроси» огоҳлантириши ёзилган бўлса ҳам, унинг атиги бир неча сонияга ва жуда майда ҳарфлар билан пайдо бўлиши томошабинни чалғитишини билдирмоқда.

Тарихий учрашувга қарамай, Ш Корея АҚШни «уришқоқлик»да айблади

АҚШ ва Шимолий Корея президентлари

Сурат манбаси, Reuters

Доналд Трамп ва Ким Чен Иннинг тарихий учрашувидан бир неча кун ўтиб, БМТга ташриф буюрган Шимолий Корея делегацияси АҚШни «душманона ҳаракатларга ўчлик»да қоралаган.

Шунингдек, делегация Вашингтоннинг Корея яриморолидаги «тинч муҳит»ни бузишга уринаётганини ҳам таъкидлаган.

Ўтган якшанба жаноб Трамп Шимолий ва Жанубий Корея чегарасидаги демилитиризация зонасида раҳбар Ким билан учрашиб, Шимолий Корея тупроғига қадам қўйган илк АҚШ президентига айланган эди.

Учрашув давомида икки томон Корея яриморолини ядросиз ҳудудга айлантириш йўлидаги музокараларни қайта бошлашга келишиб олгани хабар қилинган эди.

Бироқ чоршанба куни чиққан Шимолий Корея делегацияси баёноти икки мамлакат ўртасидаги совуқчиликни янада кучайтириши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Расмий Пхенян АҚШнинг санкцияларни «барча муаммоларга ечим» ўлароқ кўриши «кулгили» эканини ҳам билдирган.

Вашингтон ҳозирча ушбу баёнотга муносабат билдирмаган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.