Дунё, янгиликлар: Дубай маликасининг қочган жойи маълум бўлди ва нега Хитой-Қирғизистон чегарасидан ўтмаслик керак?

Сурат манбаси, Getty Images
Малика Ҳаянинг яширинган жойи маълум бўлди. Далай Лама аёллардан кечирим сўради. Хитой чегарасида эҳтиёт бўлинг. Ливиядаги 40 га яқин муҳожир ҳаво ҳужуми туфайли ҳалок бўлди.
Малика Ҳаянинг яширинган жойи маълум бўлди
Аввалроқ Дубай бошқарувчиси Шайх Муҳаммад Ал Мақтумнинг рафиқаларидан бири бошқа мамлакатга қочиб кетгани маълум бўлган эди.
Би-би-си 69 яшар Шайх Муҳаммаднинг олтинчи ва «кенжа аёли» бўлмиш малика Ҳая Лондонда эканини аниқлашга муваффақ бўлди.
Шу йили малика Ҳая сиёсий бошпана сўраш мақсадида Германияга қочиб кетгани маълум бўлган эди. Бироқ ҳозирда у Лондон марказидаги $107 миллионли уйда яшаётгани аниқланган.
Айтилишича, малика турмуш ўртоғидан ажрашиш учун судга мурожаат этишга тайёрланмоқда.
Асли иорданиялик бўлган малика Ҳая 2004 йилда Шайх Муҳаммадга турмушга чиққан. Шайхнинг турли аёллардан 23 нафар фарзанди борлиги иддао қилинади.
Бундан озроқ вақт олдин Шайх Муҳаммад Instagram тармоғида номаълум аёлни «бевафолик ва хиёнат»да айбловчи шеърни эълон қилган.
Малика Ҳаяга яқин манбаларнинг билдиришича, у ўтган йили турмуш ўртоғи Шайх Муҳаммаднинг қочиб кетган қизи - Шайха Латифанинг Дубайга қайтарилиши ортида турган ёқимсиз далиллардан воқиф бўлган. Малика Ҳая ўша вақтда инсон ҳуқуқлари топталгани эҳтимоли юзасидан Дубайнинг халқаро обрўсини ҳимоя қилган эди.
Бироқ, ўшандан бери, малика Дубай бошқарувчисининг оила аъзолари томонидан босимга учрай бошлагани ва ўзини амирликда ортиқ хавфсиз ҳис этмагай қолгани тахмин қилинади.
Таҳлилчилар Бирлашган Араб Амирликлари билан яқин бизнес алоқаларга эга Буюк Британия маликанинг қочиб кетиши ортидан қийин дипломатик вазиятга тушиб қолиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Далай Лама аёллардан кечирим сўради

Сурат манбаси, Getty Images
Ўтган ой Би-би-си билан суҳбатлашган Далай Лама унинг ўрнига келиши мумкин бўлган аёлнинг «жозибадор» бўлиши лозимлигини билдирган эди.
Бироқ Далай Ламанинг идораси маънавий етакчининг ушбу сўзлари юзасидан узрнома эълон қилди.
«У ўз сўзларидан жабр чеккан одамлар учун чуқур афсусда ва ўзининг самимий узрини изҳор этади,» дейилади баёнотда.
Шунингдек, расмий баёнот Далай Ламанинг бутун умри давомида аёлларнинг жинсий объектга айлантирилишига қарши бўлгани ва жинсий тенгликни қўллаб келгани ҳамда моддиятдан кўра ички гўзаллик фалсафасини ёқлагани таъкидланади.
Баёнотда Далай Ламанинг аёллар тўғрисидаги сўзлари «шунчаки ҳазил»га йўйилган.
Хитой чегарасида эҳтиёт бўлинг

Сурат манбаси, Getty Images
Guardian нашрининг ёзишича, Хитой чегарачилари Қирғизистон ҳудудидан мамлакатга ўтаётган одамларнинг мобил телефонларига жосус иловаларни яширинча ўрнатмоқда.
Guardian ва унинг ҳамкорлари томонидан олиб борилган текширувдан аён бўлишича, Қирғизистон билан чегара ҳудудида хитойлик расмийлар саёҳатчилардан ўз телефонларини қулфдан очиб, тақдим этишни мунтазам сўрайди. Сўнг улар телефон билан бир неча дақиқага кўздан ғойиб бўлади.
Журналистларнинг иддаосига кўра, шундан сўнг телефонда ёзишмалар ва контактларни кузатувчи мобил илова пайдо бўлади.
Бундай ҳолат Қирғизистон ва Хитойнинг Шинжон провинцияси ўртасидаги Иркештом чегара кесишмасида кузатилгани айтилади.
Иловани ўрганган экспертлар жосус-дастурнинг Андроид операцион тизими асосида ишловчи телефонлар учун Хитойда ишлаб чиқилгани ва, шунингдек, у телефон хотирасидаги расм ҳамда матнларни ҳам ўқий олишини маълум қилади.
Ливиядаги 40 га яқин муҳожир ҳаво ҳужуми туфайли ҳалок бўлди

Сурат манбаси, AFP
Ливия пойтахти Триполи теграсида жойлашган махсус марказга ҳаводан ракета келиб урилган.
Оқибатда, марказда сақланаётган 40 га яқин муҳожир ҳалок бўлган, қарийб 80 инсон жароҳат олган.
Ҳалок бўлганларнинг аксарияти Ливия орқали Европага яширинча етиб олишни кўзлаган африкаликлар экани айтилмоқда.
Халқаро тан олинган Миллий Келишув Ҳукумати ҳужумда исёнчи генерал Халифа Ҳафтарни айблаб чиққан. Генерал бошчилигидаги Ливия Миллий Армияси ҳодисага ҳозирча изоҳ бермаган.
Апрель ойида генерал Ҳафтар кучлари Триполини эгаллаб, ҳукуматни ағдариш мақсадида ҳарбий ҳаракатлар бошлаган эди.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.












