Улкан бўғма илон қандай қилиб бир аёлни ютиб юборди?

File photo - Close up of a Reticulated Python head

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бу илон 10 метрдан ҳам узунроқ экан

7 метрли питон (улкан бўғма илон) индонезиялик аёлни ўлдириб, сўнг ютиб юборгани ҳақидаги хабар деярли бир ҳафтадан бери дунё матбуотида кезиб юрибди.

Би-би-си ушбу воқеага ойдинлик киритишга қарор қилди. Одамларнинг питон томонидан ўлдирилиши жуда камёб ҳодиса бўлсада, Тиба исмли аёл ўтган бир йил ичида судралиб юрувчи томонидан Индонезияда ўлдирилган иккинчи шахсга айланди.

Воқеа аслида қандай бўлган эди?

54 яшар Ва Тиба ўтган ҳафта ўрталарида Сулавеси вилоятига қарашли Муна оролидаги сабзавотлар экилган томорқасини текширишга кириб кетганича қайтиб топилмаган эди. Аёлнинг ғойиб бўлгани ҳақидаги хабар ортидан маҳаллий полиция кенг кўламли қидирув ишларини бошлаб юборди.

Аёлнинг оёқ кийими ва мачета (катта пичоқ)сини бир кун ўтиб, топиб оладилар. Одамлар худди шу жойдан 30 метр нарида қорни шишиб ётган питон ётганини пайқаб қоладилар.

«Маҳаллий одамлар илон аёлни ютиб юборган бўлса керак, деган шубҳага бориб, уни ўлдирадилар ва боғдан олиб чиқадилар,» дейди маҳаллий полиция бошлиғи.

«Илон ёриб кўрилганда, ҳақиқатан ҳам, ичидан аёлнинг жасади топилди.»

Ўша куни индонезиялик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари оломон аёлнинг яхлит танасини қандай қилиб илоннинг ичидан чиқариб олаётгани тасвирланган суратлар ва видеоларни улаша бошладилар.

Питонлар қандай ҳужум қилади?

Сулавесидаги воқеа қаҳрамони холдор питон эканлиги тўғрисида тахминлар бор.

Бундай турдаги бўғма илонлар узунлиги 10 метргача етиши мумкин. Улар жуда кучли бўлиши билан танилган. Холдор питонлар пистирмада ўлжасини пойлаб туради ва ҳужум қилиб, қурбоннинг танасига чирмашиб олганча уни бўғиб олади. Оқибатда қурбоннинг суяклари мажақланиб, нафас ололмай қолади.

Ўлжа атиги бир неча дақиқа ичида нафас қисиши ёки юрак тўхташидан жон таслим қилади.

Сўнг илон ўлжасини бутунлигича ютиб юборади. Уларнинг иккала жағи ўта қайишқоқ пайлар билан уланган. Бундай жағлар ўлжанинг ҳажмига мослаша олади.

Бироқ одамларни ютиш питонлар учун осон иш эмас. "Одамнинг елка суягини синдириш ўта мушкул, шу сабабли питонлар бизни бутунлай ютишда анча қийналади,"деган эди Синагапур Ёввойи Табиатни Муҳофаза Қилиш ташкилотидан Мари-Рут Лоу Би-би-си билан бўлиб ўтган олдинги суҳбатларининг бирида.

A Reticulated Python belongs to Steven Prasetyo is seen in Jakarta, Indonesia on January 23, 2018.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Одатда бунақа бўғма илонлар одамлардан нари юришади...

Питонлар бошқа катта ҳайвонларни юта оладими?

Видео тагсўзи, Табиат манзаралари ва жониворларни томоша қилишнинг фойдаси ҳақида биласизми?

"Питонларнинг севимли озуқаси сут эмизувчилардир," изоҳлайди Лоу хоним. Шундай бўлсада, улар баъзан бошқа судралиб юрувчилар, жумладан, тимсоҳларни ҳам ейди.

Одатда, улар каламушлар ва бошқа кичик ҳайвонларни тутади, дэйди Лоу хоним. "Бироқ уларнинг ўлчами каттарган сайин каламушлар керакли озуқавий кучни бера олмай қолади."

"Натижада, питонлар ўз ўлчамига мос ўлжа излай бошлайди."

Питонлар ея оладиган энг катта ҳайвон чўчқа ёки сигир бўлиши мумкин.

Баъзи пайтда питонлар ўлжасининг ҳажмини аниқ ҳисоблай олмай қолади. 2005-йили Флоридада бир қора йўлбарс питон аллигаторни ютишга уриниб кўради. Жараён давомида аллигатор ўлчами катталик қилиб, питоннинг қорни ёрилиб кетади ва иккала ҳайвон ҳам ҳалок бўлади.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, питонлар дуч келган ҳайвонни ямлаб кетавермайди. Улар ҳам ўлжасини танлайди. Иш шу даражагача бориши мумкинки, питон ўзига мос ўлжани топа олмаса, арзимаган овқатга қаноат қилиб, узоқ муддатгача кутиб ётади.

Image of a man cutting open a huge snake with a long knife, while villagers look on. Salubiro village, Karossa, Central Mamuju, West Sulawesi, Indonesia. Published by Tribun Timur on 28 March 2017.

Сурат манбаси, West Sulawesi Police

Сурат тагсўзи, Видеода илоннинг қорни ёрилади ва ичидан одам олинади

Нечта одам илонларга емиш бўлган?

Тиба илонга ўлжа бўлган ягона инсон эмас. 2002 йилда тоғ бўғма илони Жанубий Африкада 10 яшар болани ютиб юборгани маълум.

Ўтган йилнинг март ойида эса, айнан Сулавесида, бир фермерни 7 метрли илон еб қўйгани ҳақида хабарлар тарқаган эди.

Ҳужум пайтида 25 ёшли фермер йигит қишлоғи яқинидаги палма плантациясида бўлган. Унинг танасини илоннинг ичидан чиқариб олиш жараёни тасвирга туширилган.

Шунингдек, ўтган йили Индонезиянинг Суматра вилоятида бир эркак ўзига ҳужум қилган 7,8 метрли питонга қарши курашиб, жонини омон сақлаб қолишга муваффақ бўлган. Жанг давомида у бир қанча жароҳатлар орттирган.

Шу вақтга қадар дунёнинг турли бурчакларидан питонларга емиш бўлган инсонлар ҳақида бир қанча хабарлар чиққан. Аммо улар, асосан, олис қишлоқларда содир бўлган бўлиб, воқеаларнинг ҳақиқийлигини исботлайдиган бирор гувоҳ ёки далил топилмаган.

Ўзининг ўн йилдан зиёд умрини Филиппиндаги Агта номли ёввойи қабилада ўтказган антрополог Томас Ҳедланднинг иддао қилишича, ушбу қабила эркакларининг тўртдан бир қисми ҳаётида бир марта бўлсада, холдор питон ҳужумига учраган.

Уларнинг деярли барчаси мачета ёрдамида илондан қутилиб қолишга муваффақ бўлган. Вояга етган Агта қабиласи эркаклари жисмонан кичик жуссали бўлгани сабабли питонлар уларга тез-тез ҳужум қилиб туради, ёзади олим ўз тадқиқотида.

Бравижая Университетидан илонлар бўйича мутахассис Ния Курниаваннинг Би-би-си Индонезия Хизматига айтишича, питонлар тебранишлар, шовқин ва чироқлардан ажралиб чиқувчи иссиқликка таъсирчан бўлгани сабабли, одатда, аҳоли масканларини четлаб ўтади.

Ўтган ҳафта ҳалок бўлган аёлнинг томорқаси турли кичик ғорларга тўлиб-тошган қоянинг остида бўлган. Бундай жойларда, табиийки, илонлар кўп бўлади, дейди маҳаллий полиция бошлиғи.

________________________________________

Холдор питон (Пйтҳон ретиcулатус)

•Дунёдаги энг узун илон. Узунлиги 10 метрдан ўтиши мумкин;

•Гиннес Рекордларига киритилган тутқинликдаги энг йирик холдор питон узунлиги 7,6 метрга тенг бўлиб, ушбу рекорд 2011 йили АҚШнинг Канзас шаҳрида қайд этилган;

•Холдор питонлар, кўпинча, ўрмонларда яшайди ва одамдан қўрққани учун уларни топиш қийин;

•Индонезиянинг баъзи ҳудудларида бу илон муқаддас ҳайвон сифатида кўрилади;

•Яна ўнлаб бошқа турдаги бўғма илонларни Саҳройи Кабир атрофлари, Австралия, Непал, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Бирма, Хитой ва Жанубий-Шарқий Осиёда учратиш мумкин.