Исроил ва Саудия Арабистони кимга қарши дўстлашмоқда?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Жонатан Маркус
- Role, BBC News
Саудия Арабистони ва Исроил минтақада Эроннинг тобора кучайиб бораётган таъсирига қарши курашда ҳам нияти ва ҳам амали билан иттифоқчилардир.
Бу икки давлатнинг шаклланиб бораётган ва қайсидир маънода нозик алоқалари ҳар доим ҳам шаффоф эмас.
Ўтган ҳафта Исроилнинг юқори лавозимли ҳарбий мулозимларидан бири генерал Гади Эйзенкот Саудияга тегишли Elaph газетаси билан суҳбатда жосуслик маълумотларини Саудия билан алмашишга тайёр эканини айтди.
"Эрон масаласида биз Саудия Арабистони билан якдилмиз", деб айтган у.
Бир неча кун ўтгач эса Саудиянинг собиқ Адлия вазири Доктор Муҳаммад Бин Абдул Карим Исса Исроил газетаси билан суҳбатда Исроилни танқид қилди.
Сал ўтмай Исроил собиқ ҳарбий мулозими Лондонда икки Саудия шаҳзодаси билан суҳбатлашганини ошкор қилди.
Бу суҳбада Саудия шаҳзодалари унга унга "сиз ортиқ бизнинг душманимиз эмассиз", деб лутф қилишган.
Айнан шу каби муждалар тасодий эмас.
Улар эҳтиёткорона мувофиқлаштирилган ва Эрон учун огоҳнома бўлибгина қолмай, Саудия жамиятини бу назокат билан бу каби муносабатларда тайёрлашни ҳам кўзда тутади.
Исроиллик эса бу каби муносабатлар ҳақида очиқроқ гапираверишади.
Аммо бу даъволар қанчалар амалий ва ё стратегик аҳамиятга молик бўлиши мумкин деган саволга аниқ жавоб йўқ.
Аниғи шуки, Саудия ва Исроил ўртасидаги муносабатлар тараққий топмоқда.
Эрон хатари

Сурат манбаси, AFP
Бир тарафда бу "вазият тақозоси билан барпо бўлган коалициядир".
2003 йилда Ироқда Саддам Ҳусайн қудратдан ағдарилар экан, шиалар Эронини "босиб турган" сунний араблар ўзларига янги хатар пайдо бўлганини сезиб қолишди.
Ироқнинг асосан шиалардан иборат янги ҳукумати Теҳрон билан яқин алоқаларни йўлга қўйди.
Ироқ шиалари қўшни Сурияда Ассад режимини дастаклай бошлади.
Эрон Россияга қўшилиб Сурияда Ассад режимини дастаклаши Теҳрон фойдасига ўйнаб қолди.
Сурия орқали Теҳрон Ўрта Ер денгизига ўзи учун муҳим стретегик йўл яратди.
Суннийлар эса бу билан Эрон Араб Яқин Шарқининг юрагига кириб келиш эҳтимолидан хавотирга тушишган.
Эрон ва Саудия ўртасидаги рақобату душманлик аслида ҳам стратегик ва ҳам диний асосларга эгадир.
Ҳозирча Эрон ва унинг иттифоқчилари, жумладан турфа шиа жангари гуруҳларнинг қўли баланд келаётган кўринади.
Исроил ва Саудия Арабистони муносабатларининг яхшиланиши ва ё шунга ҳаракатлар ҳам айни ўринда мантиқлидир.
Иккала давлат ҳам Эронни ядро қуролига эга бўлишига қаршилик қилиб келади.
Саудия ва Исроил Эрон ядро дастурига доир халқаро келишувлардан ҳам рози эмаслар.
Иккала давлат Ливандаги яхши қуролланган ва тайёргарликдан ўтган Ҳизбуллоҳдан ҳам хавотирда.
Трамп фактори

Сурат манбаси, AFP
Аммо гап фақат тобора кучайиб бораётган Эрон ҳақида эмас.
Бошқа ҳал қилувчи омилларни ҳам назарда тутиш керак.
Улардан энг эътиборга молиги АҚШнинг Трамп бошчилигида янга маъмуриятидир.
Бу маъмурият Яқин Шарққа Араб баҳори ва Суриядаги мисли кўрилмаган даҳшатли уруш манзарасида қандай таъсир ўтказмоқда.
Бир қараганда на Саудия Арабистони ва на Исроил Вашингтондан норози бўлишга ҳақлидай...
Трампнинг ҳар иккала давлатга қилган сафари ва Эрон билан Барак Обама даврида эришилган шартномага ишончсизлик билан қараши айни муддао бўлди.
Шунингдек, Трамп Форс кўрфазидаги АҚШ иттифоқчилари билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
Иттифоқчи давлатлардан мураккаб қурол-яроғларни аямаяпти.
Лекин амалда вазият у қадар осуда эмас.
Сурияда АҚШ Россия ва Эронга ўз мавқеисини деярли бой бериб қўйди.
Эрон таъсирини озайтириш йўлида ҳам фақат шовқин солинмоқда, холос.
Саудия валиаҳди эса айни шу нуқтаи назардан келиб чиқиб ташаббусни қўлга олаётгандай...
Исроил ва Саудия минтақада АҚШ таъсирининг заифлашаётгани ва Россиянинг кучайиб бораётганига монанд сиёсий қадамлар ташлашга чорланмоқда.
Исроил хавотирлари

Сурат манбаси, Getty Images
Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бир вақтнинг ўзида икки катта ишни бажариш ҳаракатидадир.
Бири Эроннинг тобора кучайиб бораётган таъсирини пасайтириш бўлса, иккинчиси мамлакатни замонавийлаштириш билан боғлиқ...
У минтақа ўз келажаги учун ҳам ислоҳотларга муҳтож деб ишонади.
Ва бу ўзгаришлар биринчи навбатда мамлакатнинг ўзида бошланиши керак.
Ислоҳотлар эса Эрон таъсирини камайтириш каби муҳим.
Бир неча хуфёна маслаҳату мунозараларга кўра, Исроил Саудиянинг бу каби қадамларига ишонади.
Шу билан бирга Исроил валиаҳд шаҳзоданинг айни қадамлари хатарлардан холи эмаслигини яхши билади.
Аммо Суриядаги уруш ва айрим исроилликлар назарида кимёвий қуролларнинг "нормаллашуви" аксариятни даҳшатга солди.
Москва эса БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги ўрнидан фойдаланиб Сурия режимини ҳимоя қилмоқда.
Исроилликлар Сурияни минтақа келажагининг "лабороторияси" деб билишади.
Шунда ҳам Исроил валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг ҳаракатларига хайриҳоҳлик билан қарамоқда.
Аммо Исроил ва Саудия Арабистонининг ҳамкорлиги қанчалар узоққа чўзилиши мумкин?
Бу саволга бир томонлама жавоб бериш мумкин эмас.
Валиаҳд шаҳзода ўз мамлакатини ислоҳ қилиш нияти ва амаллари қанчалар муваффақиятли кечади?
Саудия минтақада таъсир доирасини кенгайтира оладими?
Агар Саудия ва Исроил муносабатлари янада яхшиланадиган бўлса, унда Фаластин масаласида ҳам ривожланиш бўлиши керак.
Саудияликлар Исроилни очиқ тан олишлари учун айни масала ҳал қилиниши лозим деган қарашларида йилларки собит қолишмоқда.
Фаластин давлатчилигини кафолатлайдиган тинчлик музокаралари бошланмас экан, Саудия ва Исроил муносабатлари ва ё "иттифоқчилиги" сояла қолиб кетаверади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002













