Саудия Арабистони: аёл рулга ўтириши мумкин

Саудия Арабистони

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Саудия Арабистонида узоқ йиллардан буён аёлларнинг рулга ўтиришига изн бериш талаби билан кампания олиб борилади.

Саудия Арабистони подшоси 2018 йил июнидан хотин-қизларга ҳайдовчилик гувоҳномасини беришга йўл очадиган фармонни имзолаган.

Шу вақтгача Саудия дунёдаги аёлларнинг автомобиль бошқариши тақиқланган ягона мамлакат бўлиб қолаётган эди.

Хотин-қизлар ҳам Саудия Арабистони ҳудудида машина ҳайдаш ҳуқуқига эга бўлишлари керак деган талабни илгари сурган аёл фаоллар ҳибсга олинган.

Бу мамлакатда узоқ йиллардан буён аёлларнинг рулга ўтиришига изн бериш талаби билан кампания олиб борилади.

Саудия уламолари хотин-қизларнинг автомобиль бошқаришига қарши бўлиб келганлар, мамлакат муфтийси бу борада фатво чиқарган.

Саудия Арабистони давлат ахборот агентлиги хабарида айтилишича, "подшоҳ фармони йўлларда ҳаракатланиш қоидалари, шу жумладан, эркаклар ва аёлларга тенг ҳуқуқлилик асосида ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш қоидаларини ҳам бошқаради".

Подшоҳ фармонига биноан мамлакатда Ички ишлар, Молия, Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазирликлари вакилларидан иборат махсус комиссия ташкил этилади, бу комиссия давлат раҳбари фармонини қай тарзда ҳаётга татбиқ этиш борасида қарор қабул қилади.

Бунинг учун комиссияга 30 кунлик муҳлат берилган.

Подшоҳ аёлларга ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш борасидаги ўзининг фармони 2018 йил июнидан кучга кириши лозимлигини урғулаган.

Фармонда хотин-қизларнинг рулга ўтириши билан боғлиқ янги тартиб-қоида "шариат қоидаларига мувофиқ келиши лозим"лиги таъкидланган, бироқ мухбирларнинг ёзишича, ушбу жумла нимани англатиши номаълум.

Фармонда айтилишича, ушбу қарор Саудия уламоларининг Олий кенгаши томонидан қўллаб-қувватланган.

Саудия Арабистони ҳукумати бир неча йилдан буён меҳнат бозоридаги аёлларнинг иштирокини оширишга ҳаракат қилиб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02