Трамп виза чекловини қайта тиклай олмади

Вашингтон

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Трамнинг виза чеклови кескин норозиликларга учраяпти

АҚШнинг федерал апелляцион суди Трамп маъмуриятининг етти давлат фуқароларига қарши виза чекловини қайта тиклаш борасидаги илтимосини рад этди.

Жума куни федерал ҳакам Трампнинг бу фармонини ноконституциявий дея унга вақтинчалик тўсиқ қўйганди.

Апелляцион суднинг шанба оқшомида эришилган қарори виза чеклови масаласи ҳар томонлама кўриб чиқилмагунча кучда қолади.

Суд Оқ Уй ҳамда унга қарши чиқаётган штатларга ўз даъволарини тақдим қилиш учун душанбагача муддат берди.

Иккита штат аҳолиси асосан мусулмон ўлкалардан бўлган етти мамлакатга қарши киритилган бу чеклов конституцияга хилоф эканини айтишганди.

Трамп маъмурияти ҳакам Жеймс Робарт миллий хавфсизлик масаласида президент фармонини шубҳа остига олмаслиги кераклигини айтган.

Шунингдек, Давлат департаменти даъво қилишича, мамлакатга ким кириши ва кирмаслигини фақат президент ҳал қила олади.

Вашингтон ва Миннесота штатлари мазкур чеклов мусулмонларга қарши қаратилгани учун эътиқод эркинлигини чеклашини айтишмоқда.

Ўтган ҳафта чиқарилган Президент фармони кенг миқёсли норозиликлар ва ҳаво ширкатлари фаолиятида тушунмовчиликларни келтириб чиқарганди.

Энди Air France ва Qatar Airways ҳаво йўллари ширкатлари АҚШ нишонга олган мамлакатлар фуқаролари парвозларига изн беришни бошлашган.

Қўшма Штатларга сафар қилиши кутилаётганлар орасида юрак нуқсони билан туғилган эронлик қизалоқ ҳам борлиги айтилади. 4 ойлик Фатемеҳ Решаднинг оиласи жарроҳлик амалиёти учун уни Америкага олиб боришни режалаганди.

Ўтган ҳафта улар АҚШ визасини олиш учун Дубайга учишган, аммо жаноб Трампнинг олий фармонига биноан аризалари рад қилинганди. Қизалоқнинг масаласи Конгрессда ҳам кўтарилган ва шифокорлар агар унга мамлакатга келиш рухсати берилса, бепул хизмат кўрсатишга ваъда беришган.

Аммо Президент Трампнинг тақиқидан хавотирга тушганлар қанчаси Америкага сафар қилишга журъат қила олишлари ҳозирча номаълум.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг