Ҳиндистон Кашмирда комендантлик соати эълон қилди

Сурат манбаси, AFP
Дунё мусулмонлари Қурбон Ҳайитини нишонлаётган кунларда Ҳиндистон ўз назорати остидаги Кашмирда хавфсизлик чораларини кучайтирган.
Хавфсизлик кучлари Кашмирдаги қатор йирик масжидларга элтадиган йўлларни тўсиб қўйганлар, мобил алоқа ва Интернет хизматлари тўхтатилган.
Бунга қўшимча 13 сентябрдан бошлаб хавфсизлик кучлари осмондан пастдаги вазиятни кузатиб туриш учун учувчисиз бошқариладиган кузатув жиҳозлари - дронлардан фойдаланишни бошлаган.
Армияга ҳар қандай зўравонликни бостиришга тайёр бўлиб туриш буйруғи берилган.

Сурат манбаси, EPA
Кашмирдаги матбуот хабар қилишича, кўчалар ва дўконларда олдинги йиллардаги Ҳайит кунларига солиштирганда одамлар ва харидорлар камлигини кўриш мумкин, нонвойхоналар ва қассобхоналарда ҳам аввалгидек гавжумлик кузатилмайди.
Ҳиндистоннинг The Press Trust of India агентлиги хабар қилишича, Кашмирнинг энг муҳим Ийдгоҳ ва Ҳазратбол деб номланган мақбараларида охирги 26 йил мобайнида илк бор Ҳайит ибодатлари ва байрам тадбирлари ўтказилмаган.
Ҳиндистон расмийлари хабар қилишича, ўз назоратларидаги ҳудудда комендантлик соати эълон этилиши сабаби, бўлгинчиларнинг норозилик амалиётлари ташкил этишининг олдини олиш бўлган.
Шу йил 9 июлида Кашмирнинг Ҳиндистон бошқарувига қарши қуролли қаршилик кўрсатиб келадиган гуруҳнинг ҳарбий қўмондони 22 ёшли Бурҳон Ванийнинг ўлдирилиши норозиликларга сабаб бўлд и.
Оқибатда бўлгинчи кайфиятдаги гуруҳлар хабар қилишича, ўшандан буён 70 дан ортиқ тинч фуқаро ўлдирилган.
Бу гуруҳлар Қурбон Ҳайитида ҳаётдан кўз юмган инсонларни хотирлашга чақирган эдилар.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBC UZBEK
- Facebook- BBC UZBEK
- Google+ BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - bbcuzbekradio
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.












