Туркиядаги давлат тўнтариши ортида ким турган?

Асир тушаётган аскарлар

17 июл куни Туркия Адлия вазири Бекир Боздаг айтишича, барбод бўлган давлат тўнтаришига алоқадорликда 6000 киши ҳибсга олинган. Ҳарбий базаларга рейдлар уюштирилган. Ҳукуматга мухолиф деб кўрилган кўп сондаги прокурор ва ҳакамлар қўлга олинган. Айни пайтда давлат тўнтаришига уриниш Президент Эрдўғонга мухолифатни сиқувини кучайтиришга йўл очиб бермаслиги лозимлиги ҳақидаги огоҳлантиришлар ҳам янграмоқда.

Туркия Республикаси ташкил этилганидан бери 4 маротаба ҳарбий тўнтариш рўй берган.

Бу тўнтаришларнинг ҳаммасининг оқибати фожеавий бўлган ва кўплар инсонларнинг ҳаётини остин-устун қилган. Лекин бу йил 15 июлидаги ҳодисалар ҳаммасидан-да фожеавий эди.

Бу уриниш кутилганмиди? Йўқ. Кўпларнинг фикрича, ҳарбийлар сафидаги баъзилар Президент Эрдўғоннинг сиёсатидан норози бўлсалар ҳам, ҳарбий тўнтариш ҳақида ўйламаётгандилар.

Бунинг бир неча сабаби бор эди. Биринчидан, қудратдаги "Адолат ва Тараққиёт" партияси ҳарбийларнинг сиёсатга аралашиш қобилиятини чеклашга иложи борича ҳаракат қилиб келмоқда эди.

2007 йили қуролли кучлар раҳбари генерал Яшар Буюканит жаноб Эрдўғоннинг узоқ сафдоши деб кўрилган ва "Адолат ва Тараққиёт" асосчиси Абдулла Гулнинг президент бўлиб сайланишига қарши чиққанди. Лекин шунга қарамай, Абдулла Гул барибир сайланди ва ҳарбийларга қаршилик кучайди.

Шундан сал ўтмай, "Эркенокон" номи остида узоқ муддатли жиноий текширувлар жараёни бошланди.

Ушбу иш бўйича айбловларга кўра, "Эркенокон" сиёсий тизим ичига сингиб кирган дунёвийчилардан иборат террорчи ташкилот эди.

Гўёки улар сиёсий саҳнада ўнларча йиллар мобайнида суиқасдлар ва бомба ҳужумларини режалаб келганлар. Улар орасида ҳарбий кучлар собиқ раҳбари ҳам борлиги айтилди.

2010 йили "Болға" номи остида жиноят иши очилиб, 300 зобит қораланди. Улар "Адолат ва Тараққиёт" партиясига қарши амалларда айбландилар, лекин далилларнинг аксари қалбаки бўлиб чиқди.

Иккала иш натижасида ҳамма айбланувчилар оқландилар.

Ҳозирда бу ишларни турли тизимлардаги Фатҳулла Гулен тарафдорлари бошлаганликлари айтилади. У деярли 20 йилдан бери Америкда яшаб келаётган исломчи.

Бир вақтлар "Адолат ва Тараққиёт" партияси гуленчилар билан ҳамкорликда дунёвийчиларга қарши эдилар.

Босфор кўприги

Сурат манбаси, Getty Images

Гуленчилар давлат тизимига жуда чуқур кириб борганлар ва Президент Эрдўғон уларни "параллел давлат" дея атаб, йўқотишга киришганди. Аммо бу жараён узоқ вақт олишини айтганди.

Кўринишича, 15 июлдаги тўнтаришга уриниш бир гуруҳ полиция ва ҳарбий ҳаво кучлари зобитлари ташаббуси билан бошланган.

Қуролли кучлардаги асосий шахслар бу уринишга қўшилмаганлар. Хабарларга кўра, қуролли кучлар раҳбари ва ва денгиз кучларининг 2 генерали шунинг учун исёнчилапр томонидан гаровга олинган.

Кейинчалик қуролли кучлар раҳбари озод этилган, лекин денгиз кучлари генералларининг қаерда эканликлари ҳануз номаълум.

Исёнчи зобитлар ортида ким турганлиги ҳақида қатор тахминлар бор.

Бир тахминга кўра, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон кўпроқ назорат салоҳиятини олиш учун атайлаб ўзи уюштирган. Лекин мантиқ билан қаралса, бу ҳодисалар, сохта уринишга ўхшамайди.

Яна бир тахминга кўра, ҳарбий кучлар таркибидаги дунёвий Туркия ва Отатурк тарафдорлари гуленчиларни давлат тўнтаришига гижгижлаганлар. Улар бу уриниш муваффақиятсиз тугаб, гуленчиларга қарши тазйиқлар билан тугашига умид қилганлар.

Ва бунга қўшимча, полиция тизимидаги баъзи манбаларга кўра, ҳукумат 16 июл куни Гулен тарафдорлари бўлган ҳарбий расмийларни ҳисбга олишни режаланганди. Давлат тўнтаришини режалаганлар бундан хабар топгач, ҳибслардан бир кун аввал, у қадар тайёр бўлмасалар ҳам, амалиётларни бошлаб юборганлар.

Президент Эрдўғон матбуот анжумани

Сурат манбаси, Reuters

Президент Эрдўғон ҳам гуленчилар ҳаракатини исёнда айблади. Лекин бунда ҳам шубҳалар бор.

Биринчидан, зўравонлик ва айниқса давлат тўнтаришлари гуленчилар одатда тутадиган йўл эмас.

Улар аксар ҳолларда фитна, махфий сўзлашувларни эшитиш ва далилларни сохталаштириш билан йўл тутадилар.

Бошқа томондан, исёнчилар томонидан телевидение орқали ўқиб эшиттирилган баёнот Мустафо Отатуркнинг "Ёшларга мурожаат" нутқига жуда ўхшаш эди.

Шунингдек, исёнчилар ўзларини "Уйимиздаги тинчлик кенгаши" деб атадилар. Бу ҳам Отатуркнинг "Уйинг тинч, жаҳон тинч" шиорига ўхшаб кетади.

Лекин бу иборалар очиқчасига Отатуркка ишора бўлгани учун, балки гуленчилар била туриб, атайлаб адаштириш учун бу ибораларни қўллагандирлар.

"Адолат ва Тараққиёт" партиясига кўра, исён ортида ҳарбий прокурор ва яна 46 зобит турган. Уларнинг исми матбуотга айтилган.

Лекин ҳозирча ҳеч нарса аниқ эмас. Аммо чегара оша Суриядаги уруш, ИШИД хавфи ва курдлар қаршилиги манзарасида бу ҳарбий тўнтаришга уриниш Туркия учун ўта нохуш эврилишдир.

Эзги Басаран,

Туркиялик журналист ва Оксфорд университети, Сейнт-Антони Коллежида илмий тадқиқотини давом этираётган тадқиқотчи.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

•ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

•Instagram - BBC UZBEK

•Twitter - BBC UZBEK

•Odnoklassniki - BBC UZBEK

•Facebook - BBC UZBEK

•Google+BBC UZBEK

•YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

•Skype - uzbekbbclondon

•bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.