Ўзбекистон: боғча мудиралиги она меросми?

Бугун Ўзбекистоннинг боғчалари аксарият фоиз меросхўрлар қўлига ўтмоқда. Нега? Чунки боғча мудираси бўлган аёл пенсия ёшига етаётган пайтда ўз қизини ёки келинини қай йўллар билан бўлса-да, ўз ўрнига яъни мудиралик лавозимига “жойлаштириб” қўймоқда. Юқорида "аксарият фоиз" деганимга баъзилар “ана Ўзбекистонда адолат бор эканку, ҳеч бўлмаса бир неча фоиз боғчаларга бегона ўз ишига лойиқ, орқасида “танка”си йўқ, ўз билими билан ўқиган, жамиятга нафи тегадиган мутахассислар тайинланар эканку, дея менга эътироз билдириши мумкин. Шошманг, азиз ўқувчи, калта ўйламанг. Ўша "камроқ фоиз" мудиранинг қизи ёки келини йўқлиги учун, ёки қизлари эрта турмушга чиқиб, олий таълим олмаганлиги сабаблигина боғчалар “бегоналар” қўлига ўтиб кетаяпти.

Ҳаттоки ОблОНО деган “олий даргоҳ”даги Мактабгача таълим муассасалари (МТМ) бўйича масъул шахс лавозими ҳам онадан қизга мерос тариқасида ўтган. Қизиққанлар Фарғона вилояти халқ таълими бошқармасида узоқ йиллар “боғча опа” бўлган С исмли аёлни бу ўринни Д исмли қизига қўшқўллаб топширгани ҳақида маълумот олишлари мумкин.

Худди шу вилоятда яшовчи вилоятнинг кўзга кўринган журналистларидан бири билан суҳбатда у деярли барча боғчалар шундай “қўлма-қўл” бўлаётганлигини таъкидлайди.

- Бир куни мақола тайёрлаш мақсадида Қўқон шаҳридаги боғчалардан бирига бордим, - дейди журналист, - мени ёши катта аёл кутиб олди. У боғча ҳақидаги барча маълумотларни бергач, С опа, фамилиянгизни ҳам айтсангиз, десам, “Вой “документ” бўйича қизим боғча мудираси. Мен шунчаки иш ўргатиб юрибман. Қизимнинг исми фамилиясини ёза қолинг” деди ва сўзларини давом эттириб, “боғчани шу даражага келтиргунча она сутим оғзимдан келди, энди уни бировга қўшқўллаб тутқазаманми, дедимда, тепадагилар билан гаплашиб, қизимни “мудираликка” ёздириб қўя қолдим. Худога шукр, ҳали куч-қувватим бор, ўзим ишлаб туравераман", деди.

Нимага боғчалар мерос асосида онадан болага ўтаётганлигини ҳаммангиз яхши тушуниб турган бўлсангиз керак. Бу ҳақда ортиқча гапириб ўтирмайман-да, аслида педагогика психология йўналиши қайд этилган диплом талаб этиладиган бу лавозимга инглиз тили ўқитувчиси, яна аллақандай фанлар муаллими каби дипломга эга мутахассислар “эга” чиқаётганлиги ҳам ҳаммани ажаблантиради-да.

Кимдир бу лавозимни онасидан ёки қайнонасидан “мерос” қилиб олмаган тақдирда ҳам, унинг-да бир суянчиғи борлиги “эл оғзида” юради. Ўзбекистонда демократия, ўз ишини яхши биладиган, инсофли, диёнатли, яхши мутахассис шундоқ ҳам яхши лавозимга тайинланади, десангиз адашасиз. Боғча мудираларининг аксарияти ортида “юқори ташкилотларда меҳнат қиладиган” акахонлари турганлиги учунгина улар бу курсида эмин-эркин, бемалол ўтиришибди. (“Боғча опа”ларнинг аҳлоқи, билими, ўзини жамоат олдида тутиши алоҳида мавзу) Вилоят ОблОНОлари раҳбарлари ҳам “юқори”нинг буйруғига сўзсиз бўйсунади-да. Чунки у ҳам ..... қўрқади, оппоқ эмас.

Юқорида ёлғон гапириш гуноҳ дедим, лекин ўз кўзим билан кўрган, шундай “меросхўр” мудираларнинг кўпи билан гаплашган, уларни яқиндан таниган киши сифатида бу фикрларимни ёлғон дея олмайман. Гуноҳкор бўлишдан ҳаммамизни Аллоҳ асрасин.

Адолат ТОШКАНБОЙ қизи

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг