Эрдўған ва Путин ўртасида ўхшашлик борми?

Фарқ нимада?

Сурат манбаси, Getty

Сурат тагсўзи, Фарқ нимада?

Айримлар Россия учоғи уриб туширилиши ортидан Владимир Путин ва Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг бошқариш усуллари, ҳамда шахсий сифатларини солиштира бошлаганлар.

Афтидан, бу икки раҳбарнинг бир-бирига ўхшаш томонлари кўп.

Иккала раҳбар ҳам ўз мамлакатларини анчадан бери идора қилишмоқда.

Путин де-факто 1999 йилдан, Эрдўған эса 2003 йилдан бери қудратда.

Икковлон мамлакатни қаттиққўллик билан бошқаришади ва конституцияни сал четлаб ўтиб қудратда қолиш йўлларини яхши ўзлаштиришган.

Аммо ростдан ҳам бу икки раҳбарнинг тузумлари бир-бирига ўхшайдими?

Би-би-си айни масалада сиёсатшунос Андрей Кортунов, Андрей Окара ва Максим Шевченколарни суҳбатга чорлади.

АНДРЕЙ КОРТУНОВ, Россия халқаро масалалар кенгашининг бош директори: Ҳар кимни ҳар ким билан солиштириш мумкин, ҳеч қурса назарий жиҳатдан бунинг имкони бор. Путин ва Эрдўғанга келсак, эҳтимол қандайдир шахсий сифатлар ўхшашлиги ҳақида гапирса бўлар, балки улар бошқараётган давлатларнинг ўзига хосликлари ҳам эътиборга моликдир. Шахсий сифатларга келсак, рост, иккови бир-бирига ўхшайдиган томонларга эга. Мен уларни сиёсатда анчайин ёрқин, ўз миссияси ва ўз дунёқаришига эга раҳбарлар деб атаган бўлардим. Анчадан бери қудратни ушлаб туришибди. Тажрибали. Албатта, бу масалаларда улар бир-бирларига ўхшашади. Россия ва Туркия ўртасидаги ўхшаш томонларга келсак, бу ерда ҳам бир неча нуқталар бор. Аммо фарқлар анчайин яққол кўзга ташланади. Туркия НАТОга аъзо мамлакатдир. Россия эса Овросиёдаги қудратли давлат ва унинг геосиёсий мақсадлари тамоман бошқача… Фарқлар аслида имкониятлар билан боғлиқ, Эрдўған қанчалар халқ орасида машҳур бўлмасин, Туркияда мухолифат Россияга қараганда, анчайин кучлидир. Масалан, Туркияда яқинда кечган сайловларнинг натижалари аввалдан маълум эмас эди, умуман, Эрдўғаннинг партияси кўп овоз олишига кўпчилик шубҳа қилган эди. Эрдўғаннинг Туркия билан боғлиқ мақсадларидан бири Оврўпо Иттифоқига киришдир ва буни ҳеч ким ўзгартиргани йўқ. Оврўпонинг тараққиёт йўли Туркия учун муқобил бўлмаган бир йўлдир, ҳар ҳолда, ҳукумати учун бу айни ҳақиқат. Россияда эса вазият бошқача, айниқса сўнгги даврда мамлакатнинг ташқи сиёсатидаги устивор йўналишлар ўзгарди. Бу эса Туркия билан Россиянинг фарқлари қаторига киради.

Би-би-си: Россия Украинани ўз таъсир доирасида деб билади, Туркия эса Сурияга шундай қарайди...Бунда бир ўхшашлик борми?

АНДРЕЙ КОРТУНОВ: Қайсидир маънода, ҳа, бор бунда ўхшашлик. Чунки ўртада Курдистон муаммоси мавжуд. Курдлар Туркияда ҳам, Сурияда ҳам яшашади, шунинг учун курдлар давлатини дейлик Сурия ва ё Ироқда ташкил қилиш Туркия учун бошоғриқ деганидир. Айниқса, Туркиянинг курдлар кўп яшайдиган минтақаларида... Аммо фарқ шундаки, Украина қайсидир маънода тарихан фақат ва фақат Россиянинг таъсир доирасида эди, юмшоқроқ айтсак, асосан Россиянинг таъсири остида бўлди. Сурияга келсак…у ерда бир эмас, бир неча давлатнинг манфаатлари тўқнашди. Сурия нима бўлса ҳам араб давлати, туркларнинг давлати эмас... Шунинг учун ҳам Суриянинг Туркияга маданий, миллий ва ҳатто диний яқинлиги ҳам ўта чекланган. Россия ва Украина орасида эса бу яқинлик бор. Яна Украина мисолида ташқи мухолиф ўйинчилар йўқ, Сурияда эса Эрон бор ва у бу мамлакатга акалик қилиш даъвосида...

АНДРЕЙ ОКАРА, Шарқий Оврўпо давлатлари тадқиқот маркази директори: Иккала давлат раҳбарини авторитар бошқариш усулига мойиллик бирлаштиради. Иккаласи ҳам ўз идора усулини шахсий сифатларга уйғунлаштириб олган. Эрдўған ҳам, Путин ҳам доҳийликни исташади. Улар қайсидир томонлари билан Муссолинини ёдга солади. Айниқса уларнинг омма олдида чиқишларига назар солсангиз, жуда ҳам Муссолинига ўхшашади. Аммо ўзаро муҳим фарқлари бор. Россия сиёсий тузумида Путинга муқобил шахс йўқ ва уни ўзгартириб бўлмайди. Туркияда эса Ғарбга хос демократик анъаналар шаклланган. Масалан, ҳокимият алмашиши ана шу анъанага мос кечади… Биздаги каби, «меросхўр» борми ёки йўқми деган ўйинлар бўлмайди. Ёки «учинчи муддат» ва «Бош вазир билан ўрин алмашиш» каби ўйинларга жой йўқ. Бунақа ўйинлар Туркияда иш бермайди.

МАКСИМ ШЕВЧЕНКО, Дин ва сиёсат стратегик тадқиқот институти раҳбари: Туркия ва Россиядаги сиёсий тузумлар бир-бирига мутлақо ўхшамайди. Туркия федератив давлат эмас, бир томондан қарийб бир миллатли мамлакат, албатта курдлар ва араблар ҳам истиқомат қилишади у ерда... Россия эса федерация, бир неча минтақаларни ўз ичига олган, уларнинг ҳатто ўз конституциялари бор, шунинг учун ҳам икки давлатни тенглаштириб бўлмайди. Туркия йирик, қудратли бир мамлакатдир, бу мамлакат кўрфазларни назорат қилади, одамлари гўзал ва меҳнаткаш, албатта Россияда ҳам шундай… Россия ядро қуролига эга, бу қуролни ҳукумат назорат қилади… Туркияда эса ядро қуроли йўқ, аммо Инжирлик базасида бунақа қурол бор, фақат АҚШ назорати остида…Путин ва Эрдўғаннинг ўхшаш томонлари кўп, иккаласи ҳам кучли шахслар, мамлакатни йирик инқирозлардан олиб чиқолган арбоблар… Эрдўған ҳукуматга келганида Туркия улкан инқироз ичида эди, у мамлакатни оёққа турғазди ва тараққий топган замонавий давлатга айлантирди. Россияда бу даражада бўлмади, аммо Путин келган пайти мамлакат бўлиниш ёқасида эди. Бугун Россия ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган мамлакатдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio