“Дунё Сурияга ҳеч йиғламади...”

Сурат манбаси, AFP
Ўзбекистон ижтимоий тармоқларида Париждаги ҳужумлар қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Бегуноҳ инсонларнинг қурбон бўлиши қораланиши баробарида, Франция ҳукумати ва Charlie Hebdo нашрини ҳам айблаётганлар талайгина.
Ижтимоий тармоқларда қолдирилаётган изоҳларнинг аксарияти ўзини “Исломий давлат” деб атайдиган гуруҳни қоралайди.
Айримлар эндиликда Франция мусулмонларига яна ҳам қийинроқ бўлишидан афсусда эканини ёзишган.
Ижтимоий тармоқларда “Дунё Сурияга ҳеч йиғламади” деган шеър ҳам бўлашилмоқда.
Француз ўлди деб дунё йиғласа,
Сурия аҳволин ҳеч ўйламади.
Мусулмон жонини кофир қийнаса,
Дунё Сурияга ҳеч йиғламади.
Аслида миллионлаб, боллар аёллар,
Бугуноҳ аҳолин кўп ўйламади.
Француз томонга кетар хаёллар,
Дунё Сурияга ҳеч йиғламади.
Француз ўлди деб жар солаётган,
Бир бор Сурияни сўйлаганмидинг
Азобда қирилиб йўқ бўлаётган
Сурия аҳли деб йиғлаганмидинг?
Ким айбдор?

Facebook даги "News of Uzbekistan" гуруҳининг айрим фойдаланувчилари Париж ҳужумларида Франция ва АҚШ ҳукуматларини айблашган.
Charlie Hebdo нашри, айримларга кўра, Парижда рўй берган хунрезлик сабабидир.
Аброр Тўхтаевга кўра, Франция ҳукумати Яқин Шарққа “бурнини тиқмаслиги керак эди”.
Елена Воронина эса, “жуда қўрқинчли 150 нафар қурбон...булар фақатгина Франция ҳукумати Американинг кетини кўр-кўрона ялагани учун”, деб ҳисоблайди.
Бошқа бир фойданалувчи эса, “Сиз ИШИДни яратдингиз, энди мевасидан татиб кўринг” деб ёзади.
Лазиз Раҳимов ИШИД ғоясини танқид қилади. “Уларнинг Исломга мутлақо алоқаси йўқ. Уларни қуршаб олиш ва йўқ қилиш керак”.
Facebook да қатнашувчилардан бири Мусанниф Адҳам эса, Париж ҳужумларида ўлганлар сонини Ироқ ва Сурияда бир томондан ИД, бошқа томондан АҚШ, Франция, Британия ва Россия ҳаво ҳужумларида қурбон бўлаётганлар билан таққослайди. Унинг назарида, эндиликда яна мусулмонларга отилажак тошлар кўпаяди.
Мусулмонлар яна балогардон бўлишлари ҳақида фикрларни кўпчилик изҳор этган.
Ўзбекистон ижтимоий тармоқлари фойдаланувчилари орасида Франция халқига таъзия билдирганлар ҳам талайгина.
Улар орасида ҳозирга қадар энг машҳури, Президент Каримовнинг кенжа қизи, ЮНЕСКОдаги Ўзбекистон элчиси Лола Каримова – Тиллаевадир.
Instagram тармоғидаги ҳисобида Лола Каримова “Париж террористик ҳужумлари қурбонларининг оилаларига самимий ҳамдардлик изҳор қиламан”, деган изоҳ ва сурат қолдирган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype – bbcuzbekradio
http://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan/2015/11/151116_uzbek_statesman_children_social_tribune












