BBC га айтаман: ИД кимга хизмат қилади ёки чапани журналистдан мактуб

Сурат манбаси, AP
Жўрагинам, қаламингни қўй, анализ-панализингни ҳам йиғиштир, гапнинг пўсткалласини айтаман, эшит, кейин нима қилсанг, қилавер... Истасанг, эшитмаганга ол, истасанг қаламингни ҳам, чиройли планшету, ўзингга ўхшаган ақллиларнинг ақлли таҳлилларини кафтдаккина экранда липиллатиб, лоппиллатиб чиқариб турадиган ақлли телефонингни ҳам улоқтир, бу ишни, мухбирликни бошқа қилма, чунки фойдаси йўқ...
Энди бир ўйлаб кўр, бу исломийми, исломий эмасми, Даэшми ва ё Даюсми деган гуруҳ нимага бутун дунёни ларзага солмоқда?
Нимага газетинг ҳам, журналинг ҳам, радио, ТВ ва интернетинг ҳам эрта демай, кеч демай фақат шу бир тўда ҳақида қичқиради?
Қўрқитади? На юришингни биласан, на туришингни?!
Бу мана шу тўданинг шафқатсизлик акс этган видеолариданми?
Бунақа шафқатсизликни дунё кўрмадими?
Ҳамма шафқатсизлик ва ё даҳшатларнинг муаллифи шу бир ҳовуч динга бегона, ҳатто дин билан таҳлил қиладиган бўлсанг, нақд дўзахилар бўлиб қолдими?
Америкаликлар оппоқмиди? Россияликларнинг елкаларидан қанотлар ўсиб чиққанми? Ғарб эҳтимол боладай беғубордир?
Тарихни айтмайман, қўявер, тарихни, ҳар қайси миллат аслида ҳар қандай фарзанд каби, бурнини тортиб, “отамгила учун ман жавобгар эмасман, улар хато қилиб қўйганлар” деб икковимизни ҳам ўтирғизиб қўйиши мумкин...
Узоққа борма, Афғонга бор, Ироққа бор, Сурияга бор, Ливияга бор... Бир айланиб кел. Кейин ортингга қарамай қоч! Кейин таққослаб кўр, ана ўшандан кейин бу гуруҳни истаган номинг билан атайвер!
Ана энди аслида ким бу Даешми, Даюсми ва ё ...ишқилиб, шу гуруҳ кимга хизмат қилмоқда деган савол, буни энди ўзимиздан қидирамиз, шу Бухоро, Самарқанд, Тошкенту Душанбе тарафларидан...

Ўтган бир ҳафта ичида Ўзбекистон деган томонларда шу гуруҳга алоқадор деб ўнлаб киши ҳибсга олинди.
Энди, мустақилликнинг 25 йилига бир қарасанг, тепада ўтирганлар бегуноҳ одамларни қамоққа ташлаш бўйича рекорд ўрнатишган.
Нимага бегуноҳ дедим, биласанми, чунки мамлакатда сўз эркинлиги ва адолатли маҳкама бўлмас экан, ҳар қандай қамоққа отилаётган шахс мутлақ бегуноҳдир!
Журналист жўра, бир танангга ўйлаб кўргин, бунақа қама-қама билан ҳукумат нима қилмоқчи?
Мамлакатда демократия қуриб, мухолифатни четдан чақириб, озод сайлов ўтказиб, келинглар, мана ўрнимизни бўшатиб берайлик, навбат сизники экан, деб нафақага чиқмоқчими?
Гўллик ҳам эви билан экан, жўражон, ўзини исломий деб атаган гуруҳларнинг қўлтиғига сув пуркаётганлар қамоққа ташланган юзлаб бегуноҳ инсонлар эмас, буни биламиз, бу шўрлик адашгану адашмаганларни уч кун оёғини осмондан қилиб қўйиб қоқсанг ҳам бир чақа тушмайди чўнтагидан!
Аммо... кел, қўшни давлатларга ҳам ўтайлик, масалан, Тожикистонда... Президенти ҳам, ҳукумат вазирлари ҳам маза қивораяпти-ю!

Ислом Уйғониш партиясини ёпворди, раҳбарларини зоти зурриёди билан эринмасдан қамоққа тиқишга ҳаракат қилмоқда... Лекин тепадаги курсида “жаноби олий” яхшилаб ўрнашиб олган, ундан кейин эса у жойга зурриёдлари назар солиб қўйишган ва мақсад ҳам шу! Сулолалар Қозоғистондами, Ўзбекистонми ва ё Тожикистондами ўзгармаслиги керак!
Замонавий подшоҳлик тизими! Хўп, кимга раҳмат айтади тепадагилар? Қўйдеккина ювош халққами? Ёки уларни тинимсиз мадҳ этаётган минглаб шукроний қавмидан бўлмиш журналистларгами? Йўқ, албатта!
“Исломий давлат” деган сўқир гуруҳга раҳмат дейди! Яхшиям, пайдо бўлди бу гуруҳ дейди, ( ёки пайдо қилишди), халқ учун олабўжи тайёр, каллакесиш видеоалар оқими тўхтагани йўқ, Сурияни бомбалаб ётишибди, Афғонистонда биродаркушлик уруши давом этмоқда... бизда – Тожикистон ва Ўзбекистонда эса тинчлик! Шукр қилларинг! Очиқчасига айтади... Халқ нима қилади? Ёш авлод қаерга боради?
Интернетни титкилайди, сан ёзган қўрқинчли таҳлилларни ўқийди нари борса ва мана шунақа блогларнинг тагида изоҳ қолдиради! Изоҳларни ҳам айтиб берайми қанақа бўлишини!
Кел, шуни ҳам бошлаб берай, журналист жўра, мана битта қолип –
“Бизнинг ватанимизда тинчлик, Худога шукр, Сурияга бориб кўрийлар, Афғонни қаранглар, сизла ватан хоинисизлар, чет элга чиқволиб ватанни ёмонлийсизлар...”
Ёки сал бошқачаси - “Америка билан Ғарбга ишонмаслик керак, булар фитна чиқариб, бизни босиб олишмоқчи, шукр қилишмайди булар! Хоинлаааррр!”
Ана шунақа, дўстим журналист!
Дўстинг журналист (истеъфодаги)
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












