Ўзбек ёшларига жинсий тарбия қанчалар керак?
Яқинда "Маҳалла" марказий телеканалида турли ёшдаги вакиллар ўртасида ёшларнинг жинсий тарбиясига бағишланган муҳокама намойиш этилди.
Эфирга жонли равишда узатилган қизғин бу кўрсатувда маҳалла фаолларидан бўлган аёл "Демократик деб аталмиш мамлакатларда ёшлар билан боғлиқ бўлаётган ишлар биз, ўзбеклар учун, мутлақ қабул қилиб бўлмаслигини тушунишимиз керак. Биз энг юқори ва энг пок ахлоқий тамойилларга эгамиз. Шунинг учун ёшларимизга, айниқса қизларимизга сексуал таълимот беришга қаратилган ҳар қандай уринишларни биз таг-туги билан бартараф этишимиз шарт,"- деб айтди.

Сурат манбаси, sarvar azimov
Аҳлоқий бузуқлик
Фаол аёлнинг дабдабали нутқи Шўролар даврида "мамлакатимизда секс йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас" деган сўзларни эслатди.
Очиқ виртуал ҳудудлар даврида яшаётганимизда, жинсий ахлоқий масалаларга келганда, нима учун биз ёшларимизнинг ҳам кўзларини, ҳам оғзиларини ёпиб қўймоқчимиз? Балки «Маҳалла» телеканалида чиққан нотиқ рост гапни айтгандир? Яъни «ёшларимиз жинсий тарбия билан қизиқмайди ва қизиқишни ҳам истамайди» деган сўзларида жон бордир?
Жамиятда бор қарашларни кенг миқёсда ўрганиш учун ташкилотимиз авваламбор ёш ўзбек йигит ва қизларнинг фикрларини ўрганиша уринди. Одатда уларнинг номидан расмий матбуот ва телевидение гапиради. Сўров бўлажак ўқитувчилар, олий ўқув юртларининг талабалари, қишлоқ ёшлари ва янги шаклланган ижтимоий гуруҳ - меҳнат муҳожирлари ўртасида ўтказилди.
«Лекин амалда эса..."
Тадқиқотнинг таҳлилий жараёнида бир неча кутилмаган натижалар юзага келди.
1. Эҳтиёткорлик билан ёндашилган ушбу нозик масалага, кенг ўрнашиб олган стереотипларга қарамай, сўровда фаол қатнашиб, энг очиқ жавоб берганлар - айнан ўзбек қизлари бўлишган. Аксари олий ўқув юртлари (ОЎЮ) талабалари бўлган қизлар ўзбек халқига хос маданиятни тан олиб, бўлажак оилаларида замонавий андоза ва тамойилларга риоя қилишга интилишларини айтишди. "...бир кунмас бир кун фарзандим барибир бу ердан кетмоқчи бўлади, шунинг учун очиқ жамиятга бирор бир муаммо-ташвишсиз қўшилиб кетиши учун уни болалигидан тарбияламоқчиман..."

2. Талаба йигитлар эса кўпроқ консерватив ва анъанадор қарашларни билдиришган. Уларнинг фақат 10 фоизи сўров муҳимлигини тан олиб, жинсий тарбия масаласига бошқачароқ ёндашишга вақт келиб қолди, деб жавоб берганлар. Қолганлар эса, "бу каби масалалар аллақачон ҳал бўлган, бунга на давлат, на жамият аралашиши лозим", "...бу ўзбек оиласининг ичида ҳал бўлиши керак ва ҳамма нарса ҳал бўлиб бўлган", деган фикрда. Бу - талаба ва ўқувчиларнинг 90 фоизи жавобларидир.
3. Россия ва Ғарбда меҳнат муҳожирлигини бошидан ўтказаётганлар у ердаги ҳаёт тажрибаларидан келиб чиқиб, жинсий тарбия зарурияти масаласида кўпроқ либерал ва очиқроқ бўлади деган кенг тарқалган қарашларга қарамай, айнан мазкур қатлам ўз жавобларида энг қолоқ ва ашаддий ёндашувни намоён этган. Сўралганларнинг 65 фоизи "...бошимни қотирманглар, бошқа ишингиз йўқми.." "...бошида жинсий тарбия зарурияти ҳақида муҳокамалар бошланади, кейин эса бориб-бориб ҳар куни Россия/Қозоғистон/АҚШда гувоҳ бўлаётган айш-ишратга олиб боради-да..." - дейишган.
4. Жавоб берганларнинг барчаси, фикру қарашлари, дин-эътиқоди, ижтимоий мавқеъ ва жинсига қарамай, бу масаладаги бутун билимларини виртуал ҳудуддан олишларини айтишган. Консерватив қарашларга эга бўлган респондентларга "Интернетда бу масалада маълумотларни қидириш сиз айтган менталитет ва урф-одатларга қарши келмайдими?" деган савол қўйилди. Улар "интернетда фақат ёмон нарсаларга ўргатишмайди-ку, у ердан олмасам қаердан оламан? Бизда бу ҳақида гапирилмайди, гапирилганда ҳам фақат хаспўшлаб гапирилади" қабилида жавоб бердилар.

"Хотинга эркинлик берсанг... ё-да миллий менталитет хусусиятлари"
Сўров жараёнида эркакларнинг “аёл ва жинсий тарбия жамиятга мос бўлмаган тушунча” деган қарашлари янграган. «Уларга (аёлларга) секс соҳасида эркинлик берилса, эртаси куниёқ бутунлай назоратдан чиқиб кетишади» ва ҳоказо…
Ташкилотимиз бир неча йилдирки, Россияга кетган меҳнат муҳожирлари ва уларнинг ҳаётларининг турли жиҳатлари борасида статистик тадқиқот олиб боради. Тадқиқот рақамларига кўра, ёшларимиз янги шароитларда ўзларининг мутлақ лаёқатсизлигини кўрсатишади.
Мисоллардан бири - никоҳсиз туғилган болаларнинг сони ошиб кетаётгани. Бундай ҳолларда айниқса қишлоқ ёшлари ва талаба қизлар жинсий тарбиянинг асосларидан бехабар бўлганлари ва жамиятда бу ёпиқ мавзу деб қабул қилингани туфайли турли амалларга қўл уришлари кузатилади. Чақалоғини ташлаб кетиш ва ҳаттоки "бутун айб ўзимда" деб ишонган қизларнинг ўз жонига қасд қилишга уринишлари. Ички ишлар вазирлиги ходимларининг айтишларича, бу каби ҳолатлар кўпайиб бормоқда.

Сўров чоғида ахлоқий ва жинсий тарбия вазифасини давлат раҳбарлари маҳаллага юклаганлари боис, маҳалла фаолларидан бири аноним тарзда балоғат ёшига етмаган қизлар билан боғлиқ эрта никоҳлар ҳақида гапириб берди. Маҳалла йиғини вакилининг айтишича, 14-15 ёшдаги қизларни мажбуран эрга бераётган ота-оналар орасида тарбиявий суҳбат олиб борилади. «Қандай қилиб биз жинсий тарбия мавзусини кўтаришимиз мумкин? Сал гап очсак - миллий урф-одатларимиз ёш болаларимизга бу ҳақида гапиришимизга йўл қўймайди, - дейишади. Бироқ, узатаётган қизи ҳали ёш бола эканлигини наҳотки тушунишмаса? Демак урф-одатларимиз ва менталитетимиз бунга халақит бермайдими?»
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












