АҚШ суди Каримовага алоқаси бор кўрилган яна 300 миллион долларни музлатди

Сурат манбаси, Getty
Нью-Йорк жанубий округининг федерал суди пайшанба куни Ўзбекистон мобил алоқа бозоридаги коррупция терговига боғлиқ компанияларнинг 300 миллион долларини музлатиш бўйича ҳукм чиқарди.
Россиянинг Vimpelсom ва МТС мобил операторларидан олингани гумон қилинаётган пулларнинг музлатилишини АҚШ адлия вазирлиги сўраганди.
Vimpelсom Ўзбекистонда Билайн бренди остида амал қилади.
Музлатилаётган пуллар Bank of New York Mellon банкининг Ирландия, Люксембург ва Белгиядаги бўлимларида очилган ҳисобларда сақланган.
Бу пулларнинг бир қисми Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага алоқадор деб билинган Такилант Лимитед компаниясига тегишлидир.
Такилантнинг қоғоздаги эгаси - Каримова хонимнинг "ўнг қўли" экани ишонилган Гаянэ Авакян ҳозир Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтамоқда.
Терговчилар ишонишича, Vimpelсom ва МТС сохта компаниялар ва консалтинг хизматлари ҳақидаги қалбаки шартномалар тармоқлари орқали "Президент Ислом Каримовнинг яқин қариндоши"га поралар берганлар ва Ўзбекистон бозорига кирганлар.
Ўтган йил мартида Vimpelcom Limited компанияси ўзига қарши АҚШнинг қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси тергов очгани ва қатор ҳужжатларни талаб қилганини эълон қилганди.
Айни даврда Оврўпода ҳам жиноий иш очилганди: Голландия прокуратураси ходимлари Vimpelcomнинг Амстердамдаги қароргоҳига кириб, қатор ҳужжатларни мусодара қилганлар.
Мазкур ҳужжатлар Ўзбекистондаги фаолиятга боғлиқ эканини Vimpelcom хабар қилганди.
Каримова хоним аралашгани ишонилган "ўзбек иши" билан Швеция ва Швейцария ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам шуғулланишмоқда.
Швециядаги терговлар туфайли TeliaSonera мобил компаниясининг бош директори Ларс Нюберг аллақачон истеъфо берган.
МТС раҳбарияти айни дамда АҚШ суди қароридан хабардор эканини айтди, бироқ шарҳ беришдан тош тортди.
Vimpelcom маъмурияти эса аввалроқ тергов иши доирасида ҳукуматлар билан ҳамкорлик қилишда давом этишини айтганди.
АҚШ суди қарори билан музлатилаётган 300 миллион доллардан ташқари Швейцариянинг Lombard Odier банкида Каримова хонимга яқин шахсларга тегишли экани ишонилган Такилант ва Свисдорн каби ширкатлар ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилган.
Улардаги пул миқдори 1 миллиард долларга тенг экани айтилади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












