'Нафақат имло, умумий саводхонлигимиз пасайиб кетаяпти'

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Би-би-си "Ижтимоий минбар"ининг навбатдаги мавзуси Ўзбекистондаги саводхонликка бағишланди.

Шу кунларда Тошкент шаҳар ҳокими пойтахтда реклама ва эълонлардаги имло хатоларини тузатишга қаратилган қарор қабул қилган.

Бу қарорга, айтилишича, "лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги қонуннинг бузилаётгани" туртки берган.

Ушбу қарор ҳақида хабар Тошкент шаҳар ҳокимияти газетасида чоп этилган.

Истеҳзоли ери шуки, бу борада берилган мақола сарлавҳасининг ўзида хато мавжуд.

Бундан ташқари, ушбу газетанинг ўзида ҳам лотин алифбосида нашр этиладиган саҳифа йўқ.

Би-би-си эса муштарийларимиз муҳокамасига ушбу саволларни қўйди:

Ўзбек тилининг лотин алифбосига ўтганидан кейинги даврдаги саводхонлик ҳақида сизнинг фикрингиз қандай?

Имло билимига фақатгина лотин алифбосига ўтиш билан зарар етдими ёки кирилл алифбосида ёзаётганлар ўртасида ҳам бу иллат тобора кўпроқ кўзга ташланмоқдами?

Тўғри ёзиш маданиятини шакллантиришга асосан ким масъул бўлиши керак? Ҳар бир шахснинг ўзими, ота-онами ёки ўқитувчи?

Facebookдаги Shakhriyor Karshiyev ёзишича, ҳар бир мамлакатда аҳолининг турли қатламлари бор. Айниқса, ёшлар имло хатоларини маъқул кўради("your alone", "l8er", "u have?", "чëт нету", "че", "paz6rli yeri yo" ва ҳоказо) Гап шундаки, хато қилмай ёзишни маъқул кўрадиган аҳоли қатламини кенгайтириш керак. "Не "че" а "что"".

Хамдам Худайбердиев: Вазирликлардан бошланиши керак деб ўйлайман. Буйруқлар, шартномалар, ишга қабул қилиш шартлари ва ҳоказо..

Ташкентский Бродяга: Қон билан кирган жон билан чиқади. Ана, қозоқлар ҳатто клавиатурасини қозоқ харфлари билан қилдирган. Бизани қаеримиз кам??????((

Нурилло Маматходжаев: Одамлар бор тўғри намоз ўқишни билмайди, лекин ўзгаларни айбини истайди.

David Rogers: Ҳеч бўлмаганда аэропорт кириш ва чиқишларни қайд этувчи чегара хизмати бўлимидагилар саводли бўлганида ҳам бу даражада шармандалик чет элларгача тарқалмасди. Тошкентга келиб қўнгандан шаҳарга чиқиб кетганча чегарачи ва божхона ходимларининг саводсизлиги сабабли икки соат оёқда тик туришга тўғри келади. Чегарачилар компютерда битта бармоқ билан ишлашади. Ҳарфларни излаганини кўрсангиз энсангиз қотади. Шунча ишлаб тажрибаси ҳеч ошмайди. Божхоначилар эса рентген аппаратини бир умр тушунмайди. Сумкаларни албатта очиб титиб кўришади битта-битта. Рентген нима учун қўйилган ўзи? Тушунмасанг ишлатма! Шармандалик.

"Ўз кузатишларимдан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, айрим ота-оналар Россияга кетишган, аёллар тижорат билан шуғулланаяпти. Болалар эса бувилар ёки боболар ёки қўшнилар қўлида қолган. Бу болалар эса ўзича ўқишга масъулият ҳис қилмайди. Шунингдек, бу болалар мактабни аъло баҳоларда битирган акаси ёки опаси ҳатто далада иш топа олмаганини кўрганларидан кейин ўқишга қизиқмай қолганлар", дейди Би-би-си билан суҳбатда шоира ва журналист Шамсия.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK